Мақолалар

Бир савол сўрасам: 2. Аллоҳни тушда кўриш мумкин-ми?

— Банда Аллоҳни тушида кўриши мумкинми? Бу раҳмоний туш бўлади-ми?

— Аллоҳ таолони тушда кўриш бор нарса. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир неча ҳадисларида: “Роббимни тушимда кўрдим”, деганлар. Шулардан бири имом Аҳмад ўз “Муснад”ларида, шунингдек, имом Термизий ҳам “Сунан”ларида келтирганлар. Мужтаҳид имомларимиз ҳам бир неча бор тушларида Аллоҳ таолони кўрганларини айтганлар. Аҳли сунна вал жамоа уламолари: “Аллоҳ таолони тушда кўриш мумкин”, дейдилар. Бунинг ҳақиқати шуки, Аллоҳ таолонинг мисли-ўхшаши йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

﴿لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ﴾

“У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир” деб марҳамат қилган (Шууро сураси, 11-оят). Лекин Аллоҳ таоло Ўзига масал-мисолни исбот қилган.

﴿اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِنْ شَجَرَةٍ مُبَارَكَةٍ زَيْتُونَةٍ لَا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ نُورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَنْ يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ﴾

“... Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейди...” (Нур сураси, 35-оят).

Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатишлик билан мисол келтириш мумкин. Худди юқоридаги оятда Аллоҳ таоло нурининг мисолини келтиргани каби. Мисол келтириш билан бир нарсага ўхшатиш деган нарса келиб чиқмайди.

Инсон Аллоҳ таолони тушида айни ўзини ҳам, мислини ҳам кўрмайди. Аллоҳ таолонинг айни Ўзини бу дунёда кўришнинг имкони бўлмагани учун кўра олмайди. Мислини эса Аллоҳ таолонинг мисли йўқ бўлгани учун кўра олмайди. Лекин тушда Унинг мисолини кўра олиши мумкин. Валлоҳу аълам!

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

3760 марта ўқилди

Мақолалар

Top