Мақолалар

Улуғ йўлбошчи ёди

2017 йил 30 январь куни Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида дунё саҳнасига олиб чиққан буюк йўлбошчи, давлатимизнинг биринчи Президенти, марҳум Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг таваллуд топган куни муносабати билан Самарқанд шаҳрида хотира тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, вилоят ҳокимлиги, Самарқанд вилояти вакиллиги, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, жамоат бирлашмалари, таълим муассасалари каби бир қатор ташкилотлар вакиллари қатнашди.

Йиғилганлар дастлаб, Самарқанд шаҳридаги “Ҳазрати Хизр” мажмуида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишди. Қуръони карим тиловат қилинди. Сўнг раҳматли биринчи Президентимизнинг руҳини шод этиш мақсадида ташкил этилган эҳсон дастурхони ёзилди. Унда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари йиғилганларга Ислом Каримов ҳақида, у кишининг Ўзбекистон халқи учун қилган буюк хизматлари ҳақида сўзлаб, доимо бу сиймони ёд этиш, ортидан яхши дуолар қилиш, охиратини обод этишни Яратгандан сўраш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, муфтий ҳазратлари Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган: “Инсонларнинг яхшиси умри узун бўлиб, амали гўзал бўлганидир”, деган мазмундаги ҳадиси шарифни айтиб, раҳматли биринчи Президентимиз ҳам ҳаётлари давомида жуда кўп яхши ишларни қилганлари, ортларидан бугунги Ўзбекистондек озод ва обод юртни қолдириб кетганлари хусусида сўзладилар.

Муфтий ҳазратлари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан олиб борилаётган ишлар, хусусан, аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар барпо этиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини жадал олиб борилаётгани кенг халқ оммасини жуда ҳам мамнун этаётганини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, жойлардаги аҳоли билан дин пешволари учрашувларида бу нарса яққол намоён бўлаётгани ҳамда халқимиз муҳтарам Шавкат Мирзиёевдан рози эканини қўшимча қилдилар.

Эҳсон сўнггида қориламиз томонидан якунига етказилган хатми Қуръон дуоси қилинди. Биринчи Президентимизнинг қилган барча эзгу хизматлари савоби қабрларига нур ўлароқ ёғилиши, охиратлари обод бўлишини ҳамда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг олиб бораётган ишларига муфтий ҳазратлари улкан муваффақиятлар тилаб, дуои хайрлар қилдилар.

Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардаги меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда Ислом Каримов таваллуди куни муносабати билан хотира кечалари ўтказилиб, эҳсон берилди.

Жумладан, азим пойтахтимиздаги муҳташам “Наврўз” кошонасида ҳам марҳум Президентимиз ёдига бағишлаб, эҳсон дастурхони ёзилди. Унда ҳам қори йигитларимиз томонидан хатми Қуръонлар ўқилди, муфтий ҳазратлари томонидан марҳум Юртбошимиз ҳақига дуолар қилинди ҳамда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган истиқболли ислоҳотларга улкан зафарлар тиланди.

 Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанддаги “Имом Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби

6245 марта ўқилди

Мақолалар

Top