Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилишни истасангиз

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиш мукаммал мўминлик белгисидир. Бу ҳақда Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:لاَ يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ وَوَلَدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ.

Сизлардан бирортангиз мен унга фарзанди, отаси ва барча инсонлардан маҳбуброқ бўлмагунимча (комил) мўмин бўла олмайди”, дедилар (Муттафақун алайҳ)

Ушбу ҳадисда комил мўмин бўлиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатли бўлиш лозимлиги баён қилинмоқда.

Чиндан ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминлар учун барча муҳаббат қилинадиган кишиларидан кўра, севишликка ҳақлидирлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿النَّبِيُّ أَوْلَى بِالْمُؤْمِنِينَ مِنْ أَنْفُسِهِمْ

Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир”. (Аҳзоб сураси, 6-оят)

Аммо сўнгги йилларда севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига ёлғон тўқувчилар, у зотга атаб турли мазах (карикатура)ларни ишлаб чиқувчилар пайдо бўлиб, кўпайиб бормоқда. Бундай одобсизликни қилувчилар ҳақида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бундай деган эдилар:Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танимадик, танита олмадик. Агар улар у зотни танишганида, бундай беодобликларга журъат қила олишмас эди.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш у зотнинг сийратларини, суннатларини кўпроқ ўрганиш, уларга аввало ўзимиз амал этишимиз билан бўлади.

Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини севишимиз ва гўзал хулқимиз ила аҳли-оиламиз ҳамда бутун инсониятни ҳам севдира олишимиз билан бўлади.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:

فكان عالمة حبهم إياه إتباع سنة رسوله

Инсонларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдадир”.

Аллоҳ таоло ҳар бир ишда умматларига намуна бўлган, Роббул аъламийн Ўзининг каломида: “Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор” дея мақтаган севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал хулқлари, муборак суннатларига ҳаётимизнинг ҳар бир сониясида эргашимизга ва унда бардавом бўлишимизга тавфиқ ато этсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

2583 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top