Мақолалар

Дунё мамлакатлари турли тақвимларда йил, ой, кун ҳисобини юритади. Энг кенг тарқалгани – милодий деб аталадиган Григориан тақвими. Хитой тақвими, КХДР тақвими, Исроилнинг ҳам бир неча минг йиллик тақвими ва ҳакозолар. Ислом мамлакатларида ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий (милодий тақвим муқобили) тақвимлар мавжуд.

Маълумот ўрнида, кўплаб ислом мамлакатларида амал қилинадиган ҳижрий-қамарий тақвим ойнинг фалакдаги ҳаракатига асосланади. Ҳилол (янги ой) кўрингандан кейинги кун янги ойнинг биринчи куни ҳисобланади. Ҳижрий-қамарий ойлар 29 ёки 30 кун бўлади. Шу сабабли ҳижрий-қамарий йил 354-355 кун бўлиб, милодий йилдан 10-11 кун кам бўлади.

Ҳижрий-қамарий тақвимнинг биринчи куни Муҳаррам ойининг биринчи кунидан бошланади. Ҳижрий-қамарий йил бўйича ойлар тартиби қуйидагичадир: Муҳаррам, Сафар, Рабиул аввал, Рабиул охир, Жумодул аввал, Жумодул охира, Ражаб, Шаъбон, Рамазон, Шаввол, Зулқаъда, Зулҳижжа.

Ойнинг чиқишига қараб, 2020 йил 20 август куни ҳижрий-қамарий тақвим бўйича 1442 йил кириб келди. Муҳаррам ойи янги йилнинг биринчи ойи ҳисобланади.

Умуман, ислом мамлакатларида қўлланиб келинадиган тақвим – ҳижрий-қамарий тақвимга қачон асос солинган? Ундаги ойлар ҳисоби қандай юритилади?

Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволлар билан Тошкент шаҳридаги «Бодомзор» жоме масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ Термизийга мурожаат қилди.

— Аллоҳ таоло бутун борлиқни, жумладан инсониятни ҳам тартиб билан яратган. Сабаби, яратилиш жараёнларининг вақт билан ўлчанганидир. Яъни, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда оламни неча кунда яратганининг хабарини беради. Албатта, у кунларнинг биз истиқомат қилиб турган кунимиздан фарқи бўлса-да, вақти тайин қилингандир.

Аллоҳ субҳанаҳу таоло Тавба сурасининг 36-оятида бутун борлиқни яратганида ўзининг ҳузурида ойларни 12та қилиб белгилаганини эълон қилади. Бу ойлар бандага ёрдамчи бўлиб, умрини, вақтини, ишларини режалаштиришда, ҳисоблашда лозимдир. Ҳаётнинг қадрига етади. Шу боис, инсоният йилларнинг ҳисоб-китобга ҳар доим муҳтож бўлган.

Шу боис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Ислом тақвимини жорий қилишга маслаҳат қилишган ва катта келишув бўлган. Бунда ҳазрати Али розиаллоҳу анҳунинг таклифини кўпчилик маъқуллаган. Таклифлар орасида Пайғамбарнинг таваллуди, ваҳий нозил бўлган саналар биринчи йил сифатида олинишига доир таклифлар ҳам бўлган.

Маълумот ўрнида: Ҳижрий-қамарий тақвимдан фойдаланишга иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу даврида, яъни 16-ҳижрий йилнинг Рабиул аввал ойида қарор қилинган ва келгуси 1-Муҳаррам 17-ҳижрий йилнинг боши деб ҳисобланган. Ҳижрий-қамарий йилнинг бошланишига Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилган саналари асос қилиб олинган. Бу милодий 622 йилга тўғри келади. «Ҳижрий» деган сўз «ҳижрат (кўчиш)га тегишли», «қамарий» эса «ойга тегишли» деган маънони билдиради.

Ҳижрий-қамарий тақвимдаги 4 ой нима учун ҳаром ойлар дейилади?

— Юқоридаги оятда 12 ойдан 4таси ҳаром ойлар экани айтилади. Булар – Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Муҳаррам ойларидир.

Ҳаром дейилишининг сабаби – бу ойларда уруш қилиш мумкин эмас, тақиқланган. Бу тартиб Исломдан аввал ҳам жорий бўлган, араблар жоҳилият даврида ҳам унга риоя қилиб келган. Ҳатто, бу ойда отасининг қотилини кўришса ҳам, ундан қасос олмаган, урушаётган қабилалар қуролларини қўйишган.

Аслида, мана шу 4 ойда урушнинг ҳаром қилиниши инсон жамиятининг тинчликка муҳтожлигини кўрсатади.

Ҳозирги вақтда ҳаром ойлар ҳурмати қандай жойига қўйилади?

— Маълум бир кунлар, маълум бир ҳудудлар бор. Ўша вақтда, ўша жойларда тақиқланган ишларни қилиб бўлмайди. Махсус кийим бор – эҳром – ҳаром қилинган либосга кирган кишига ҳам айрим ишлар ман қилинади. Умуман, маълум бир ҳудудда, вақтда, либосда маълум бир ишларни қилмаслигида инсоннинг ўзини назорат қилишига доир андоза кўрамиз. Ҳаром ойларнинг энг катта фойдаси мана шу, инсонга ўзини назорат қилишни, тўхташни ўргатади.

Бугунги кундаги тинч ҳаётимизда ҳам ҳаром ойларнинг фойдасини ўз шахсиятимизда, айрим ишлардан тўхташимизда, тийилишимизда кўрамиз.

Рамазон ойида инсон ўзини кўпгина нарсалардан тияди. Афсуски, орзу-ҳаваснинг кетидан инсон қул бўлиб қувмоқдаки, на ҳаром ойлар, на ҳарам ҳудудлар ёки эҳромга кирган ҳолатида ҳам ўзининг ва ўзганинг жонини биринчи ўринга қўймаяпти. Уни дунёнинг муҳаббати, ғаразли мақсади эгаллаб олаётгани мусибатдир.

Муҳаррам ойи – муҳтарам ой

— Муҳаррам ойи – ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, у ҳаром ой бўлишидан ташқари, халқ тилида унинг ўнинчи кунига ишора қилиниб, Ашуро ойи ҳам дейилади.

Ашуро куни ёки бу ой тарихи Ислом динининг аввалги даврларига бориб тақалса-да, лекин замонамизда ҳам Ашуро қиладиган, уни байрам қиладиган давлатлар бир қанча. Жумладан, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Бангладеш каби давлатларда ҳозирги кунда ҳам таътил берилади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида бу кунда рўза тутиш, оиласига кенгчилик қилиш тавсия этилади. Шиа мазҳабидагилар бу кун ва шу ойни деярли тўлиқ таъзияда ўтказишлари маълум.

Демак, бу кунда рўза тутиш бизнинг мазҳабимизда муҳим ҳисобланади. Имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ»ларида, Абдуллоҳ ибн Аббос розиаллоҳу анҳудан келтирадилар:

«Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом Мадинага ҳижрат қилганларида бу ерда истиқомат қилувчи Бани Исроилнинг рўза тутаётганини, хурсандчилик қилаётганларини кўрдилар-да, улардан сўрадилар: бу қандай кун? Улар айтдиларки, Аллоҳ Мусога қавми билан бирга Фиръавн зулмидан нажот берган кун. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», – дедилар-да, ўзлари ҳам рўза тутиб, саҳобаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.

Албатта, бу Рамазон ойи рўзаси ҳали фарз қилинмаган вақтда бўлган. Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи йилида фарз қилинган, шундан сўнг Ашуро кунида рўза тутиш ихтиёрий бўлди. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинада қанча вақт турган бўлсалар, яъни 9 йил Ашуро куни рўзасини тутганлар, охирги йили келаси йили Ашуро кунига яна бир кун қўшиб рўза тутишларини айтганлар, аммо бу насиб этмаган.

Шунга биноан, уламолар наздида, Рамазон ойидан кейин Муҳаррам ойининг 9-10-кунлари рўзасини тутиш мустаҳам амал ҳисобланади.

Ашуро кунидаги кенгчилик қандай бўлиши керак?

— Аслида Ашуро куни аҳли оиласига кенгчилик қилиш ҳақидаги ҳадислар заиф йўллар билан ривоят қилинган бўлса-да, бу каби ҳадислар кўплиги, ҳадис илми қоидаларига кўра, уларни заифдан ҳасан даражасигача олиб чиқади.

Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисни ҳам эслаб ўтиш жоиз. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ашуро кунининг рўзаси ўтган ва келгуси йил гуноҳларига каффорот бўлади, деб умид қиламан», – деганлар. Албатта, бунда кабийр (катта) гуноҳлар эмас, сағийро (кичик) гуноҳлар ҳақида сўз кетмоқда. Чунки гуноҳи кабираларга алоҳида тавба ҳам лозим.

Ашуро кунининг яна бир хислати – бу кунда аҳли аёли, фарзандларига кенгчилик қилиш, кийим-кечак, уйга жиҳозлар олиб бериш, уларни хурсанд қилиш ҳам киради. Тўрт мазҳаб уламолари оиласига рўзғор қилиб беришни мустаҳаб деганлар ва бир қанча далилларни келтирадилар. Жумладан, ҳазрати Абдуллоҳдан қилинган ривоятларни келтирадилар:

«Ашуро куни ким оила аҳлига рўзғорини кенг қилиб берса, Аллоҳ таоло йилнинг қолган қисмида унга кенгчилик беради», – деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам.

Катта саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ розиаллоҳу анҳу, мана шу ҳадисга мувофиқ, Ашуро куни оиласига кенгчилик қилишни тажриба қилиб кўрганликларини айтганлар. Суфён ибн Уяйна 40-50 йил тажриба қилганларини айтадилар.

Ашуро куни рўзасининг қазоси йўқ

— Абдуллоҳ ибн Аббос, имоми Зуҳрий, Абу Исҳоқ Сабиийлар, мусофирчиликда ҳам Ашуро куни рўзасини тутганликлари ривоят қилинади. Аслида сафарда Рамазон рўзасини қазо қилишга рухсат бор. Улардан бунинг сабабини сўрашганида, Рамазон рўзасининг қазосини тутиш мумкин, аммо Ашуро куни рўзасининг қазоси йўқ, шу боис бу куннинг фазилатидан истифода қилиш мақсадида сафарда тўғри келиб қолса, унинг рўзасини тутамиз, деб жавоб берганлар.

Сарфланган динорларнинг энг афзали

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: «Бир динор бор, Аллоҳ йўлида уни нафақа қиласан; бир динор бор, қул озод қилишга садақа қиласан; бир динорни мискинга берасан; ва яна бир динор борки, аҳлингга сарфлайсан. Уларнинг ичида энг савоби улуғи – аҳли аёлингга қилган нафақангдир», – деганлар.

Шунга биноан, бу кунда оиламизга кенгчилик қилсак, фарзандларимизга хурсандчилик ато қилсак, Аллоҳ ихлосимизга яраша келгуси йилда барча ишимизга барака бериб қўяди.

Ашуро кунида махсус ибодат ёки дуо йўқ

— Шариатнинг ҳурмати барча нарсадан устун туради. Муҳаррам ойи ва Ашуро кунига доир юқоридаги 2та тавсияни қамраб олсак кифоя. 10 ёки 100 ракат намоз ўқиш, ҳар ракатда 10 марта Ихлос сурасини ўқиш, кўзга сурма қўйиш керак экан, деган гаплар йўқ ва буларнинг барчаси бидъат-хурофотлар ҳисобланади.

 

kun.uz

2696 марта ўқилди

Мақолалар

Top