Мақолалар

ЯССАВИЙ ВА УБАЙДИЙ: кўнгил поклигига эришмасдан туриб, бирор мақсадга эришиб бўлмайди...
Ўзбек тасаввуф адабиётининг асосчиси Хожа Аҳмад Яссавий ўзининг шеърий ҳикматлари воситасида халқ оммасига оят ва ҳадис асосидаги тасаввуфий ғоялар мазмунини, ахлоқий- маърифий қарашларни енгил, содда тарзда англатди. Барча амалларни ишқ ва муҳаббат ҳамда гўзал хулқ ила бажаришга ундади.
 
Аҳмад Яссавийдан сўнг «Девони ҳикмат» услубида ижод қилиш – шеърий ҳикмат айтиш ва ёзиш анъана тусини олди. XII асрда ҳикматнавислик анъанаси тўлиқ шаклланиб улгурди. Бу даврда ижод этган Сулаймон Боқирғоний, Юсуф Байзовий, Тож Хожа, Ҳубби Хожа ҳикматлари бизгача етиб келган.
 
XV асрнинг охирларига келиб, бир қатор ҳикматнавис шоирлар етишиб чиқдилар. Булар орасида Камол шайх Иқоний, Шамс Ўзгандий сингари Яссавий издошларини алоҳида таъкидлаш зарур. XVI асрнинг биринчи ярмида Худойдод, Убайдий сингари ҳикматнавис шоирлар ижоди билан ҳикмат ёзиш анъанаси энг юқори поғонага кўтарилди ва машҳур бўлди.
 
Аҳмад Яссавийнинг издошларидан бири XVI аср Мовароуннаҳр ижтимоий- сиёсий ҳаётида фаол иштирок этган шоҳ ва сўз санъаткори Убайдуллахондир. Мирзо Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий», «Нафоисул-маосир», «Баҳрул-асрор», Ҳасанхожа Нисорийнинг «Музаккирул-аҳбоб» сингари кўплаб тарихий, илмий-адабий асарларда маълумотлар келтирилган.
 
Яссавийшунос олим Н. Ҳасан Шайбонийхон ва Убайдуллахоннинг Яссавийга эргашиб ёзган шеър ва ҳикматларини XVI аср ўзбек адабиётидаги «яссавий анъаналари» сифатида тадқиқ этган.
 
Убайдуллахон Марказий Осиё маданий ва адабий ҳаёти тарихида сезиларли из қолдирган. Унинг тўлиқ исми Убайдуллахон ибн Маҳмуд султон ибн Будоғсултон ибн Абулхайрхондир. У 1487 йилда (ҳ. 892) Хоразмнинг Вазир шаҳри яқинидаги Ямани Тирсак мавзесида дунёга келган. Убайдий ўз даврининг энг етук олимларидан таълим ва тарбия олади. Араб ва форс тилларини қунт билан ўқиб-ўзлаштиради. Етти хил ҳусни хатда ёза олар, Қуръон мутолаа ва қироатини осонлаштириш учун туркий тильда Қуръон тафсирини ёзган эди. 
 
18 ёшида Шайбонийхоннинг кўмагида Бухоро тахтига ўтиради. У Бухоро тахтига ўтирган йили Шайбонийхон Хоразмга юриш бошлайди. Унда Убайдий ҳам иштирок этиб, жасур, тадбиркор, моҳир саркарда эканлигини исботлайди. У Шайбонийхон вафотидан сўнг юртимизга бостириб кирган Эрон босқинчиларига қарши амакиваччаси Темур Султон билан бирга курашган, юртимиз мустақиллигини сақлаб қолган жасур саркарда, ватанпарвар инсон эди.
 
Убайдий подшоҳлиги даврида Бухоронинг ободончилиги ва қурилишлари учун ҳам жон куйдирган шахс эди. Масалан, асрлар оша илм маскани бўлиб хизмат қилган Мир Араб мадрасаси унинг даврида қурилган эди. У ҳофизи Қуръон, тафсир, фиқҳ ва ҳадис каби исломий илмларни эгаллаган олим, наққош ва мусиқашунос санъаткор, маърифатли хон, ўз даврининг йирик талантли шоири бўлиши билан бирга Хожа Аҳмад Яссавий анъаналарининг шеъриятдаги йирик давомчиларидан бири эди. У 1540 йили (ҳ. 945-946) касаллиги сабабли вафот этади ҳамда Хожа Нақшбандийнинг оёқ учи тарафига дафн этилади.
 
Убайдий шарқ шеъриятининг бир қатор жанрларида қалам тебратган шоир эди. Унинг бизгача етиб келган энг муҳим асари «Куллиёти Убайдий» деб номланган. «Куллиёт» ҳижрий 991, милодий 1583 йилда Мир Ҳусайн ал- Ҳусайний томонидан кўчирилган. «Куллиёт»да арабча, форсча ва туркийда битилган шеърлар мавжуд бўлиб, Яссавиёна битилган 240 дан ортиқ ҳикмат ҳам ўрин олган.
 
Убайдий «Куллиёт»даги ҳикматлар «Девони ҳикмат»нинг тил ва услуби, вазн ва шакли, мавзу ва ғоясидан таъсирланиб ёзилган.
 
Аҳмад Яссавийнинг «Девони ҳикмат»ида маънавий-ахлоқий комиллик ва ошиқлик бир-бирига боғлиқ тарзда баён қилинган. Комил инсон бўлиш учун ошиқнинг одоб-ахлоқли бўлиши керак. Ошиқ манманликдан воз кечиши, бошқаларга ғамхўр, қаноаткор бўлиши, ўзгаларга яхшилик қила олиши, ёлғон сўзламаслиги, инсонларнинг кўнглини ранжитмаслиги лозим.
 
Суннат эрмиш, кофир бўлса берма озор,
 
Кўнгли қаттиқ дилозордан Худо безор.
 
Байтда дилозорлик, кўнгил қаттиқлиги сингари иллатлар қораланган.
 
Тасаввуф таълимотига кўра, кўнгил поклигига эришмасдан туриб, бирор мақсадга эришиб бўлмайди. Шу боис ҳам унда инсониятнинг нозик хилқати бўлган Кўнгил ва қалбнинг ўрни беқиёсдир. Кўнгил иймон нури порлайдиган жой; меҳр, шафқат, севги ва муҳаббат сингари туйғуларнинг манбаидир; ғайбий ҳақиқатлар жилоланиб, маърифат сирлари порлайдиган макондир; Кўнгил- Ҳақиқат тажаллий этадиган ягона борлиқдир.
 
«Девони ҳикмат»да кўнгил улуғланган, муқаддаслиги таъкидланган ўринлар кўп учрайди. XVI аср ўзбек мумтоз адабиётининг атоқли намояндаси, Яссавий издошларидан бўлган ҳикматнавис шоир Убайдий кўнгил тимсоли ва унинг илоҳий «мазҳар» – макон эканини ўз ҳикматларида баён қилган :
 
Ёрики, эй рафиқим, сиғмас жаҳон ичинда,
 
Сиғмағлиғи ажабдур бир зарра жон ичинда.
 
Жон каби сиррин асраб, истанг кўнглунда они,
 
Манзил анга кўнгулдур, кавну макон ичинда.
 
«Мен еру осмонга сиғмадим мўмин бандамнинг қалбига сиғдим», «Мен бандамнинг суратига қарамайман, унинг қалбига қарайман» мазмунидаги ҳадисларда ҳам қалб-кўнгил улуғланади. Шарқ мумтоз шеъриятида кўнгил муқаддас Каъба билан тенглаштирилишининг сабаби ана шундадир. «Мифтоҳ ул-қулуб»да кўнгилга озор беришнинг фожиаси қуйидагича изоҳланади: «Кўнгул қалбнинг ичидадур. Шарафи қалбдан кўп ортиқ эрур. Қалбга озор бериш инсонни сиртдан бузади, чиркинлаштиради ва ҳалок айлайди... Кўнгул қалбнинг бағрида бўлганлиги туфайли кўнгулга қаттиқ тегмак одамни ҳам зоҳиран, ҳам ботинан ҳалок этар».
 
Убайдийнинг «бузма кўнгулни овлағил» радифли ҳикматида ана шу иллат қораланган бўлиб, Кўнгилнинг таърифи билан ҳамоҳанг тарзда ифодаланган:
 
Арш дегон кўнгул эрур, бузма, кўнгулни овлағил,
 
Каъба дегон ҳамул эрур, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Ҳикматларда ифода этилишича, ошиқ ҳаётининг мазмуни ишқдир. Ошиқнинг пок назарида мажоз ҳақиқатга айлангач, ҳайрат кўзгуси бўлмиш завқу шавқ ишқнинг натижасидир. Убайдийнинг таърифича, Кўнгил ҳеч қаерга сиғмаган ишқни бағрига сиғдира олган қудратли борлиқдир. Бу қудратли борлиқ шундай шаффоф хусусиятга ҳам эгаки, нотўғри ҳаракат туфайли озор топиши мумкин. Шунинг учун ҳикмат қаҳрамони – ориф уни ранжитмаслик, аксинча уни овлаш зарурлигини айтади:
 
Шавқи завқи қондадур, телба кўнгул не жондадур,
 
Ишқи Анинг ондадур, бузма, кўнгулни овлағил. (К. 341б)
 
«Девони ҳикмат»да «Кўнгил имон уйидир, уни вайрон қилма» мазмунидаги мисралар мавжуд. Шунингдек, кўнгилни оғритмоқлик жоҳиллик аломати эканлиги, бу иллатни Субҳон – Аллоҳ ҳам севмаслиги айтилади:
 
Аллоҳ айди: имон уйин қилма вайрон!
 
Кўнгул бузғон жоҳилларни суймас Субҳон,
 
Рост қулларни кўнглидадур Ҳақ Бурҳон,
 
Ҳалим бўлуб дийдор кўрунг, дўстларимо. (Д.Ҳ.38)
 
Убайдий «Девони ҳикмат» мавзусини давом эттиради. Кимки кўнгулни бузса, жафо қилган бўлади. Худо бундай ишларга ҳеч қачон рози бўлмайди, ҳатто дилозорларнинг душмани бўлади. Дилозорлар эса охир оқибат балога мубтало бўлади:
 
Кимки бузар жафо бўлур, душман анга Худо бўлур,
 
Бузғонидин бало бўлур, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Убайдий меҳр, сир, фикр, сўз, шукр сингари муқаддас туйғу ва тушунчаларнинг кўнгилда маскан тутганини алоҳида таъкидлайди. Бу эса шоир ҳикматининг таъсир қувватини янада оширишга хизмат қилган:
 
Меҳри, сирри, фикри ҳам, дарду дуруд зикри ҳам,
 
Сўзи доғи шукри ҳам, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Кейинги мисраларда Кўнгилнинг маърифат манбаи, Ҳақ назаргоҳи, Ҳақнинг ҳар дам Кўнгилнинг ҳолидан хабардорлиги, инсон ва Илоҳни боғловчи восита эканлиги Кўнгилнинг муқаддаслигига урғу берилади:
 
Тенгри анга назар қилур, ҳолин анинг ҳамул билур,
 
Маърифат андин очилур, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Кейинги байтда ўзбек мумтоз шеъриятида ҳам кўп учрайдиган мотив - Кўнгул шу даражада муқаддаски, уни хор-зор кўрган ва оғритган Каъбани бузганчалик ваболга учраши ўз ифодасини топган:
 
Қилма кўнгулни сен афгор, бузубон они хору зор,
 
Каъбани бузғонингча бор, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Мутасаввифларга кўра ҳар бир ёмонликнинг манбаи нафсу ҳаводир. Нафсу ҳаво таъсирига берилиб, кўнгилга жабр қилмаслик керак:
 
Нафсу ҳаво юзин кўруб, юзни аларға келтуруб,
 
Жавр кўнгулга еткуруб, бузма, кўнгулни овлағил.
 
Инсон кўнглини оғритиш ўзаро зиддият ва жанжаллар оқибатида рўй беради. Бундан кўнгил жафо чекади, қийналади. Бу дарднинг ягона давоси сулҳдир. Инсон бошқалар билан келишиб яшашга кўникиши зарур. Бу ўринда шоир ҳаёт тажрибасига эга бўлган донишманд сифатида кўзга ташланади:
 
Дард кўнгул жафосидур, сулҳ анинг давосидур,
 
Бўлмак анинг балосидур, бузма кўнгулни овлағил.
 
Убайдий бир мутасаввиф шоир сифатида Худонинг ризоси зор кўнгулни розилигига боғлиқ эканлигини таъкидлайди:
 
Айла ризо, Убайдиё, зор кўнгулни доимо,
 
Кўнгул ризо, Худо ризо, бузма, кўнгулни овлағил. (К.343б)
 
Хулоса шуки, «Девони ҳикмат»да инсон дилини оғритмаслик сингари эзгу ғоя илгари сурилган, кўнгил таърифига ўрин берилган бўлиб, Убайдий ўз ҳикматларида бу анъанани муваффақиятли давом эттирди. У Аҳмад Яссавийдан фарқли равишда бу мавзуни кенгроқ ифодалашга, ўз ҳикматларида кўнгил талқинини тимсол даражасига кўтаришга эришди.
 
И.Маннопов,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори, ФарДУ
1995 марта ўқилди

Мақолалар

Top