Мақолалар

Ислом дини ўн тўрт асрдан ошиқ вақтдан буён мусулмонларнинг дастурул-амал дини бўлиб келмоқда. Лекин бу вақт мобайнида жуда кўп синовлар ва фитналарни бошдан кечирди. Хаворижлар билан бошланган бўлинишлар, мўътазила, қадария ва жабария каби жуда кўп фирқалар билан давом этди. Аммо уларга Қуръон ва Суннатни маҳкам тутган уламолар томонидан раддиялар берилиб, аҳли суннат ақидаси ва йўли сақлаб қолинди. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий каби уламолар адашганлар ғояларини чангдек сочиб ташлашди. Исломнинг қанча асл қоидаларига ҳужумлар бўлса ҳам, Аллоҳнинг марҳамати, сўнгра уламоларнинг саъй-ҳаракатлари билан тўғри йўл сақлаб қолинди. Бу фитналар асрлар оша ҳам сусаймади. Бизнинг асримизга келиб фитна ўчоқлари кўпайди ва фитначиларнинг тегирмонига сув қўядиган манқуртлар тўдасини ҳосил қилиш учун замин яратила бошланди. Бунинг энг осон йўли Ислом қоидаларини бузиб кўрсатиш ва бошқаларни бунга ишонтириш эди. Ривожланган тараққиёт замонида интернет орқали ташланган тузоқлар ўз натижасини берди ва кўплаб илмсиз кишилар, хусусан ёшларни ўз домига тортишга эришди. Бу ишларни амалга ошириш учун ғараз мақсадли кимсалар ҳижрат, жиҳод ва шаҳидлик каби тушунчаларни тескари ва нотўғри талқинда тарқата бошладилар. Аслида бу атамаларнинг мазмун-моҳияти қандай эди?

Ҳижрат – луғатда “тарк қилиш”, “ташлаб кетиш”, “ўз ватанидан бошқа жойга кўчиш” маъноларида келади. Истилоҳда эса - динига эркин амал қилиш имкони бўлмаганда ва юртида намоз, рўза каби фарз ибодатларни бажариш амри-маҳол бўлгандагина, қодир кишиларнинг бошқа юртга кўчишларини англатади.

Уламоларнинг сўзларига кўра ҳижрат танг ҳолат юзага келганида, яъни асосий фарз амалларни бажариш имкони қолмагандагина амалга оширилади. Бунга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жонларига суиқасд қилинганда Мадинага ҳижрат қилишлари ва мусулмонларнинг Ҳабашистон ва Мадинага ҳижрат қилиб жон сақлаганлари мисол бўлади. Ҳатто Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб кетаётганларида, Қурайшнинг зулми бўлмаса, Маккани тарк этмасликларини айтадилар. Макка фатҳ этилгандан кейин эса, Мадина аҳли билан Мадинада қолиш бўйича келишувлари борлиги учун, Мадинага қайтадилар. Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

عن عبد الله بن عمرو يقول: قال النبي صلي الله عليه وسلم: المسلم من سلم المسلمون من لسانه و يده و المهاجر من هجر ما نهي الله عنه

“(Комил) мусулмон - унинг тилидан ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган киши, (ҳақиқий) муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсаларни тарк қилган кишидир”, дейилган. Яъни ҳижрат шартлари тўлиқ топилиб ҳижрат қилганда ҳам гуноҳлардан сақланмаса комил муҳожир бўлмас экан. Уламолар: “Ислом арконлари ва шиорлари бажарилиб турган юртларни “дорул ҳарб” яъни уруш диёри дейилмайди ва у ердан ҳижрат қилинмайди”, дейишган. Фитначилар эса бундай юртларни “дорул ҳарб”, “дорул куфр” деб эълон қилиб,  “биз томонга ҳижрат қилиб келмасанг, кофир бўласан” деб, ғўр кишиларни домига илинтирмоқда. Юқорида зикр қилингани каби ҳижрат жони ва динини сақлаш учун тинч-хотиржам бир жойга кўчишдир. Ҳозир эса, асосан ижтимоий тармоқлардан туриб мусулмонларни ҳижратга даъват қилаётганлар юртимиз каби тинч-омон жойдан на дини, на жони омонда бўлмайдиган, ким кимнинг байроғи остида жанг қилаётгани маълум бўлмаган, уруш майдонларига келишни тарғиб қилмоқдалар. Бу ҳижратнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тескари. Бунинг устига қўйни пуч ёнғоқларга тўлдирилган “муҳожирлар” у ерга боргандан кейин вазият бутунлай бошқача эканини англайдилар. Борган жойларида мусулмон мусулмонни қонини тўкишдан, зўравонлик ва ўлжа тўплашдан бошқа иш йўқлигини ўз кўзи билан кўради. Лекин кеч бўлган, орқага қайтмоқчи бўлишса, жонлари хавф остида қолади, икки ўт орасида қоладилар. Агар улар илм олганларида, дин-диёнатни пухта биладиган устозларни, олимларни сўзларига қулоқ тутганларида ўзларига яхши бўларди. Мусулмонларни қонини тўкмас, балки уларга бирор фойдаси тегадиган иш билан шуғулланишарди. Бир мусулмонни ҳеч сабабсиз ўлдирган киши Қиёматда Аллоҳ таолога қандай ҳисоб беради, ваҳоланки, ҳеч бир асоссиз одам ўлдириш энг катта гуноҳлардан биридир.

 Жиҳод – луғатда “жидду-жаҳд билан ҳаракат қилиш”“бор имкониятни ишга солиб, қаттиқ ҳаракат қилиш”  каби маъноларни билдиради. Истилоҳда эса – дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимояси учун шариат рухсат берган йўллар билан амалга ошириладиган кураш ҳаракатларини англатади.  Бу таърифга кўра, қачон душман бостириб келса, ҳаммага душманга қарши курашиш лозим бўлади. Фитначилар даъво қилганидек, Сурия ёки Афғонистон каби мамлакатларга мусулмон давлатининг чегараларини бузиб кириб, мусулмонларни ўлдириш жиҳод эмас, балки катта гуноҳдир. Бази қора кучларнинг геосиёсий мақсадлари туфайли ташкил қилинган уруш ўчоқларига бориб жанг қилиш, ҳеч қандай жиҳод эмас, балки дунё ҳамжамияти олдида Исломни ваҳший ва жоҳил қилиб кўрсатишдир. Ўша ғаразли учинчи томоннинг ишини ривожлантириш, ёрдам беришдир.  Ваҳоланки, Аллоҳ таоло одамзотни ерни вайрон қилиш учун эмас, обод қилиш учун яратган, Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламни инсониятга азоб қилиб эмас, раҳмат қилиб юборган. Аллоҳ таоло Анбиё сураси 107-оятида шундай дейди:

"و ما ارسلناك الا رحمة للعالمين"

“Биз сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”

Ҳа, У зот келтирган  Қуръон ва Суннат бутун коинотга; жонли ва жонсиз мавжудодларга ҳам раҳм-шафқат ўлароқ юборилган. Инсониятни жаҳолатдан, залолатдан маърифат ва ҳидоятга чиқариш учун юборилган. Исломнинг асл моҳиятини бузиб кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Жиҳод сўзи фақат қуролли уруш маъносида келмайди, балки маънавий курашни ҳам ифодалайди. Имом Термизий Фазола ибн Абиддан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

المجاهد من جاهد نفسه

“Мужоҳид – ўз нафсу-ҳавосига қарши курашган кишидир”, дейилган. Инсон ўз нафсини енгиб йўлга солмасдан олдин, қандай қилиб бошқаларни йўлга сола олади.

Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожеали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик   даражасини топишлиги хабар берилган. Бугунги кунда баъзи бузғунчилар ўзини портлатиб, ўзини ҳам, тинч аҳолини ҳам ўлдирган кишиларни шаҳид деб аташмоқда. Мисол тарзида Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги ғазотлардаги ҳолатларни келтиришади. Аммо ушбу ривоятларда душман билан юзма-юз турган пайтда жангга киргандан кейин ҳалок бўлишни ривоятларнинг зоҳири кўрсатиб турибди. Бу ривоятларнинг бирортаси тинч аҳоли устига портловчи модда билан кириб боришга қиёсий далил бўлолмайди. Ҳатто саҳобалар бирор юртга жанг учун борган бўлсалар ҳам, бир киши азон айтганини эшитиб қолсалар жангсиз ортларига қайтишган. Ғазотларда қуролсиз кишилар, қариялар, болалар, аёллар ва ибодатхоналардаги роҳибларга умуман тегишмаган. Тинч аҳоли орасига кириб ўзини портлатган шахс, ҳам ўз жонига ва ҳам ўзгалар жонига тажовуз қилган бўлади. Бу ҳолатда унга шаҳидлик эмас, балки гуноҳкорлик мақоми берилади. Аллоҳ таоло Моида сураси 32-оятида:

"من قتل نفسا بغير نفس او فساد في الارض فكأنما قتل الناس جميعا"

“Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади”, деб огоҳлантирган.

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,

Абу Ҳафс Кабир масжиди имом хатиби А. Абдуллаев

 

 

4203 марта ўқилди

Мақолалар

Top