Мақолалар

Бир савол сўрасам: 3. Марҳум ота-онамнинг расмларини рамкага солиб илиб қўйсам бўлади-ми?

— Хонадонимизнинг деворларига раҳматли ота-онамнинг расмларини рамкага солиб илиб қўйганмиз. Яна баъзилар турли жониворларнинг расми туширилган тақвимларни осиб қўйишади. Лекин динимизда бу мумкин эмас, дейишади. Шу тўғри-ми?

— Динимизда бу борада қайтариқлар бор. Шунингдек, мумкин бўлган истисно ҳолатлари ҳам мавжуд. Сурат бор жойга фаришталар кирмаслиги, суратга қараб намоз ўқиш мумкин эмаслиги, жонли нарсаларнинг суратини чизишдан қайтарилгани каби масалалар ҳадисларда баён қилинган.

Лекин ҳужжатлар, тарихий ҳолатларни забт қилиб қўйиш каби ҳолатлар учун бугунги кундаги фотосуратларни сақлаш ва фотосуратга тушиш жоиз ҳисобланади. Албатта, бунда меъёр ва мўътадилликни сақлаш лозим. Шунингдек, беҳаё ва ахлоқсизликка далолат қилувчи шаклда суратга тушиш, тушириш ёки уни сақлаш ҳам мутлақо ножоиз амал саналади.

Абу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фаришталар сурат ва ит бор уйга кирмайдилар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Уламолар ушбу ҳадислардаги “сурат” дан жонли ҳайвонлар ва инсонларни суратини қўл билан чизишни назарда тутилган, деб айтишган. Шунингдек, уйларда бўлган юқорида айтилган рухсат бўлган суратларни ҳам усти ёпиқ ҳолда сақлашлик мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

2893 марта ўқилди

Мақолалар

Top