Мақолалар

Диний ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туриш фақат суд тартибида амалга оширилиши мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид муҳим қонун лойиҳаларини кўриб чиқди. 
 
Дастлаб, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
 
Қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Руслан Давлетов ва масъул қўмитанинг маърузалари эшитилди.
 
Лойиҳада Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва бошқа халқаро ҳужжатларда ўрнатилган талаблар, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси, Инсонийлик мезонлари бўйича ЕХҲТнинг тавсиялари ўз аксини топган. Шу билан бирга, лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида халқимизнинг кўп асрлик тарихи ва диний қадриятлари, бугунги кун воқелиги ҳам инобатга олинганлиги эътироф этилди.
 
Лойиҳада соҳага оид муносабатларни тартибга солиш ягона қонунга бирлаштирилиб, кўпгина атама ва тушунчаларга аниқлик киритилмоқда, ваколатли давлат органларининг вазифалари аниқлаштирилмоқда.
 
Диний ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-тамойиллари енгиллаштирилиб, амалда бўлган қонундаги бир қатор чекловлар олиб ташланмоқда. Шу билан бирга, диний ташкилотларга бир қатор қўшимча кафолатлар ўрнатиш қонун лойиҳасида ўз аксини топган. Жумладан, қонун бузилишга йўл қўйган диний ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туриш фақат суд тартибида амалга оширилиши ва уларга камчиликни бартараф этишга 6 ойгача имконият бериш каби қўшимча кафолатлар белгиланмоқда.
 
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
 
Олий Мажлис Сенати томонидан рад этилган «Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тўғрисидаги масала ҳам муҳокама марказида бўлди.
 
Қонунни рад этишга асос сифатида амалиётдаги муаммоларнинг ечими Қонунда ўз аксини топмаганлиги, Қонун нормаларини Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция (Рим, 1951 йил 6 декабрь) талаблари асосида қайта кўриб чиқиш зарурлиги, ушбу Қонун ҳамда «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонунда белгиланган норма ва атамалар бир-бирига мувофиқлаштирилмаганлиги ҳамда бошқа қатор сабаблар келтирилган.
 
Мажлисда билдирилган таклифлардан келиб чиқиб, соҳага оид қонундаги норма ва атамаларни инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинди.
 
ЎзА
2047 марта ўқилди

Мақолалар

Top