Мақолалар

“Бағрикенглик”нинг икки кўриниши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Олмония шарқшунос олималаридан бўлмиш Сигрид Ҳунке ўзининг “Аллоҳ таолонинг ғарбга порлаган қуёши” асарида арабларнинг фазилати борасида шундай дейди: “Салоҳиддин Айюбий Байтул Мақдисни милодий 1187 йилда эгаллаб олади (қайтариб олади). Ундан аввал 1099 йилда салбчилар у ерни мисли кўрилмаган ваҳшийликлар, қон тўкишлар билан эгаллашган эди. Аммо ваҳшийларча тўкилган мусулмонлар қони интиқоми учун Салоҳиддин Айюбий бу ердаги насронийларнинг қонини тўкмади.  Балки, уларга ўзининг одамийлигини, сахийлигини ва меҳрибонлигини кўрсатди ҳамда олий саркардалик руҳи билан хулқланишда зарбул масал ва ўрнак  бўлди. Лекин, мусулмонлардан фарқли ўлароқ, насроний саркардалар улуғ калима ва  асирлар қаршисида ҳеч қандай олийжаноб хулққа эга эмасликларини мамоён этдилар. Масалан, уларнинг бошлиғи бўлмиш “Шер юрак” лақаби билан танилган Ричард мусулмонлардан 3000 асирни омон қолдиришга ўзининг улуғлиги билан қасам ичади. Лекин тўсатдан кайфияти ўзгариб, уларнинг барчасини ўлдиришга буюради.

БАЙТУЛ МАҚДИСДА  

   Байтул Мақдисдаги аҳли зиммалардан бири ўз хўжайинига мусулмонларнинг Салоҳиддин Айюбий бошчилигида Байтул Мақдисга кираётган пайтдаги ҳодисани шундай ривоят қилади: Масжиддаги воқеаларни ўз кўзи билан кўрган ва эшитган гувоҳ келиб айтди: “Мен масжидга кирганимда мени ҳеч ким тўсмади ва суриштирмади. Натижада мусулмонлар билан аралашиб кетдим. Улар бир ерда жамланиб ўтиришар, барчаларининг ўтирган ерлари бир хил, ҳатто бошлиқларини ҳам ажратишнинг иложи йўқ эди. Уларнинг аъзолари ва ҳаракатлари сукунатда, Аллоҳ таолога тоатда эди. Мен улардан ажабландим: қандай қилиб уруш майдонида душманлару шайтонларни ақлдан оздирадилар-у бу ерда бўйсунган диндорга айланадилар?! У ерда воизни кўрдим. У минбарга чиқиб хутба қилди. Агар ушбу мавъизани чўлдаги қумларга қилинганда, албатта, улар ҳаракатга келар, отлиқларга айланар, шу ҳол давом этиб, ҳатто ер юзаси очилиб қоларди. Агар шуни ҳеч нарсани эшитмайдиган тош эшитганда, унда ҳаёт пайдо бўлиб, руҳ ҳосил бўлар эди!

   Мен уларни, модомики, мусулмон эканлар, агар-чи уларга қарши бутун дунё давлатлари жамланса ҳам, ҳеч қачон мағлуб бўлмасликларини билдим. Чунки улардаги иймон қуввати ўзларидаги ҳар қандай қувватдан кучлидир. Аксар инсонлар ўлимдан қўрқадилар. Лекин уларни бирор нарса чўчита олмайди. Чунки улар ўлимни яхши кўрадилар ва унга интиладилар, яъни Роббиларининг висоли томон ошиқадилар.

   Йўқ! Бизнинг қавмимиз бу диёрни ҳаргиз умид қилмасин. Мен сизларга айтяпман. Дарҳақиқат, мен у қавм борасида жуда яхши маълумотга эга бўлдим, улар билан аралашиб, ўзаро суҳбат қурдим ҳамда диёнатлари ва гўзал хислатларидан воқиф бўлдим. Йўқ! Биз учун у ерда насиба йўқ”.

   Батаҳқиқ, шу куни салбчилар юз йил муқимликдан сўнг бу ердан кетишди ва ҳеч қачон қайтишмади. Бу қуббада насронийларнинг ҳам, яҳудийларнинг ҳам эмас, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  шиорлари олий бўлди. Албатта, бу ердаги ҳар бир маскан ўзгарди ва бу ердаги ҳар бир туғилажак бола Салоҳиддинга айланди. Бизнинг қавмимиз қонларни бекорга тўкмади ва инсонларни бекорга ўлдирмади.

 

Али Тантовийнинг “Тарихдан қиссалар” китобидан 

Фарҳодбек  АСАТУЛЛАЕВ таржимаси 

Islom.uz сайтидан олинди

1956 марта ўқилди

Мақолалар

Top