Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал кўринишлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ва таналари ҳам жуда чиройли, хушбичим, вужудларидаги аъзолари ниҳоятда бир-бирига мутаносиб эди. Пайғамбарлар ичида чиройли, гўзаллиги билан машҳур бўлган Канъон юртида туғилган, Яъқуб алайҳиссаломнинг ўғли бўлган Юсуф алайҳиссаломни биласиз. У киши (Юсуф алайҳиссалом) ўз ака-укаларининг бир қанча фитналари сабабли асир қилиб сотилган, Мисрга келтирилган. Лекин кейинчалик Мисрда танилиб, подшоҳ бўлиб кетади... Мисрдаги  бир  азиз, эътиборли  кишининг уйига қул қилиб сотилган бўлади. Юсуф алайҳиссаломнинг чиройи жамоли бу ердагиларнинг оғзига тушади. Унинг ҳуснига маҳлиё бўладилар... Юсуфни сотиб олган кишининг хотини ҳақида ҳам ҳар хил гаплар тарқатишади... Бу аёл, яъни уй соҳибаси бир куни унинг ҳақида ҳар хил гап-сўз қилиб юрган мисрлик аёлларни уйига таклиф қилади ва ҳар бир аёлнинг қўлига олма билан пичоқ беради. Юсуфга: “Аёллар олдига чиқиб бир кўриниш бер”, дейди:

...وَقَالَتِ اخْرُجْ عَلَيْهِنَّ... (سورة يوسف  :31)

Ва қолатихружна алайҳинна  – ...Кейин (Юсуфга) уларнинг олдига чиққин, деди.

Юсуф алайҳиссалом аёлларга кўрингач:

 

...فَلَمَّا رَأَيْنَهُ أَكْبَرْنَهُ وَقَطَّعْنَ أَيْدِيَهُنَّ... (سورة يوسف  :31)

Фаламма роайнаҳу акбарнаҳу ва қоттаъна айдийаҳунна  – Аёллар Юсуф алайҳиссаломни кўришлари билан “Аллоҳу акбар” деб қўлларини жуда қаттиқ кесиб олишади. Яъни аёллар Юсуф алайҳиссаломнинг ҳуснига маҳлиё бўлиб, шошиб қолиб, ҳаяжондан “Аллоҳ акбар” деб, олма кесиш учун берилган пичоқ билан қўлларини кесиб қўйдилар. Қатаа”нинг маъноси кесиш, қирқиш дегани; “Қоттаа” эса кўп кесиш дегани... Қўлларини кўп қирқишди, кўп кесишди...

Бу воқеа ҳақиқатан бўлган, чунки Қуръони каримда шундай келтирилган. Бу воқеадан Юсуф алайҳиссаломнинг қанчалик чиройли ва мафтункор ҳусн соҳиби бўлганлигини англаймиз... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, Юсуф алайҳиссаломдан ҳам чиройли эдилар. Бадавийлардан бир киши:

– Юзлари қилич каби порлар эди, – дейди. Яъни қиличдек, металлга хос ялтироқлик... Бунга бошқа бири эътироз билдиради:

– Қиличдек эмас; ойдек, қуёшдек эди! – дейди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қандай инсон бўлганликлари, бўйи-басти, сочлари қандайлиги, кўзларининг ранглари, соқоллари ва умуман, вужудлари ҳақида маълумотлар бор, албатта...

Кўрмаган кишилар кўрган кишилардан сўрашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиймолари ҳақида айтилган ривоятларнинг ичида бир машҳур ривоят бор, унда шундай дейилган:

من رآه بديهةها و من خالطه معرفة احبه، يقول ناعته لم اری قبله و لا بعده مثله

 (ترمذی عن علی)

Ман раоҳу бадиҳатан ҳобаҳу ва ман холатаҳу маърифатан аҳаббаҳу, Яқулу ноитуҳу лам ара қаблаҳу ва ла баъдаҳу мислаҳу  –

У зотни биринчи бор кўрган киши, ҳайбатларининг муаззамлигидан титрарди, қўрқарди...

Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунчалик ҳайбатли инсон эдиларки, ҳайбатларидан инсон қўрқарди ва титрарди. Баъзи бадавийлардан мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ҳузурларига келганда, у кишини кўриши билан қўл-оёқлари титрай бошлаган...

Ва ман холатаҳу маърифатан «Лекин ким у киши билан яқиндан танишса, бироз бирга бўлса, (аҳаббаҳу) у кишини яхши кўриб қоларди, севиб қоларди. (Яқулу ноитуҳу) Бошқаларга тушунтириш, таърифлаш учун шундай дерди: (лам ара қаблаҳу ва ла баъдаҳу мислаҳу) – «Бундан олдин ҳам, кейин ҳам у кишидай бирор кимсани кўрмадим!» – дерди. Ҳақиқатан, тенги йўқ, ўхшаши йўқ бир гўзаллик соҳиби эдилар...

 

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

 

 

2267 марта ўқилди

Мақолалар

Top