Мақолалар

Биз умматлар...(шеърлар)

Биз умматлар...

Бугун сизга атаб мавлуд ўқилмоқда,

Мадҳингизга минг салавот тўқилмоқда,

Лек юрагим чок-чокидан сўкилмоқда,

Суннатингиз қилолмаган ғўр умматмиз,

Қадрингизга етолмаган шўр умматмиз.

 

Таҳажжудга белларимиз букилмаса,

Саҳар туриб Каломуллоҳ ўқилмаса,

Кўзимиздан бир қатра ёш тўкилмаса,

Уммат деган даъвоимиз ёлғонмикин,

Ёки нифоқ қалбимизда қолғонмикин?

 

Салавотни ўз ўрнига қўёлмасак,

Соғинганда меҳрингизга тўёлмасак,

Риё ила қилган ишдан уялмасак,

Суннат ўрнин бидъат қоплаб олғонмикин,

Ёки шайтон ўз йўлига солғонмикин?

 

Насиҳатдан қотиб кетган юзларимиз,

Оҳ, бунчалар ёлғон бўлди сўзларимиз,

Ҳабибини кўрмоқ истар кўзларимиз,

Илмсизлик адаштирди йўлимиздан,

Тутинг энди биз нодоннинг қўлимиздан.

 

Фарзандингиз ўлганда ҳам чидадингиз,

Гулларингиз сўлганда ҳам чидадингиз,

Душманингиз кулганда ҳам чидадингиз,

Оҳ, не қилай нуқсонларим ёполмадим,

Устозликда сиздан зўрин тополмадим?

 

Инсон бугун ихтилофда, ҳар хил фикр,

Васвасадан қутқарувчи фақат зикр,

Сизга уммат қилганига минг бор шукр,

Кунда, тунда тилимизда сизни дермиз,

Расулимсиз, дилимизда сизни дермиз.

 

Тўлин ойим, ҳам офтобим, гулрухсорим,

Меҳрингизга зор-интизор, садқа жоним,

Суннатингиз маҳкам тутай бор имконим,

Абу Бакру, Умар, Усмон, Шери Худо

Каби бу жон мудом сизга бўлсин фидо.

 

Ё Ҳабибим, Ё Муҳаммад, Ё Мустафо,

Даврамизга хуш келибсиз Ё Аҳмадо,

Сизни кўриб қалб тўридан чиқди садо:

Суюклигим ёнимизда юринг ҳар дам,

Умматим, деб бизни қўллаб туринг ҳар дам!

 

Навоийдан олдим сабоқ

Ишқ сирини баён этган Навоийдан олдим сабоқ,

Шеър мағзини чақолмасдан гоҳ тушимда қилдим сўроқ.

Навоийда мастур эмиш: ҳаё, иффат, одоб- ахлоқ,

Билмоқ бўлсанг нафсни тийгин, Хақ сўзига солгин қулоқ.

Қуръон, ҳадис маъносига ҳамоҳангдир ғазаллари,

Ҳам насиҳат, ҳам маърифат, ҳам оҳангдир ғазаллари.

Дилимизда ҳирсу ҳавас ҳам қабоҳат уя қурмиш,

Нафс домиға банди бўлган ҳақиқатдан четда юрмиш.

Чунки у зот ишқ дарсини оятлардан олган экан,

Шу сабабли ёзганлари то бизгача келган экан.

Адоватнинг, разолатнинг таг-томирин қўпоргандир,

Ҳазрат битган шеърларини ишқ сувидин суғоргандир.

Ҳақиқатни била туриб нечук унга қўшилмаймиз,

Навоийнинг шеърларини у кутгандек тушунмаймиз.

 

Интернетни “устоз” билганлар 

(“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобини ўқиб)

 

Саволлари чалкашиб қолар,

Жавобларни далилсиз олар,

Қалбингизга ғулғула солар

Интернетни “устоз” билганлар.

 

Токчаларда чанг босди китоб,

Фойда бермас минг қилсанг хитоб,

Хатолари айлади шитоб

Интернетни “устоз” билганлар.

 

Фатволарнинг исботи йўқдир,

Юрагингга қадалган ўқдир,

Ҳақ ўрнига саробга тўқдир

Интернетни “устоз” билганлар.

 

Бир саволга минг битта жавоб,

Хатолардан тўғриси камёб,

Англаб бўлмас гуноҳми, савоб,

Интернетни “устоз” билганлар.

 

Устозини билмайди улар,

Ҳурматини қилмайди улар,

Жойларидан жилмайди улар

Интернетни “устоз” билганлар.

 

Олимларнинг бошлари сарак,

Бу нимадан бермоқда дарак:

Манбаларга қайтмоқлик керак,

Интернетни “устоз” билганлар.

 

Ўзбекистон тинчлик диёри,

Баркамоллик – халқим шиори,

Ҳар нарсанинг бордир меъёри,

Интернетни “устоз” билганлар.

 

Қўрқмайсанми қодир Худодан 

(“ИШИД фитнаси” китобини ўқиб)

 

ИШИД деган давлатни туздинг,

Бегуноҳлар бошини уздинг,

Ҳамжиҳатлик риштасин буздинг,

Қўрқмайсанми оғир жазодан,

Қўрқмайсанми қодир Худодан?

 

Аждодлардан қолган кошона,

Бир кечада бўлди вайрона,

Мусулмонлар қолди ҳайрона,

Қўрқмайсанми оғир жазодан,

Қўрқмайсанми қодир Худодан?

 

Етимларнинг сарғайди юзи,

Беваларнинг ўйилди кўзи,

Тарк этилди олимлар сўзи,

Қўрқмайсанми оғир жазодан,

Қўрқмайсанми қодир Худодан?

 

Ҳаётимиз вақти тўлганда,

Битта қолмай ҳамма ўлганда,

Маҳшар куни сўроқ бўлганда,

Қўрқмайсанми оғир жазодан,

Қўрқмайсанми қодир Худодан?

 

Бандачилик зиммангни ёқла,

Бекаму кўст бурчингни оқла,

Бир гапимни ёдингда сақла:

Қўрқмайсанми оғир жазодан,

Қўрқмайсанми қодир Худодан?

Эркин ҚУДРАТОВ 

 

 

7425 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top