Мақолалар

Амал ва иймон ҳақидаги баҳслар таҳлили

Уламолар лафзий ихтилоф қилинган масалаларни муолажа қилишга ва уларнинг натижаларини батафсил ёритишга доимо ҳаракат қилиб келганлар. Ана шундай лафзий ихтилоф қилинган масалалардан бири амал ва имон масаласидир. 
 
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Амал иймондан эмас” деган.  Шофеъий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳлар эса: “Амал иймондандир” дейишган. 

Уламолар мана шу масалани муолажа қилиб, ўртадаги ихтилофни лафзий деганлар. Чунки Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўз даврларидаги умумий вазият эътиборидан амал иймоннинг аслидан (яъни, шартидан) эмас, балки комиллигидан деган маънога урғу берган. Яъни имон амалсиз ҳам мавжуд ҳисобланади, аммо комил ҳисобланмайди, деган.

Қолган фуқаҳолар ҳам ўз даврларидаги умумий вазият эътиборидан амал иймоннинг комиллигидан эмас, балки аслидан яъни (шартидан) деган маънога урғу берганлар. Яъни имон комил бўлиши учун албатта, амал бўлиши лозим, агар амал бўлмаса, имон асло комил бўлмайди, деганлар.

Икки тарафнинг гапларини ҳам синчиклаб ўрганган киши уларнинг гаплари ҳар хил бўлса-да аслида, бир хил маънони айтаётганларини қийналмасдан тушунади.
Лекин шу ўринда ҳақли бир савол туғилади, нега ҳар бир тараф нариги тарафнинг ҳам иборасини айтиб қўймасдан ўзининг гапида қаттиқ туриб олган?

Яъни, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бошқа фуқаҳоларга ўхшаб “Амал иймондандир” деб қўйсалар бўларди-ку? Фаразан у зотга: “Шунақа деб айтинг, барибир маъноси бир-ку” дейилганда у зот албатта: “Йўқ, айнан мен айтгандек айтишимиз керак” деган бўлар эдилар. Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, умумий вазият айнан шундай ибора билан айтишни, шу маънога урғу беришни тақозо қилиб турган эди. Яъни, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ яшаган давр хаворижларнинг мавқелари юқорилаган пайт бўлган. У зот Бани Умайя ҳукмронлик қилган даврнинг охири ва Аббосийлар давлатининг бошланиш даврида ҳаёт кечирганлар. 

Бани Умайя даври хаворижилар энг кучга кирган давр бўлган. Бундан кўринадики, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ уларнинг эътиқоди мусулмон жамиятига ёйилиб кетишидан хавотир олгани учун ушбу масалани мазкур сўзлар билан ифодалаш керак деган. Чунки амал қилмаган одамларни кофирга чиқариш хаворижларнинг асосий қоидаларидан бўлган. Хаворижлар ушбу қоидаларини илк бор Али розияллоҳу анҳуга нисбатан ишлатиб, у зотни кофирликда айблаганлар. Яъни,  “таҳким”ни қабул қилгани учун у зотни куфр нисбатини беришган. Кейинчалик худди шу ишни Муовия розияллоҳу анҳуга ҳам қўллаганлар. Улар ўзларининг бу иддоларига “Ҳукм фақат Аллоҳнинг Ўзига хосдир” маъносидаги оятни ҳужжат қилишган ва шу ҳужжатларига биноан  амал қилмаган одамларни кофирга чиқарганлар. Улар бу ишда шу даражада ғулувга кетганларки, ҳатто катта ва кичик гуноҳ қилган одамларни ҳам кофирга чиқаришга бориб етганлар. Натижада хаворижларнинг ушбу ғулувлари мусулмон жамияти учун ўта хатарли тус олган. Чунки бундай ақидадаги кимсалар  ҳеч тап тортмасдан мусулмонларни кофирга чиқара бошлаган эдилар. 

Уларнинг ҳолатларини мулоҳаза қилган уламолар: “Агар 6,7 хаворижни бир жойга йиғиб ўз ҳолига ташлаб қўйсангиз улар ўша жойдан бир-бирларини кофирга чиқариб тарқалишлари аниқ” деган хулосага келганлар. Чунки хаворижлар бир йўналишда бўла туриб ва бир масжидда ибодат қилиб туриб ҳам ушбу услубларини қўллаганлар. Шунинг учун тарихга назар солсангиз улар аввал бошда бир фирқа бўлиб, кейин ўзаро бир бирларини кофирга чиқарганлари натижасида бир нечта фирқаларга бўлиниб кетишганини кўрасиз.
Хаворижларнинг мана шу ғулувдан иборат қарашлари афсуски, ҳозирги кунимизгача етиб келмоқда. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ хаворижларнинг ушбу эътиқодларидан келиб чиқадиган хатарнинг олдини олиш ҳамда мусулмонларни ўзаро бир-бирларини куфрда айблаб қатл қилишларидан қайтариш мақсадида амал иймондан эмас деган гапларида қаттиқ туриб олган.

Демак, амал иймондандир деган гапнинг тафсилотини ва ундан қайси маъно назарда тутилганини аслида авом халқ билмайдилар. Зеро авомнинг одати фақат гапнинг сарлавҳасини қаттиқ ушлаб экани кўпчиликка сир эмас.

Энди Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ сингари амал иймондандир деган фуқаҳоларнинг нима учун бундай деганларин

и синчиклаб ўрганадиган бўлсак, қуйидаги маъноларни билиб оламиз: Бу муҳтарам зотлар умавийлар ҳукмронлик қилган даврда яшаганлар ва уларни бу масалага қарашлари ўзгача бўлган. Яъни улар бу даврда қўзғалган муржиа фирқасининг жамиятга бўлган хатарини кўриб, уларга қарши ўз илмий фаолиятларини олиб борганлар. Муржиалар иймонга ҳеч бир гуноҳ зарари бермайди деб эътиқод қилишган. Яъни киши модомики мўъмин экан, бирон бир гуноҳ унга асло таъсир қилмайди, деб эътиқод қилишган. Гуноҳи кабира, яъни зино, ароқхўрлик, ноҳақ одам ўлдириш каби гуноҳларни қилган одам билан уни қилмаган одамнинг фарқи фақатгина жаннатдаги даражада бўлади деб ҳисоблашган. Шу билан мўмин киши агарки улкан гуноҳ содир этган бўлса ҳам жаҳаннамга кирмайди, деб эътиқод қилганлар. Бундай дейиш динни ва унинг мукаллафларга бўлган буйруқ ва қайтариқларини яъни, динда белгиланган ҳалол-ҳаромни ва шаръий нассларни инкор қилиш бўлиб қолади.  Бу бузуқ эътиқоднинг хатарини ҳис қилган уламолар амал иймондандир яъни унинг камолидан ёки аслидан деб ўз гапларига тафсилот бермасдан қаттиқ туриб олганлар.

Хулоса шуки, биз ушбу масалада у ёки бу фуқаҳолар ўз гапларида хато қилганлар деб айтолмаймиз. Чунки ҳар бир тараф айтган гапида масалага ўзига хос жиҳатдан ёндашган. Шунинг учун ҳам масаланинг тафсилотига ва тарихига назар солинса ҳар икки тарафнинг гапи ҳам ҳақ бўлиб чиқади.

Ҳозирги кунда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг гапларининг зоҳирий маъносини маҳкам ушлаб олиб, у зотни муржиалардан деб айблашни ўзига эп кўрадиган айрим салафийлик даъвосидаги кимсалар учрайди. 

Аслида тарихга назар солинадиган бўлса, у зотга нисбатан бундай айбни мўътазилалар ва хаворижлар тўнкаганлар. Шунда беихтиёр уламолармизнинг: “Ҳозирда мўътазилийман деган одам қолмаган, лекин уларнинг айрим хато эътиқодлари сақланиб қолган”, деган гаплари нақадар ҳақ эканига яна бир карра амин бўламиз…   

Рустам ОХУНЖОНОВ

Абу Сано Маҳмуд ибн Зайд Ломиший Ҳанафий Мотуридийнинг “Тамҳид ли қоваидит-тавҳид” ҳамда Абдулмалик ибн Абдурроҳман Ассаъдийнинг “Шарҳул Ақоидин-насафия” асарлари асосида тайёрланди.

Манба: https://azon.uz

2763 марта ўқилди

Мақолалар

Top