Мақолалар

Фикр ва тажриба алмашиш – таълимни ривожлантиради

Шу кунларда юртимиз бўйлаб “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” кенг нишонланмоқда. Дарҳақиқат, динимиз устозларни доимо эъзозлаш ва ҳурмат қилишга тарғиб қилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда олим ва устозлар мақом ва мартабаларини юқорига кўтариб, бундай марҳамат қилади: “Биладиганлар ва билмайдиганлар тенг бўлурми(Зумар сураси, 9-оят).  

Набий соллалоҳу алайҳи ва салламга ҳам “Роббим илмимни зиёда қилгин деб дуо қилгин” маъносида ваҳий нозил қилинган (Тоҳа сураси, 114-оят).  

У зот алайҳиссалом: «Бир фақиҳ (фиқҳ илмининг олими) шайтонга мингта обид инсондан ашаддийроқдир», деганлар. Ушбу ҳадиси шариф илмнинг ибодатдан афзал эканини ифодалайди. Зеро, илмга асосланмаган ибодат самарасиздир.  

Куни кеча устоз ва мураббийлар кунига бағишланган анжуманда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, юртимиздаги барча устоз ва мураббийларни касб байрамлари билан муборакбод этди. Шунингдек, таълим соҳасига оид бир қанча ютуқ ва камчиликларни ҳам санаб ўтди.  

Таълим соҳасида ХХI асрда юртимизда учинчи ренессансни амалга ошириш вақти келгани, бунинг учун барча устоз ва муаллимлар бир ёқадан бош чиқариши, таълим соҳасида изчил ўзгаришлар қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Бунинг учун бизга таълимнинг узвий боғлиқлигини таъминловчи асосий тўррта таянч бўлиши кераклиги уқтирилди. У ҳам бўлса, фидоий боғча тарбиячилари, малакали профессор ўқитувчилар, илмий соҳадаги тадқиқотчилар ҳамда ота-оналардир. Айнан шулар биргалашиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсалар биз айтган натижа амалга ошиши мумкин.

Президент ўз нутқи давомида таълим соҳасига доир ютуқларни зикр қилар экан, жумладан, соҳада Республикада кўзга кўринган ва ривожланган мактаблардан бири Бухоро вилоятининг Қоракўл вилоятида жойлашган, математикага ихтисослашган 52-мактаб интернати ва 1-академик лицейининг муваффаққиятларини алоҳида таъкидлаб, бу мактабнинг асосчиларидан бўлган Жумаев Тўхтамурод домлани “Эл юрт олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирлади.

Ҳақиқатдан, ушбу мактаб ва лицей ўқитувчилари бунданда катта мукофотларга лойиқ. Зеро, ҳар йили ушбу даргоҳ битирувчиларининг 95% дан зиёди олий таълим муассасаларига ўқишга киришга муваффақ бўлади. Қарийб юзга яқин ўқувчи республика ва яна юзга яқин ўқувчилар эса халқаро олимпиядалар совриндоридир. Шунинг учун президент барча вилоят ҳокимларига, таълим мутасаддиларига ушбу билим юртидан ўрнак олиб, унинг услубини ўзларига татбиқ қилишларини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шу муносабати билан Мир Араб Олий мадрасаси ректори Ҳ.Йўлдошходжаев бошчилигида бир қанча ўқитувчи ва мураббийлар 1-октабр кунининг ўзидаёқ Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган Бухоро давлат университети қошидаги биринчи академик лицейга ташриф буюрди.

Ушбу таълим муассаса раҳбарияти, устоз ва мураббийларини касб байрами билан муборакбод этилди ва ўқув даргоҳининг фаолияти билан яқиндан танишилди.

Академик лицейни битирган талабаларнинг билим савияси юқори даражада эканини кўрган инсоннинг хаёлига бирданига таълим муассасасининг моддий техник базаси, шарт шароитлари жуда замонавий ва ўта яхши бўлса керак, деб ўйлайди.

Аммо таълим даргоҳи билан танишиб чиққач, ўқув даргоҳининг ҳолати, жиҳозлари, таъмири юқори савияда эмас. Республикада моддий техник базаси бу таълим муассасасидан яхши бўлган жойлар талайгина. Шундай бўлса ҳам, бу жой ўқувчиларининг билим савияси юқори даражада.

Бу эса ўқувчиларнинг кучли билимга эга бўлиб чиқаётганига асосий сабаб, улар учун яратиб берилаётган шароитларнинг зўрлигида эмас, балки ушбу лицей талабаларининг Республикада илғор бўлишига муассаса ўқитувчиларининг талабалар билан мунтазам ишлаши, уларни тинимсиз назорат қилиши, уларнинг ота-оналари билан тез-тез мулоқот қилиб туриши, дарсдан ташқари вақтларда улар билан қўшимча ишлаши каби омиллар ўқувчиларнинг яхши билим олишларига таъсир қилган деган фикр келади.

Таълим муассасасида назорат шунчалик ўрнатилганки, ҳатто ўқувчилар телефондан фойдаланиши, ўқишга келганидан то ҳафта охиригача – шанба кунигача таълим муассасасидан ташқарига чиқиш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган экан.

Ушбу таълим муассасасида ўқиш истагида бўлган ўқувчилар сони талай бўлиб, юртимизнинг турли жойларидан ўқиш истагида Қоракўл туманига келганини кўриш мумкин.

Ўқув муассасаси билан танишиб чиқар эканмиз, Олий мадраса ректори Ҳайдархон Йўлдошходжаев ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, олий диний таълимга ҳам ушбу таълим муассасасидаги айрим тартиб-интизомларни жорий қилиш кераклигини айтиб ўтди. Дарҳақиқат, таълимнинг ривожланишида ўзаро фикр, тажриба алмашиш катта рол ўйнайди. Тажриба бу оқибат ойнасидир.

Шундай экан Олий мадраса ўқитувчи ва мураббийлари ҳам таълимини юқори чўққиларга олиб чиқиш, Бухорони қайтадан Ислом қуббаси, диннинг ўчоғи қилишни мақсад қилдик. Албатта, бунинг учун кўп изланиш, тинимсиз меҳнат, қаттиқ тартиб интизом керак бўлади.  

Аллоҳ таоло диний соҳа ва таълимни ривожлантиришда Ўзи ёрдамчи бўлсин, Юртимиздан яна Бухорий, Термизий, Марғинонийлар каби буюк инсонлар етишиб чиқишини насиб қилсин. Омин!

Рўзимуҳаммад Тўхтасинов

Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

2013 марта ўқилди

Мақолалар

Top