Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: ИЙМОН-ЭЪТИҚОД КИТОБИ (Тўққизинчи мавзу)

НАЗМ

 

Аввалғи муъман биҳнинг шарҳи

Будур иймон Худоға келтурмак,

ширк черигин замирдин сурмак,

Айтқил:  “Ло илоҳа иллаллоҳ”,

Айт, маъносидин ҳам ўл огоҳ.

Калима ушбудур, муни тўхтат,

Демаги фарз бўлди бир навбат.

Яна мундин кейинки келгусидур,

Бу ақойидким, ул дейилгусидур.

Билғилу эътиқодни мунча туз

Жону  кўнглунгда  мундоғ  ўлтурғуз  –

Ким Худодур борни ҳаст эткан,

Еру кўки баланду паст эткан.

Билки, маъбуди босазо Улдур.

Жумлаи халқдин сизо Улдур.

Ҳар неким бордур, Ул яратқандур,

Ҳастлик жарчасига қотқандур.

Бирдуру йўқ шерик Анинг ишига,

Ўхшамас ҳеч ишта ҳеч кишига.

Эҳтиёжи кишига йўқтур Анинг,

Ёру ёвар ишига йўқтур Анинг.

(Бу мавзунинг давоми бор)

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Ишониш шарт бўлган

биринчи нарсанинг шарҳи

(Иймоннинг биринчи шарти)

 

Аллоҳга  иймон  келтириш  ва  ширк  лашкарини  замирдан  суриш шуки, “Ло илоҳа иллаллоҳ”  (“Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ”) деб айтгил.

Айтгил-у, бунинг маъносидан ҳам огоҳ – хабардор бўл.

 

Иймон калимаси (Калимаи тоййиба – инсонни куфрдан покловчи калима) шудир, буни ёдингда сақлаб қўй. Бу калимани бир марта айтиш фарздир.

 

Яна бундан кейин келадиган нарса бу ақоиддир – эътиқод қилинадиган нарсалардирки, энди айтилади.

 

Эътиқодни шу қадар тўғри билиб ол ҳамда уни жон ва кўнгилда тўғри,  маҳкам  ўрнаштирки,  бутун  мавжудотни  бор  қилган,  осмону ернинг бирини юксак, бирини паст қилиб қўйган зот Аллоҳдир. Балки, маъбуди босазо – ибодатга лойиқ ва муносиб бўлган зот Удир, барча халқдан – яратилмиш бутун махлуқотдан ўзгача, тенги ва ўхшаши, мисли ва мисоли бўлмаган зот Удир.

 

Нимаики бор бўлса, ҳаммасини У яратгандир ва борлик, мавжудлик қаторига қўшгандир. У бирдир, яккаю ягонадир ва Унинг ишигашерик йўқдир. Ҳеч бир ишда ҳеч бир кишига ўхшамайди. Унинг ҳечбир кишига эҳтиёжи йўқ (ҳожатсиз ҳожатбарордир); Унинг эши, жуфти, ёрдамчиси йўқдир (чунки бунга муҳтож эмасдир). (Бу мавзунинг давоми бор)

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

1930 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top