Мақолалар

Ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантиришда яна бир муҳим қадам

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 11 августда “Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бy мотуридийлик таълимотининг асосчиси бўлган Имом Мотуридий ва издошларининг илмий мероси ҳамда калом илмига кўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш, уларни Ўзбекистон ва бутун дунёга танитишга хизмат қилади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ислом маданияти ҳамда илм-фанини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу мақсадда бу ерда аввалроқ Бухорий, Насафий ва Термизий каби алломаларнинг илмий меросини ўрганадиган ҳамда тарғиб қиладиган илмий-тадқиқот марказлари очилган эди. Ушбу муассасалар бу муқаддас заминдан етишиб чиққан олимлар ва уларнинг илмий меросини ёш авлодга ҳар томонлама етказишга катта ҳисса кўшмокда.

Шу маънода, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадкикот марказининг ҳам аҳамияти беқиёс. Зеро, ушбу марказ ўз йўналишидаги биринчи илмий муассаса ҳисобланади. Гарчи дунё миқёсида бу борада кўплаб тадқиқотлар олиб борилган бўлса-да, билишимизча, ҳанузгача бирор мусулмон давлати, жумладан, Туркияда ҳам Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази очилмаган эди.

Имом Мотуридий ислом тафаккурида алоҳида ўринга эга шахс саналади. У ислом маданиятида диний билимларда тўғри илм ҳосил қилишнинг мезонларини ишлаб чиқди. Унинг билиш назариясида тўғри маълумотга эришишнинг уч йўли мавжуд: соғлом ақл, соғлом туйғу ва тўғри хабар. Шунга кура, у илм соҳалари ичида ақлга таянадиганларини Ақлиёт, ҳисларга таянадиганларини Ҳиссиёт ва ваҳий ҳамда хабарга асосланадиганларини Самъиёт деб атаган.

Имом Мотуридий мазкур билиш назариясини калом илмига татбиқ этиб, турли динлар қаршисида ислом эътиқодини ҳимоя қила оладиган “Китоб ат-тавҳид” асарини ёзиб қолдирди. Унинг тарафдорлари Мотуридийнинг мазкур асари ва бошқа асарларини истифода этган ҳолда,Самаркандда аҳли суннанинг “Мотуридийлик” деб ном олган ақидавий йўналишига асос солдилар. Бу марказларда мотуридийлик қарашларидан таълим олганлар ўз шогирдлари ҳамда қаламга олган юзлаб калом илмига оид асарлари воситасида Мовароуннаҳр, Хуросон. Волгабўйи. Онадўлу ва Болқон юртларида мотуридийликни кенг ёйдилар. Шу тариқа, мотуридийлик туркий жамиятларнинг диний эътиқод ҳамда тушунчасида мавжуд бўлган хорижийлик ва ботинийликка бориб тақалувчи зарарли оқимлар тарқалишининг олдини олди.

Имом Мотуридий ўзининг илмий назариясини фиқҳ илмида қўллаш орқали бу соҳада улкан ютуқларга эришди ва шунга кўра, ҳанафий фиқҳи усулини ёзиб чиқди. Аммо унииг бу борадаги иккита асари йўқолганлиги сабабли унинг усулул фиқҳга оид қарашларини “Таъвилот ал-Қуръон” ҳамда ундан кейин ҳанафий усулул фиқҳида ёзилган манбаларда акс этгани қадарича биламиз, холос. Ишонамизки, ушбу марказ тадқиқотчилари йўқолган ўша асарларни топади ва уларни ислом оламига тақдим этади. Имом Мотуридий ҳанафий фиқҳ усулини қайта ёзиш билан нафақат ҳанафийликни жонлантирди, балки Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Темурийлар ҳамда Усмонийлар даврида юзлаб олимларнинг камол топиши ва минглаб усулул фиқҳ ҳамда фуруъул фиқҳ асарларининг дунёга келишига замин ҳозирлади. Ҳанафийлик мазҳаби деярли барча туркий давлатларнинг миллий мазҳабига айланди. Марказ ҳанафий-мотуридий фиқҳ анъанасида ёзилган ва ҳали нашр қилинмаган юзлаб асарларнинг чоп этилишига раҳбарлик қилишига ишонамиз.

Имом Мотуридий фақатгина калом ва фиқҳда эмас, тафсир соҳасида ҳам янги бир замин очган. Ўзидан аввалги олимлар Қуръони каримни ривоятларга асосланган ҳолда тафсир қилиб келган бўлсалар, Имом Мотуридий ақлга таянувчи ҳамда “таъвил” деб ном олган усулда Қуръон оятларини шарҳлашга киришди. Кейинчалик тафсир илмида бу услубга “Ақлий тафсир усули” номи берилди ва бу йўналишда, аввало, ҳанафийлар, қолаверса, бошқа мазҳаб намояндалари томонидан ўнлаб тафсирлар битилди. Охирги вақтларда Мовароуннаҳр ҳамда туркистонлик ҳанафий-мотуридий олимларига оид тафсирларнинг нашрдан чиқиши билан ҳанафий-мотуридий таъвил-тафсир анъанасининг мавжудлиги яққол намоён бўлди. Бу анъанага тегишли кўплаб қўлёзмалар кутубхоналарнинг чангли токчалари ёхуд хусусий архивларда сақланмоқда. Ишонамизки, мазкур марказ ушбу асарларнинг ҳам нашр этилишида ташаббус кўрсатади.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўз тадқиқотларида калом, фиқҳ ва тафсир илмининг бугунги кун шартлари ҳамда эҳтиёжларига жавоб берадиган ҳолда янгидан барпо бўлишида ва илм оламида янги Мотуридийлар, Насафийлар, Паздавийлар, Сарахсийлар, Марғинонийлар, Яссавийларнинг етишиб чиқишида муносиб ҳиссасини қўшади. Бу ёш тадқиқотчилар эса Ўзбекистонни ўтмишдагидек ислом тамаддунининг марказларидан бирига айлантиради.

Марказ томонидан олиб бориладиган тадқиқотлар бутун ислом оламига, жумладан,Ўзбекистонда ёт оқимлар таҳдиди ва босими остидаги ёш авлодга улар билан кураш олиб бориш йўлида дастуруламал бўлиб хизмат қилади. Бугунги кунда радикализм ҳамда такфирчиликка қарши тура оладиган исломнииг энг кучли таълимоти ақл тарафдорлари сифатида танилган ҳанафий-мотуридийлар таълимотидир. Биз бу таълимотга кўр-кўрона эргашиб ва уни тадқиқ этмасдан туриб муваффаққиятга эриша олмаймиз. Аксинча, биз уни бугунги мафкуралар, фалсафий ҳамда диний оқимларга жавоб берадиган шаклда қайта жонлантиришимиз лозим.

Ҳанафий-мотуридий таълимотида ақл, илм ва ахлоқ муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур таълимот инсоний муҳаббат ҳамда ҳамжиҳатликда яшаш асосларини мустаҳкамлайди, дин ва виждон эркинлигини қадрлайди. Ҳанафий-мотуридийлик тарихда бўлганидек бугунги кунда ҳам зўравонлик, терроризм, такфир менталитети ҳамда динни сиёсийлаштиришга қарши курашда муҳим потенциалга эга. Кўр-кўрона мутаассиблик, сохта салафийликка мотуридийлик таълимоти билангина қарши туриш мумкин.

Иккинчи томондан, ҳанафий-мотуридийликни тўғри англаш ботиний ҳаракатлар ва сўфий ақидапарастликнинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази мусулмон оламида кутубхона ҳамда архивларда сақланаётган ҳанафий-мотуридий таълимотига оид қўлёзма асарларни нашр этиши, илм оламидаги тадқиқотлар ва ҳужжатларни аниқлаб, уларнинг каталогларини яратиши ҳамда уларни интернет муҳитида тадқиқотчиларга очиб қўйиши ислом олами учун буюк бир хизмат бўлади. Бу ҳолат эса ўтмишда бўлгани каби бугунги кунда ҳам мотуридийлик таълимоти ва унга оид бажарилган тадқиқотларни ўрганиш бобида Ўзбекистонни муҳим бир марказга айлантиради. Мотуридийлик исломга доир умумбашарий чақириқларни яна такpop Имом Мотуридийнинг Ватани Ўзбекистондан туяжак.

Марказ Шарқ ва Ғарбдаги ушбу мавзуга қизиққан олимларни Имом Мотуридий ҳамда мотуридий олимларининг илмий меросини таништирадиган семинарлар, симпозиумлар, конференциялар, давра суҳбатлари ва бошқа илмий тадбирлар орқали бир ерга жамлайди. Шундай қилиб, илмий соҳадаги халқаро ҳамкорлик кучаяди ҳамда бу мерос бутун инсоният учун муносиб шаклда таништирилади.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ушбу марказ мустаҳкам пойдевор асосига қурилди. Бундай тадқиқот марказини очиш билан Ўзбекистон бошқа ислом мамлакатлари учун намуна бўлди. Ўз тадқиқотлари билан ушбу марказ сохта салафийлик ва диний радикализм муаммосига дуч келган мусулмон оламига мазкур масалаларни ҳал қилиш учун муҳим ечимларни тақдим этади. Шу сабабли Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар марказ фаолиятини қўллаб-қувватлашда ҳам моддий, ҳам маънавий ёрдамларини аямасликлари лозим.

Имом Мотуридий халкаро илммий-тадқиқот марказининг, аввало, Ўзбекистонга, қолаверса, барча туркий давлатларга, мусулмон оламига ва бутун инсониятга фойдали бўлишини тилаймиз. Бундай марказнининг изланишлари ҳамда фаолиятига ҳисса қўшиш мен учун ҳам шарафдир. Умид қиламанки, Самарқандда Имом Мотуридий асос солган илоҳиёт таълими анъаналари давом этади. Имом Мотуридийнинг ақл ва ахлоққа таянган диний таълимотини ислом оламининг ҳар бурчагидан етишажак талабалар бутун инсониятга янгидан намойиш қилади.

Сўнмез ҚУТЛУ,

Туркиянинг Анқара университети профессори,

 Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси

2417 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Жамоат намози Мурсал ҳадис ва унинг ҳукмлари »

Мақолалар

Top