Мақолалар

Оналар мўътабар

Она қанча фидойилик ила инсон деган ажиб хилқатни дунёга келтиради. Саҳиҳ ҳадисларда аёлни эъзозлаш, қадрлашга чақирилади: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, “Аввал онангга, онангга, яна онангга, кейин отангга яхшилик қил”. Бежиз оналарни эъзозлаш, ҳурмат қилишга чақирилмайди. Чунки она 9 ой фарзандини “заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди” (Луқмон, 14). Фарзандини икки йўлнинг ўртасида туриб дунёга келтиргач, яна янги бир фидойилик китоби очилади. Тунни кунга, кунни тунга улаб, уни парваришлайди. Ўзи емай-ичмай жигарбандига тутади. Унинг сиҳати йўлида керак бўлса, жонидан кечади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир” (14-оят).

Бироқ ҳамма бирдек ана шу мўътабар инсоннинг қадрига етаяптими? Йўқ, бугун аксариятимиз динимизнинг ана шу ҳаётбахш амрларига итоат этмаслигимиз сабабли миллий қадриятларимиз унутилиб бормоқда. Оналаримиз кексайганида, уларни хор қилиб қўймоқдамиз. Очиқ айтиш керак, ўз онасини жеркиб, тўғри насиҳатини эзмаликка йўяётганлар, ёинки қаровсиз қолдириб, кексалар уйига олиб бориб ташлайдиганлар йўқми? Афсуски, бор. Замон ривожланиб, яшаш шароити енгиллашгани сари уларнинг кўпайиб бораётгани кишини ажаблантиради.

Яқинда бир воқеани эшитиб, оғриниб кетдим. Ҳакам танишим вақтида болаларини ўқитиб, уйли-жойли қилиб, кексайганида қаровсиз қолгани, қўни-қўшнилар маслаҳати билан болаларидан алимент ундириш учун ариза берганини айтиб қолди. Наҳотки оқ ювиб оқ тараган онага меҳр бериш, унинг хизматини қилиш, кўнглини кўтариш, далда бўлиш шунчалар қийин бўлса? Ахир оналарга эътибор кўрсатиш, бир оғиз ширин сўз айтиш, меҳрига меҳр билан жавоб қайтариш керак эмасми? Бир ғариб кўнглини олмоқ ҳаж ибодатига тенглаштирилган-ку! Ота-она дунёдан ўтгандан сўнг қабри устида минг соат йиғлаб тургандан, тириклигида бир бора йўқлаш, умримизга, ризқимизга барака ёғдирадиган дуоларини олиб қолиш  керак-ку! Эҳ одамлар, одамлар, қаерга қараб кетаяпмиз?!

Бугун қилаётган ҳар бир хатти-ҳаракатларимиз эртага фарзандимиздан қайтишини унутмайлик. Нима эксак, ўшани ўрамиз.

“Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзанд ўз волидини қул ҳолида кўриб, сотиб олиб, озод қилсагина уни (ҳаққини) адо этган бўлади”, дедилар”. Ваҳоланки, биз дориломон замонда, фараҳли кунларда яшаяпмиз. Биз уларни озод ва бахтиёр кўриб улғайганмиз. Улғайиб, энди ўзимиз ота-она бўлганимизда волидаларимизни эъзозлаб, уларнинг ҳаққини адо этиш фарзимиз эканлигини унутмайлик.

Зебо ОМОНОВА

 

6702 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top