Мақолалар

Абу Мансур Мотуридий ҳаёти нима учун кам ўрганилган?

Кўплаб мўътабар табақот китобларида Абу Мансур  Мотуридий ҳақида батафсил маълумот камлигини уламолар афсус билан тилга оладилар. Бу ҳақда шайх Балқосим Ғолий “Абу Мансур Мотуридий ҳаётуҳу ва ароуҳул ақодия” (Абу Мансур Мотуридийнинг ҳаёти ва эътиқодий қарашлари) асарида қуйидагиларни ёзган:

“Ҳижрий III асрнинг охири ва IV асрнинг бошларида шариатни четга қўйиб, ақлни асосий мезон қилиб олган мўътазила фирқаси пайдо бўлди. Улар эътиқодий масалаларда жумҳур уламоларнинг тутган йўлларига қарши чиқишди ва жаннатда Аллоҳ таолони кўриш, қабр азобининг ҳақлиги каби масалаларда аҳли сунна эътиқодини инкор қилишди. Ҳатто Аллоҳ таолонинг каломи Қуръонни махлуқ деб одамлар орасида бидъат эътиқодни ёйишди. Ақлга суяниб саҳиҳ ҳадисларни инкор қилишди ва Қуръон оятларини ботил таъвиллар билан таъвил қилишди. Уларнинг бу бузуқ эътиқоди авом халқ орасида тарқалди. Мана шундай таҳликали ҳолатда Ислом олами уларнинг ақлий далилларига раддия берадиган, мусулмонларни ботил эътиқодга ўтиб кетишларидан нақлий ва ақлий далиллар билан қайтарадиган кучли олимга муҳтож эди. Аллоҳнинг иродаси билан бу шараф Имом Мотуридийга насиб этди. Қиёматга қадар дунёга келадиган барча мусулмонлар у зотнинг ҳақларига дуо қилишлари лозим. Чунки Имом Мотуридий мўътазилийларга ҳам ақлий, ҳам нақлий раддия бериб, бу ботил эътиқод ёйилиб кетишининг олди олинишига сабабчи бўлди. Минг афсуски тарих китобларида бутун Ислом уммати улуғласа арзийдиган бу зотнинг таржимаи ҳоли батафсил ёритилмаган. Хулоса қилиб айтганда, ўз даврида адашган оқимларга раддиялар бериб, уларнинг хатоларини баён қилган ва мусулмонларга беқиёс хизмат қилган Имом Мотуридийнинг ҳаётини кенг ёритиб бермаган тарих бу буюк зот олдида қарздордир”.  

Аҳли сунна вал жамоанинг имоми саналадиган бу зотнинг ҳаёти ва фаолияти машҳур табақот китобларида ёритилмасдан қолгани ёки ёритилганларида ҳам маълумотлар жуда камлиги ҳақида кўплаб сабаблар айтилган. Бу борада Доктор Балқосим Ғолий қуйидаги тўртта сабабни баён қилади:

  1. “Имом Мотуридийнинг Аббосийлар давлати маркази Бағдоддан узоқда бўлгани;
  2. Абул Ҳасан Ашъарий Бағдодда фаолият олиб боргани ва ўша ерда вафот этгани сабабли Аббосий халифалар томонидан ашъария таълимоти қўллаб-қувватлангани;
  3. Моликия ва шофеъийя мазҳаблари вакилларининг ашъария мадрасасини ёйилишига ҳисса қўшганлари ва мотуридия мазҳаби эса фақат битта ҳанафия мазҳаби билан ёлғизланиб қолгани;
  4. Пойтахт Бағдодда ва унга яқин ҳудудларда олимларни топиш ва улардан дарс олиш қулай бўлган. Бу олимлар эса асосан ашъария мазҳаби олимлари бўлганлари”.

Мазкур сабабларнинг энг асосийси Абу Мансур Мотуридийнинг ўша пайтдаги Аббосийлар давлатининг пойтахти, илм-фан маркази бўлган Бағдоддан узоқда, Бағдод билан ўртадаги алоқаси яхши бўлмаган Сомонийлар давлатида яшагани ҳисобланади.

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом

институти ўқитувчиси

2186 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top