Мақолалар

Расулуллоҳ яхшилик ойи деб номлаган ой

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Исломдан аввалги жоҳилият даврида “Бу ойда фалон ишни қилиб бўлмайди, фалон иш мумкин эмас” каби шумланишлар урф бўлган. Ҳатто бирон ишга киришишдан олдин қуш учириб кўришарди. Қуш ўнг томонга учса, яхшиликка йўйиб, ишга киришишар, чап томонга учса, бу ишда яхшилик йўқ экан, деб тарк этишар, борди-ю тўғрига учса, бошқатдан учириб кўришар эди.

Афсуски, ҳозир ҳам “сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз” деган гаплар бот-бот қулоққа чалиниб туради. Бу гапларнинг ҳеч қандай асоси йўқ. У ойда ўқиладиган намоз, дуо ва бошқа эзгу амаллар бошқа ойлардагидек қабул бўлади. Сафар ойида ҳам тўй ва маросимлар қилиш, сафар қилиш мумкин.

Тақдирга имон келтириш динимизнинг асосларидан биридир. Инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни тақдирдан деб билиши керак. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: (Инсонга) бирор мусибат етган бўлса, албатта, Аллоҳнинг изни (иродаси) билангина (етур). Кимки Аллоҳга имон келтирса, (У) унинг қалбини тўғри йўлга ҳидоят қилур. Аллоҳ ҳар нарсани билувчидир” (Тағобун сураси, 11-оят).

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина шаҳридаги масжидларини сафар ойида қурганлар. Қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони Али розияллоҳу анҳуга сафар ойида никоҳлаганлар. Айнан шу ойда сафарга чиқиб, Хайбар қалъасини фатҳ қилганлар. Бу ойга “яхшилик ойи” деб ном берганлар.

Демак, инсон ҳар бир нарсани Аллоҳ таолодан деб билиши керак. Ҳақ таоло ақидамизни мустаҳкам қилсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

2311 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top