Мақолалар

Номаҳрам аёлларга қарашнинг зарари (учинчи мақола)

 

Шаръий узрлар

Авратга қарашни мубоҳ қилувчи узрлар ўнта:

1). Бирор кимсанинг зиёнига гувоҳлик қилмоқ ниятида. Масалан, зино қилувчиларнинг шахсини билиб олиш учун шаръан уларнинг авратига қараш мубоҳ;

2). Маҳкамада гувоҳлик бериш вақтида гувоҳга мубоҳ;

3). Қозига ҳам ҳукм чиқариш вақтида маҳкумлар авратига зарурат юзасидан қараш;

4). Фарзанд туғиш вақтида доялар онанинг авратига қараш;

5). Келин бўлмишнинг бокиралигини аниқлаш зарурати туғилган вақтда  текширувчи аёл келиннинг авратига қараш;

6). Айбини рад қилган вақтда. Масалан, келин бўлмиш қиз баданида айби бор эканини рад қилди. Уни айби бор ё йўқ эканини аниқлаш ниятида унинг авратига назар қилиш мубоҳ;

7). Хатна қилиш вақтида;

8). Беморни даволаш жараёнида. Шунингдек, иҳтиқон, яъни клизма қилиш учун авратга қараш мубоҳ;

9). Уйланиш ниятида. Яъни, киши ўзи уйланмоқчи бўлган аёлнинг авратини текшириб олиш учун назар қилиши мубоҳ. Текшириб бўлганидан сўнг никоҳ қилингунга қадар “Биз унаштирилганмиз” деган баҳона билан шаҳвоний суҳбатлар қуриши ҳаромдир;

10). Сотиб олиш ниятида. Яъни, бирор жорияни сотиб олмоқчи бўлган харидор уни авратларигача текшириб олиши мубоҳ саналади.

 

Ёш йигитчаларга шаҳвоний назар қилиш ҳукми

Аёлларга шаҳват билан қараш тақиқланганидек ёш йигитчаларга ҳам суқланиб қараш ҳаромдир. Шаҳватсиз бўлса зарари йўқ (Татарҳония).

Шайҳ Ибн Обидин “Роддул мухтор”да шундай ёзади: “Мултақит”да айтилдики: “Ёш йигит агар чиройли бўлса, унинг ҳукми аёллар ҳукми кабидир. Унинг бошидан то оёғига қадар авратдир”.

Саййид Абу Қосим айтадики: “Яъни, унга шаҳват билан назар қилмоқ ҳаром бўлади. Аммо у билан ёлғиз қолмоқ ва унга шаҳватсиз боқмоқни зарари йўқдир. Шунинг учун ҳам уни ниқоб тақишга буюрилмаган. Мен айтаманки: (Ибн Обидин) бу ҳукм кўкраклари кўриниб қолган, (балоғатга етмаган) ёш қизларга ҳам шомилдир. Балки баъзи фосиқлар ёш йигитчадан кўра ёш қизчаларни ҳуш кўришади (Роддул мухтор. Китобус солат. 80/с).

Муҳаммад Ходимий роҳимаҳуллоҳ “Бариқа”да келтиришича, ҳар бир аёл билан икки шайтон бўлади. Ёш йигитчалар билан эса ўн саккизта шайтон бирга бўлади. Ҳатто ёш йигитча талаби илм қилишни истаса, унинг ота-онаси фитна хавфи туфайли фарзандини ман қилишига рухсат берилади.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа ўз талабаси Муҳаммад ибн Ҳасанни таълим жараёнида орқа тарафига ўтқазиб қўяр эдилар. Чунки Муҳаммад ибн Ҳасан ёш, ҳушсуврат йигит бўлиб, Абу Ҳанифа унга назари кетиб қолишидан қўрқар эдилар.

Суфёни Саврий деди: “Бу уммат ичида уч тоифа Лутийлар бор (Лутий-баччабоз). Биринчи тоифа шаҳват билан назар қилувчилар. Иккинчи тоифа мусофаҳа жараёнида қўлларидан ушлаб ҳузур қилувчилар. Учинчи тоифа ливота қилувчилар.

“Нисобул иҳтисоб”да келтирилади: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳовлиси олдида ўтирган эдилар. Кўча бошидан келаётган, ёш ҳушсуврат йигитчага кўзи тушиб қолди. Уни кўрдию дарҳол ҳовлисига кириб кетди. Уни кетганини айтганларидан кейин ҳовлидан чиқиб келдилар. У кишидан сўралди: “Эй Абдуллоҳ, бу ишни ўз фикрингиз билан қилдингизми ёки бу ҳақда Расулуллоҳдан бир нима эшитганмисиз? Абдуллоҳ ибн Умар жавоб бердилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитгандим. Ул зот айтардилар: Уларга (шаҳвоний) қарамоқ ҳаромдир. Улар билан (шаҳвоний) гаплашмоқ ҳаромдир. Улар билан (шаҳвоний) бирга ўтирмоқ ҳаромдир».

Исмоил ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Нур сураси ўттизинчи оят тафсирида шундай ёзади: “Салаф уламоларидан аксари ёш йигитчаларга суқланиб қарашдан қайтаришларини айтардилар. Айниқса, сўфий имомлардан кўпчилиги қаттиқ турганлар. Аҳли илмлардан бир тоифа уни ҳаром деганлар. Чунки унда фитналаниш бор”.

Эр-хотин орасидаги назар одоблари

Эр хотинлар бир-бирларининг авратларига қарашлари мумкин. Шундай бўлсада одоб шуки, аврати ғализаларига қарамасин. Фуқаҳолар айтишича, жинсий муносабат вақтида қип яланғоч бўлиб олмоқ танзиҳан макруҳдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Бирортангиз аҳлига (жимо ниятида) келса (авратини) беркитсин. Агар беркитмаса фаришталар ҳаё қилиб чиқиб кетадиларда у шайтон билан қолади. Агар ораларида фарзанд вужудга келса, унда шайтоннинг ҳам насибаси бўлади (Имом Тобароний. Баззор Абу Ҳурайрадан).

Бошқа бир ривоятда “Эшшакка ўхшаб қип яланғоч бўлмасинлар”, дейилган. Жаноби Расулуллоҳ, қип яланғоч бўлиб олишни эшшакка ўхшатишлигида, бу ҳолатни яхши эмаслиги маълум бўлади.

Оиша онамиз айтган эдилар: “Расулуллоҳнинг авратини мен ҳам кўрган эмасман, менинг авратимни ул зот ҳам кўрган эмас”.

“Татархония”да айтилишича, эр ўз аёли ва жориясининг бошидан то қадамигача бўлган аъзоларига қараши жоиз. Лекин афзал бир-бирларининг авратларига қарамасликларидир.

Хулоса

Назар ҳукмларида, ёш болаларга суқланиш, аёлнинг аёлга қараши, эркакнинг эркак авратларига тикилишининг шаръан ман этилгани, албатта, беҳикмат эмас.

Бугунги кунда бутун инсониятни ташвишга солаётган баччавозлик, бесоқолбозлик, гомосексуализм, гейлик, лесбийлик, сафизм, трибадия, онанизм, вазионизм, зоофилия, педофелия ва шулар каби бошқа зино турларидан иборат бузуқликлардан инсониятни фақат Исломгина қутқариб қолиши мумкин. Айни мавзудаги ҳукмларни билган чин мусулмон, юқорида санаб ўтилган ахлоқсизликлардан қаттиқ ҳазар қилади. (Тамом).

 

Биринчи мақола: 

Иккинчи мақола: 

Муаллиф: Ботирали Алишер ўғли

Манба: fiqh.uz

2157 марта ўқилди

Мақолалар

Top