Мақолалар

Аллоҳ ва Унинг Расулидан 100 ўгит I 12-ўгит: Қарздорга муҳлат беринг!

Аллоҳ ва Унинг Расулидан 100 ўгит

12-ўгит! Қарздорга муҳлат беринг!

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар (қарздор) қийналса, бойигунча кутиш лозим. Агар билсангиз (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир”.  ( Бақара сураси 280-оят) 

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки қарзни кечса, Аллоҳ уни ўз соясида соялантиради” (Имом Муслим ривояти).

Хулоса:

  1. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло ҳақдор кишиларни қарздор кишига яхшилик қилишга чорламоқда.
  2. Қарздор одам то қарзини узишга кифоя қилгудек мол-дунёга эга бўлгунча ҳақдор муҳлат ва имконият бериб туриши Исломий ахлоқлардан биридир.
  3. Шуни унутмаслик керакки, қарз олди бердисида ҳам шаръий қонун қоидалар бор бўлиб, олувчи ҳам, берувчи ҳам унга амал қилиши лозим.
  4. Агар иложи бўлса, қарздорга муҳлат бергандан кўра, қарзини кечиб юбориш маъқулроқ. Бунда ҳам қарз бергани учун, ҳам кечиб садақа қилиб юборгани учун алоҳида алоҳида савоб олади.
  5. Қарздорга муҳлат берганга ҳам, қарздан кечиб юборганга ҳам Аллоҳ таоло Қиёмат кунида Ўз Аршининг соясидан жой беради. Аршининг соясидан жой берди дегани эса, унинг гуноҳини кечирганини, жаннатига дохил қилиб, у кишидан рози бўлганини англатади.

Аллоҳ таоло барчамизни қарз балосидан сақласин. Қарздорларга нажот, ҳақдорларга чиройли сабр берсин. Қарздорнинг мушкулини аритиб, унга муҳлат берган ёки кечиб юборган кишиларни ҳам гуноҳини кечириб, юзлар қораядиган, қуёш яқинлаштирилиб, барча кишилар сояга муҳтож бўладиган кунда Ўз Аршининг соясида соялантирсин!

 

Олмазор туманидаги  

“Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Исломов

 

2132 марта ўқилди

Мақолалар

Top