Мақолалар

Йиқилганни суяш

Инсон шаъни - олий қадрият. Шу боисдан давлатимизда олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар, ислоҳотлар марказида шахс ва унинг манфаатлари туради. Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш давлат сиёсатининг бош мезонларидан биридир. Албатта, бу каби эзгу тамоил ҳаётимизда ўз ифодасини топмоқда.

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар ичида инсон ардоқ ва мукаррам қилиб яратган. Уни Ўзи яратган барча жонзотлардан афзал қилган. Парвардигор одамзотга бутун борлиқни бўйсундириб қўйган, ҳатто фаришталарини ҳам Одамга таъзимга буюрган. Аллоҳ таоло каломи шарифда шундай дейди: яъни:

“Дарҳақиқат, (Биз  Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. “(Исро сураси 70-оят).

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, юртимизда амалга оширилган барча ислоҳотларнинг туб замирида, аввало инсон манфаати, унинг қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқи олий қадрият сифатида эътироф этиб келинаётгани, мамлакатимизнинг энг катта бойлиги бунёдкор ва бағрикенг халқимиз эканлиги тушунчаси мужассамдир.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг дахлсизлиги асосий Қомусимиз, қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларда кафолатланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, унга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларида мўмин кишининг сифатида ҳақида марҳамат қилиб айтганлар, “Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир”. (Байҳақий ривояти).

Хабарингиз бор, Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо бўлди. Бу эса турган гапки, юртимизнинг дунё ҳамжамиятида ўзига хос ўрин эгаллаётганидан далолатдир. Албатта, сўнги 4 йил мобайнида бизнинг мамлакатимиз энг муҳим мақсадга эришди. Ватанимизнинг халқаро имиджи ўзгарди. Халқаро обрў ва халқаро имиджни яратиш ўз-ўзидан бўлмайди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистоннинг кўп томонлама халқаро алоқалари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Халқаро майдонда, жумладан, БМТнинг энг юқори минбаридан Ўзбекистон бугун дунёни ташвишга солаётган долзарб масалалар бўйича нафақат муносабат билдирувчи, балки уларнинг ечимлари бўйича аниқ таклиф бераётган, кун тартиби борасида ўз мавқеига эга давлат сифатида ўзини намоён қилди.

Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайланиши Ватанимиз мавқеини янада кучайтириб, обрўсини янада ошишга сабаб бўлди.

Шу кеча-кундузда диний соҳада ҳам вазият тубдан ўзгариб бормоқда. Жумладан, Сэм Браунбэк – АҚШнинг халқаро диний эркинлик бўйича фавқулодда элчиси ва бошқа кўплаб таниқли хорижий сиёсатчилар Ўзбекистон диний эркинликни таъминлаш йўлидаги ўзгаришлари билан бошқа мамлакатлар учун намуна ва модель бўлиши мумкин, дея эътироф этишди.

Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш динимизда энг афзал амаллардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Шуаро” сурасининг 40-оятида шундай марҳамат қилди: яъни: “(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси борлир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) авф қилиб (ўртани) тузатса, бас унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир”. Шунингдек, “Фусуллат” сурасининг 34-оятида яъни:

“Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал (муомила) билан даф этинг. (Шунда) банагоҳ сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ-содиқ дўстдек бўлиб қолур”.

Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр-тоқат, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўлган ва бўладиган  кишиларнинг феълидир.

Дарҳақиқат, озодликдан марҳум қилинган кишилар авф этилиши улар учун катта имкониятдир. Энд улар ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб, кейинги ҳаёт йўлида ватани, халқи ва президентига содиқ бўлишга аҳд этишяпти. Шунингдек, бу ерда энг асосийси, улар ўзининг аввалги танлаган йўли диндан адаштирувчи эканликларини англаб етганлигидир.

Инсон ҳуқуқлари давримизнинг энг долзарб масалаларидан биридир. Ҳар қандай мамлакатнинг демократик хусусиятларини кўрсатувчи шартлардан бири ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланиши учун қандай шарт-шароитлар яратилгани билан белгиланади.

Қадим асарларимизда инсон ва унинг шаънию аъмолини улуғловчи битикларни кўрамиз. Бугунги кунда ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Миробод туман масжидларида фаолият юритувчи имом хатиблар томонидан Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликларини юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Инсоният тараққиёти, халқларнинг фаровонлиги ва равнақи чинакамига умуминсоний қадриятларнинг қарор топиши, демократик принципларнинг амалга оширилиши, жамиятни ҳаракатга келтирувчи кучларга ишончнинг мустаҳкамланиши билан боғлиқдир.

Мустақилликка эришилгандан кейин Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Бош қомусимиз эркинлик, ижтимоий адолат, миллий давлатчилик, қадриятларни тиклаш каби эзгу орзуларни ўзида мужассамлаштирди.

Бахтимиз қомуси бўлган Конституция нормаларида нафақат инсоннинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, балки уларни таъминлаш бўйича давлат идораларининг мажбуриятлари ҳам ўз ифодасини топган.

Айни вақтда истиқлол биздан зиммамизга олган ҳалқаро мажбуриятларга риоя этиш ва уларни бажаришни, Бирлашган Миллатлар ташкилоти Низоми талаблари ҳамда ҳалқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига қатъий амал қилиб яшаш масъулиятини юклайди.

Шунга кўра, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича миллий мониторинг тизимини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб бу борада амалий қадам қўйилган.

Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, диний эркинликлар туфайли туманда фаолият юритувчи масжидларнинг имом  хатиблари ва бош имомнинг шахсий ташаббуси билан инсон ва ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари ҳақида жойларда тарғибот ва тушунтириш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Хусусан,  туман имом хатиби томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда авф этилган ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган оила вакилларига ҳар тарафлама амалий ёрдам бериляпти. Жумладан, уларга ҳаётини ва рўзғорини тиклаб олишлари учун керакли рўзғор анжомлари олиб берилди. Шунингдек, уларнинг бандлиги, тадбиркорлик учун сармоя масаласи, соғлигини тиклаш каби савобли ишларни мунатазам равишда амалга ошириб келишмоқда. Энг асосийси, авф этилган инсонлар давлатимиз томонидан ҳар доим ҳам эътиборда. Албатта, бу каби ишларни амалга оширишда мутасаддилар ўзларининг қалбларига қулоқ тутган ҳолда, том маънода инсонийлик ва эзгулик тамойилларига асосланиб фаолият кўрсатмоқда. Бу эса улар учун дастурий амаллардан биридир.

Ўтган давр мобайнида бир қанча ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларда аввало, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимояси биринчи ўринга қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат институтлари амалий фаолиятининг мавқеи охир-оқибатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги парламент, идоравий, прокурор ва суд назоратининг самарадорлиги даражаси билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг диний соҳадаги эркинликларига ҳам кенг йўл очилди. Масжидларимиз ўз фаолиятини қайта тиклади. Ва янги масжидлар ҳам қурилиб, диндошларимизга тақдим этилмоқда. Диний асарларимиз қайта нашр этилиб, аҳолига тақдим этилмоқда.

Конституция ва қонунлар билан мустаҳкамланган инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама ривожланмоқда. Юртдошларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда адвокатлик тузилмаларини роли оширилмоқда.

Албатта, ҳар қандай ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларини ҳимоя қилиш, буни Конституция ва қонунларда кафолатлаш муҳим ўрин эгаллайди.Сирасини айтганда, юртимизда фуқаролари ҳақ-ҳуқуқлари давлатимиз томонидан тўла кафолатланган.

 

Одил Холмуродов

 Миробод тумани бош имоми

 

2023 марта ўқилди

Мақолалар

Top