Мақолалар

Ўтмиш ва бугунимизга ибратли назар

Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин. Энг афзал саловат ва энг мукаммал саломлар саййидимиз Муҳаммад с.а.в га, у зотнинг оилаларига ва саҳобаларига ва уларга қиёматгача яхшилик билан эргашувчиларга бўлсин! Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, мустақиллигимиз шарофати билан халқимиз Қуръони каримдан ва суннати набавийдан истинбот қилиб олинган фиқҳий-шаръий аҳкомларни катта иштиёқ билан ўрганишга киришди. Бу биз учун буюк неъматдир.  Мустабид тузум даврида асрлар мобайнида аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолган, иймон-эътиқодимиз, миллий урф одатларимизни халқимиз онги ва шуъуридан сидириб ташлаш учун катта уринишлар бўлди. Аммо уларнинг буюк маданиятимиз, диний эътиқодимиз ва кенг дунёқарашимиз муқобилида таклиф этган маданиятлари жуда саёз, ҳеч нарсага арзимаслиги бугун яққол намоён бўлди. Чунки улар жорий қилган тузум қонунлари на бизнинг миллий урф одатларимиз, на диний эътиқодимиз, на маданиятимиз, маърифатимиз билан ҳисоблашмай,  ўзларининг чиркин маданиятларини етмиш йил мобайнида бизнинг ҳалқимиз онгига зўрлик билан талқин қилиб келишди. Миллатимиз қон-қонига сингиб кетган ислом ақидаси шўролар олиб келган ахлоқсизлик ва динсизликка асосланган тузум қонунлари исканжасида куйди. Олимларимиз, маърифатимизнинг буюк сиймолари уларнинг қўлларида шаҳид бўлдилар.  Халқимиз устида жорий қилган етмиш йиллик зулмкор, қосир қонунларининг аччиғини тотиб кўрдик. Истиқлолга эришганимиздан сўнг юртимиз мусулмонлари аждодларимиздан мерос бўлиб қолган исломий шаръий қонунларни ўрганишга киришдилар. Аждодларимиз азал-азаллардан муқаддас динимизнинг аҳкомларига амал қилиб келишган. Уларнинг илм-фан маданият ва маориф соҳасидаги тарихнинг барча даврларидаги эришган ютуқлари ислом шариати ва маданияти билан чамбарчас боғлиқ. Ислом шариатининг асосий бўлимларидан бўлмиш ислом ақидаси,  фиқҳи, ҳадис, тафсир соҳаларида ҳам юртимиз уламолари зафарли йўлларни босиб ўтганлар. Уларнинг мерослари бутун ер юзига водийларгаю, воҳаларга, тоғ чўққиларигаю, чуқурликларгача кенг сатҳ ёйди. Тарихнинг ҳар бир даврида уларнинг олтин меросларидан бутун ислом олами фойдаланиб келди ва бундан кейин ҳам фойдаланишади. Мустақилликка эришганимиздан сўнг конститутциямизда ва жорий қилинган барча қонунларимизда ҳалқимизнинг диний эътиқоди, миллий урф-одатлари, маданиятига тегишли қонунлар алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан ишлаб чиқилди.  Истиқлолдан сўнг юртимиздан яна буюк уламолар, дин пешволари етишиб чиқа бошладилар. Бир қанча тафсир, ақоид, фиқҳ ва ҳадис илмларига тегишли китоблар ўз она тилимизда ёзилиб халқимиз мусулмонларига тақдим қилинди. Жумладан, бобомиз Имом Бухорийнинг бутун дунёга машҳур асарлари “Жомеъ ас- саҳиҳ” асари тўлалигича шарҳлари билан ўзбек тилига таржима қилинди. Эй ватандош,  биз шундай буюк мукаммал шариат асослари,  аждодларимизнинг асрлар мобайнида тўплаган тажрибаларига таяниб ишлаб чиқилган қонунлар, миллий, диний урф одатларимизга йўғрилган низом асосида тинч- фаровон, эмин- эркин, осуда ҳаёт кечиряпмизки, бошқа четдан келадиган бузуқ эътиқодларга эргашиб кетишимиз, уларнинг беҳаёлик ва шаҳватлар ботқоғига ғарқ бўлган маданиятига тақлид қилишимиз, уларнинг мавжуд амалдаги қонунларини ўзимизникидан устун деб билишимизга ҳеч ҳам эҳтиёж йўқ. Бугунги кунда глобаллашув, интернет тармоқлари орқали мулоқотлар натижасида дунёнинг нариги тарафидаги маълумот оқими сонияларда бу чеккасига етиб келмоқда. Натижада ҳали онги, билими, савияси тўла шаклланмаган ёшларимиз кўз олдида уларнинг ахлоқсиз, тубан, бузуқ, эътиқод ва маданиятлари ўз аксини намоён қиляпти. Фарзандларимиз улар таклиф қилаётган бу рангин бўёқлар билан безатилган шайтоний ҳийлаларга ишониб уларга эргашиб кетишлари хавфи юзага келди. Биз ўтмиши ва келажаги буюк юрт фарзандларимиз. Ёт мамлакатлар, ёт халқлар, ёт маданиятларга ҳавас қилишимизга мутлақо эҳтиёж йўқ. Уларга эргашаётганлар, тақлид қилаётганларнинг ҳолати худди ўзи бой бўла туриб, гадодан садақа сўраган, кўзлари равшан бўла туриб сўқирдан йўл сўраган, дастурхони тўкин сочин бўла туриб, чақирилмаган  дастурхонга суқулиб кириб бегона жамоат билан ўтиришни орзу қилган кимсанинг ҳолига ўхшаб қолади.

Аллоҳ таоло Моида сурасининг 50-оятида  марҳамат қилади:

أَفَحُكْمَ الْجَاهِلِيَّةِ يَبْغُونَ وَمَنْ أَحْسَنُ مِنَ اللَّهِ حُكْمًا لِقَوْمٍ يُوقِنُونَ

Жоҳилият (даври) ҳукмини қўмсаяптиларми?! Чиндан ишонувчи кишилар учун Аллоҳдан кўра ким ҳукмда чиройлироқ экан?!         

Бўлди энди, ёмғирсиз булутлар, алдоқчи сароблар ортидан тилимизни осилтириб югурганимиз етар! Уларнинг ортларидан эргашиб эришганимиз қўйнимиз тўла пуч ёнғоқ бўлди, оқибатимиз бахтсизлик бўлди.

Росулуллоҳ с.а.в айтдилар: 

“Мўмин киши бир кавакдан икки марта ўзини илонга чақтирмайди” Етмиш йил қул бўлганимиз камми? Моддий маънавий бойликларимизни ёт каламушларга ем қилганимиз камми? Бас, етар, огоҳ бўлайлик, бирдам бўлайлик, аҳил бўлайлик. Бирор нарсада илмсизлигимиз ёки тажрибасизлигимиз туфайли иккилансак, албатта, ўша соҳанинг олими билан маслаҳатлашиб иш қилайлик, шунда ҳеч қачон ютқазмаймиз. Ҳазрат Али ра айтдилар: “Бир киши бор, яримта киши бор, ҳеч нарса йўқ. Бир киши шундайки, ўзида тўғри фикр, илм ва тажриба етарли, аммо, шундай бўлса ҳам ҳар бир ишини маслаҳатлашиб қилади. Яримта киши- ўзида тўғри фикр, илм ва тажриба етарли, аммо, ҳеч ким билан маслаҳатлашмайди. Ҳеч нарса эса- на ўзида илм, малака, тажриба бор, на биров билан маслаҳатлашади”.

 Бундай инсонлар аксар ҳолатда ҳаётда катта- катта хатоларга йўл қўйиб, адашиб, хор- зор бўлиб юришади. Шундайлардан бўлиб қолмайлик.

 Аллоҳим юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, халқимизни фаровон, икки дунё яхшиликларига муяссар айлагин!

 

Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби

Азимжон Алимжонов

5914 марта ўқилди

Мақолалар

Top