Мақолалар

Янги йилнинг илк ойида нималар қилиш керак?

Бугун, милодий 20 август куни Муҳаррам ойининг биринчи санаси бўлиб, ҳижрий-қамарий ҳисобдаги янги йил – 1442 йил бошланади. Одатда бу муносабат билан мусулмонлар бир-бирларини табриклашади.  

Луғатда “муҳаррам” сўзи ҳурматланган, ҳаром қилинган, улуғланган маъноларини англатади. Демак, Муҳаррам ҳурматли ой экан.  

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг” (Тавба сураси, 36-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни шарҳлаб: “Бу тўрт ой – Зул қаъда, Зул ҳижжа, Муҳаррам  ва Ражабдир...” деганлар (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти). 

 Шу боис ушбу ойларида мўмин-мусулмонлар бир-бирларини ва бошқа дин вакилларини ранжитиб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлишлари зарур. Унинг ўрнига бу ойда ҳар кимнинг ҳурматига риоя қилиши лозим.

Дарҳақиқат, муҳаррам ойи Рамазондан кейинги мартабада туради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, дедилар. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.  

Муҳаррам ойида энг улуғ кунлардан бири – Ашуро куни бор. У араб тилида “Ашур” – “ўнинчи” деган маънони билдиради. Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ “Танбиҳул ғофилин” номли китобларида Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтадилар: «Ашуро куни Одам алайҳиссаломнинг тавбалари қабул қилинган, Нуҳ алайҳиссалом кемадан тушиб, бунинг шукронасига рўза тутган, Фиръавн ғарқ этилиб, Бани Исроилга денгиз ёрилган ва шунинг учун улар рўза тутган кундир. Сен ҳам ўша куни рўза тутишга қодир бўлсанг, албатта тутгин».

Демак, шу куни инсоният тарихида жуда кўп муҳим воқеалар содир бўлган экан. Унинг шукронасига ўша куни ўтган пайғамбарлар ва уларнинг қавми рўза тутишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳивасаллам Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўриб: «Нима бу? (яъни, нима учун рўза тутяпсиз?)», дедилар. Улар: «Бу яхши кундир. Бу кунда Аллоҳ таоло Бани Исроилга душманларидан нажот берган. Шунинг учун Мусо рўза тутган», деб жавоб беришди. Шунда у зот: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман»,  дедилар ва шу куни рўза тутдилар ҳамда бошқаларни ҳам рўза тутишга буюрдилар (Имом Бухорий ривоят қилган). Демак, айни шу куни мусулмонлар ҳам рўза тутиши лозим.

Яна бир ҳадиси шарифда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро куни рўза тутинглар ва унда яҳудийларга хилоф қилинглар. Ундан олдин бир кун ёки ундан кейин бир кун рўза тутинглар», ­ дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган). Шунга кўра, уламолар Ашуро кунининг рўзасига ундан олдин ёки ундан кейин яна бир кунни қўшиб рўза тутиш мустаҳабдир, дейишган.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳивасаллам: «Ашуро кунининг рўзасини олдинги йил (гуноҳлари)га каффорат бўлишини Аллоҳ таолодан умид қиламан», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган). Бундай улкан савоб Аллоҳ таолонинг фазли-раҳматидир.

Уламолар беш вақт ва жума намози, рамазон рўзаси ва фазилатли кунлардаги рўзалар каби ибодатлар аввал кичик гуноҳларга каффорат бўлади, кейин эса катта гуноҳларни ҳам ювади, сўнгра банданинг даражаси кўтарилишига сабаб бўлади, деганлар.

Демак, улуғ муҳаррам ойида нафл ибодатларни кўпайтирсак, жумладан, ундаги Ашуро куни ва ундан бир кун олдин ёки кейинги кун нафл рўза тутсак, кўплаб ажру мукофотларга сазовор бўламиз, иншааллоҳ.

Ашуро кунининг яна бир ажойиб фазилати бор. Мўмин-мусулмонлар бу кунларда рўзғорни бут қилиб қўйиши суннатдир. Оила аъзолари учун одатдагидан кенг-мўл сарф-харажат қилса, Аллоҳ таоло бу куннинг ҳурматидан унга йил бўйи кенглик қилиб беради.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, деганлар (Имом Тобароний ва Имом Байҳақийлар ривояти).

Аллоҳ таоло муҳаррам ойи кириши билан бошланадиган 1442 ҳижрий йилни барчамизга муборак қилсин! Бу йил ҳаммамиз учун хайру барака йили бўлишини насиб этсин.

Манбалар асосида

Баҳриддин Хушбоқов

тайёрлади.

2606 марта ўқилди

Мақолалар

Top