Мақолалар

Аллоҳ ва Унинг Расулидан 100 ўгит. 11-ўгит: Исроф қилманг!

 Аллоҳ ва Унинг Расулидан  100 ўгит

11-ўгит! Исроф қилманг!

Аллоҳ таоло шундай дейди: “..Еб ичинг ва исроф қилманг. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас”.  ( Аъроф сураси 31-оят)

“Албатта исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир”.  (Исро сураси, 27-оят)

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Исроф қилмаган ҳолингизда енглар, ичинглар, кийининглар, чунки Аллоҳ Ўз неъматларини бандаларида кўришни хоҳлайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Хулоса:

  1. Мусулмон киши ҳалол нарсаларни тўйгунича еб ичиши, маън қилинмаган нарсалардан эҳтиёж ва зарурат юзасидан бемалол фойдаланиши мумкин.
  2. Еб ичишда ёки эҳтиёж учун фойдаланишда ҳаддан ошмаслик керак.
  3. Аллоҳ исроф қилувчиларни, ҳаддан ошувчиларни яхши кўрмайди. Яхши кўрмайди дегани бу ёқтирмайди, яъни, шу амалдан ҳам, ушбу амални қилган кишидан ҳам рози бўлмайди деганидир.
  4. Исрофгарлар шайтоннинг дўстларидир. Шайтон эса Аллоҳ таолога осий бўлгандир. Шайтон мўминларнинг энг катта душманидир.
  5. Исроф қилувчи шайтонни хурсанд қилади. Аллоҳ таолони норози қилади.
  6. Исроф фақатгина еб ичишда эмас, балки киши ҳаётида дуч келадиган барча амалларда бўлиши мумкин.
  7. Аллоҳ бандага қайси бир неъматни берган бўлса, мана шу неъматининг асорати банданинг ҳаётида кўриниб туришлигини истайди.

Аллоҳ таоло бизларни исроф қилувчи кишилар қаторига тушиб қолишдан асрасин. Гуноҳлар билан умримизни исроф қилиб юборишимиздан сақласин. Бизга берган иймон, ақл, идрок, илм ва фаросат каби неъматларининг асорати ҳаётимизнинг барча бўлакларида кўриниб турсин!

 

Олмазор туманидаги

“Мевазор” масжиди имом ноиби:

Ёрбек Исломов

2272 марта ўқилди

Мақолалар

Top