Мақолалар

Мавлуд ойи – фазилатли ой

Ҳар йили ҳижрий йил ҳисобидаги Рабиъул-аввал, яъни “Мавлуд ойи”   кириши билан дунё мусулмонлари қатори мамлакатимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз ҳам муҳим бир санани кенг нишонлайдилар.  У ҳам бўлса “Мавлидун-Набий”, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилган саналарини шарафлаш, байрам қилиш ойидир. Бу мавлуд ойи фазилатли ойдир. Бу ойда барчамиз оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари этиб юборилган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар ишда, ҳар кунимизда, ҳар бир амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечириши бир-биримизга янада кўпроқ тарғиб қилишимиз керак бўлади.

         Мавлидун-набавийни нишонлашдан кўзланган асосий мақсад мўмин-мусулмонларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатларини пайдо қилиш ва уни янада зиёда қилиш ва сайқаллашдир.

         Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бундай марҳамат қилади: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир!” (Нисо сураси, 69-оят). Бошқа оятда: “Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига итоат этса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, бас, айнан ўшаларгина ютуқ эгаларидирлар”(Нур сураси 52-оят), дейилади.

         Қалби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат билан лиммо-лим тўлган, у зот алайҳиссаломнинг айтганларига итоат этишни ҳамма нарсадан афзал деб билган мўмин албатта Аллоҳнинг розилиги ва фазлу марҳаматига сазовор бўлади ва жаннатда у зотга қўшни бўлиш бахтини қўлга киритади.

         Уламоларимиз мўмин банданинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг қанчалик чин эканлигига қуйидаги ишлар далолат қилади дейдилар:

  • Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бўйруқларига сўзсиз бўйсуниш ва суннатларига амал қилиш;
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини аввало оиласида, қолаверса бошқа инсонларга ҳам тарғиб этиш;
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот ва саломлар йўллаш;
  • Саҳобалар ва аҳли байтлари розияллоҳу анҳумни яхши кўриш;
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳулқлари билан зийнатланиш;
  • Бидъат хурофотлардан узоқ бўлиш;
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал этмаслик, муҳаббат қилмаслик оқибатида гуноҳкор бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлиш.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ҳаётларини ўрганиб, барча иш ва амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга тарғиб қилишимиз керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини қанча кўп ўргансак, у зот алайҳиссаломга муҳаббатимиз янада ортади. Шу билан бирга, шариатимизнинг баъзи ҳукмлари ва мақсадларини яхшироқ англаймиз.

         Аллоҳ таоло барчамизга мавлуд ойини муборак айласин!

 

Шоира КАРАМОВА,

ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакиллигининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

 

11506 марта ўқилди

Мақолалар

Top