Мақолалар

Ободлик ва эътиқод шарафномаси (шеър)

Хукуматимшз эътибори билан Сурхондарёдаги Абу Исо ва Ҳаким ат-Термизий ёдгорлик мажмуалари  обод этилаётганлиги муносабати билан 

Ассалом, бобожон - Исо Термизий,

Рўйи замин узра довруқ солган зот.

Суламий рутбасин юксак кўтариб,

Ҳам Буғ қишлоғида қолдирдингиз от.

 

Ёшлик йилларингиз ўтган бу жойлар,

Сиз ад-Дарир бўлгач, сирларга тўлди.

Онгингиздан илм очиб чиройлар.

Илмингиздан кўплар баҳраманд бўлди.

 

Ироқу Исфаҳон, Макка, Мадина,

Пойи қадамингиз сурди кўзига.

Не султон бермоқчи бўлди хазина,

Сиздек улуғ зотнинг битта сўзига.

 

Қироат, ҳадис, фиқҳ, илми баёндан,

Не-не устозларда олдингиз таълим.

Ўздингиз ўзингиз турган замондан,

Сизга бутун олам айлади таъзим.

 

Ал-Бухорий билан учрашган замон,

Нишопур нурларга тўлди шубҳасиз.

Беш йил ул зот билан юриб ёнма-ён,

Аллоҳ ҳикматини дилга тугдингиз.

 

Тан бериб жўнади улуғ мухаддис,

Сендан баҳра топдим, ташаккур-деди.

Бухорийдан буни эшитмоғингиз,

Сиз учун энг улуғ эътибор эди.

 

"Ал-илал-фил Ҳадис" каби китоблар,

Нури ақлингиздан ёришган офтоб.

Эрк сабаб сиз каби зоти ноёблар,

Пойига юрт келиб айлади тавоб.

 

Шерободдаги ул азим ёдгорлиқ,

Ўн иккинчи аср иншоотидир.

Ҳайбатидан мудом ҳайратда борлиқ,

Хар ғишти ўтмишнинг баёнотидир.

 

Уч хонали бўлма, сўнгра айвонлар,

Сукут ичра ботган, жонли бир тарих.

Ўтсада орадан неча замонлар,

Унинг баёнига ожиздир таъриф.

 

Кезиб бу дунёни улуғ муҳаддис,

Топдингиз охири шу ерда макон.

Ҳамон тилимизда, дилимиздасиз,

Номингиз шараф-ла ёдлагай замон.

 

Мусулмонман деган сизни ўқисин,

Чақиб каломингиз мазмунан теран.

Давлатим раҳбари, минг карра таҳсин,

Аҳли илм ила бир жону бир тан.

 

Эзгу ташаббусдан барчамиз мамнун,

Президент борди Сурхондарёга

Яна сизни йўқлаб келади очун,

Яна йўл очилди нурга-зиёга.

 

Сағаналар қайта касб этади файз,

Юраклар ғурурга тўлади чандон.

Бизга ҳикматлардан ўтаверинг дарс,

Руҳингиз шод бўлсии азиз бобожон.

                          II   

Ассалом, Ал-Ҳаким Термизий бобо,

Ҳасан ибни Башир-илми уммон зот.

Субкий ва Бағдодий, Асқалон доно.

Умрингиз мазмунин қилмиш ҳикоят.

 

Илм олиб, ўрганиб ҳаёт асрорин,

Ёзган асарингиз тўрт юздан зиёд.

Жойлаб сиз аларга кўнгилда борин,

Англатдингиз - недир асл эътиқод.

 

Қўлёзмаларингиз жахонга тарқаб,

Не-не кўнгилларга таратар зиё.

Гуё Абу Исо бобога ўхшаб,

Термизни сиз боис таниди дунё.

 

Ал-Ҳаким деб аҳли замон суйдилар,

Номингиз  тилларга кўчди ул замон,

Сизга ихлос ила мехр қўйдилар.

Қолмади қалбингиз ичра хеч армон.

 

Машаққат-ла йиғиб мисқоллаб билим,

Мутасаввуфларга дастур қилдингиз.

Феълингизда мудом барқ уриб ҳилм,

Мўминлик зийнатин шунда билдингиз.

 

 

Вақт ўтиб Термизда топдингнз қўним,

Ҳазрат соҳибқирон солдилар назар.

Бугунги ободлик яйратар кўнглим,

Авлодлар меҳрини юрагим сезар.

 

Аждодларин эъзоз этган бўлмас кам,

Азиз боболарим, руҳингиздир шод.

Президент ёнида барча эл бирдам,

Бу икки манзилни  айлагай обод.

 

Термизийлар номин айлаб эҳтиром.

Яна келар бунга зиёратчилар.

Ўқилган чоғида тиловат-калом,

Қалбга яна иймон нури томчилар.

 

Истиқлол туфайли бундай имконлар,

Эътиқод боғидан юлинди тикон.

Бизга орзу эди бундай замонлар,

Хайрият, яралди шундай зўр имкон.

 

Жами эҳтиромин қалбига жойлаб,

Абдулаҳад ёзар ғурурин бир-бир.

Азизлар номини асраб-авайлаб,

Юрган инсонларга чексиз ташаккур.

 

Давлатим ҳамиша гуркираб-ўссин,

Улуғлар макони - ҳур Ўзбекистон.

Тарихидан олиб фахр туйғусин,

Ёзай янги-янги шеър ила достон.

 

Олмашумул шундай боболарим бор,

Истиқлол тонгида юз очган мамнун.

Улар то умрбод бизга ифтихор,

Номини шарафлар тамоми очун.

 

Бугун давлатимиз эътиборида,

Очилмоқда ушбу зиёратгохлар.

Мехмонлар дуркундир саф-қаторида,

Қувонч шуъласини сочар нигохлар.

 

Термизий аждодлар шаънин улуғлаб,

Рўйи замин зукко ўғлонлари жам.

Эзгу зиёратдир дилдаги матлаб,

Хуш келибсиз азиз мехмонлар бу дам.

 

Қадамларингизга бўлсин хасонат,

Қадимий Термизнинг хуш мехмонлари.

Насибингиз бўлсин юксак даражот,

Илму маърифатнинг нуктадонлари.

                              

Абдулаҳад Қори Шаҳрихоний 

Бўз туман бош имом хатиби

2017 йил феврал

6526 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top