Мақолалар

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғинганда

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин.

 

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг аёли Асмо бинти Умайс розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларига бир кун бўлган эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бир кун кўрмаганларига бошларини тиззаларига қўйиб кўп йиғлардилар”. Шунда тинчлантириш мақсадида: “Кўп ташвиш чекманг! Ҳамиша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлдингиз. Иншааллоҳ, яқинда У зот алайҳиссалом билан яна кўришасиз”, дедим.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ соғинар, у зот алайҳиссалом билан кўришишни интизорлик билан кутардилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришга бўлган соғинч икки йилу уч ой давом этди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу вафот этдилар. Соғиниб кутганлари – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашишга муваффақ бўлдилар...

 

Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғир бетоб бўлиб ётардилар. Қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо У зотнинг олдиларига кирдилар. Оталарини бу аҳволда кўриб йиғладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Фотима яқинроқ кел”, дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг қулоғига бир нарсаларни айтдилар. Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг йиғилари янада кучайди. Сўнгра бошқа қулоғига яна бир нарсаларни айтдилар. Бу сафар Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо табассум қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Фотима розияллоҳу анҳодан оталари нима деганлари ҳақида сўрашганда: “Биринчи гал шу куни вафот этишлари ҳақида гапирдилар. Иккинчисида эса, менга аҳлимдан биринчи бўлиб сен етишасан дедилар”, деб жавоб бердилар.

Ҳа, Фотима розияллоҳу анҳонинг кўнгилларига фақатгина У зотга биринчилардан бўлиб етишиш таскинлик берарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни соғиниб ўтган олти ойдан сўнг Фотима розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу васаллам билан яна учрашдилар.

 

Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу

Билол розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётардилар. Аёли: “Қандай қайғуга ботдик!” деб маҳзун бўларди. Буни эшитган Билол ўлим талвасасидан туриб: “Қайғу дема, хурсандчилик дегин. Чунки эртага дўстларим – Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари билан учрашаман”, деди.

Ўлим тўшагида ётган Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу васаллам билан учрашишга ошиқардилар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса умматларини кўришга муштоқлар

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар розияллоҳу анҳум билан бирга Бақиъ қабристонига кирдилар. Шунда у зот алайҳиссалом:

– Дўстларимни кўришни жуда хоҳлайман, – дедилар.

Саҳобалар розияллоҳу анҳум:

– Ё Расулуллоҳ, Биз сизнинг дўстларингиз эмасмиз-ми? – дейишди.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сизлар менинг асҳобларим (биродарларим)сизлар. Дўстларим эса, мендан кейин келадиган, мени кўрмай туриб, менга имон келтирадиган қавмдир, – дедилар.

 

Унутманг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини кўришга жуда мушоқдирлар. Аммо биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўляпмиз-ми?

Аллоҳ таоло қалбимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатга тўлдирсин, у зот алайҳиссаломга муносиб уммат бўлишимизга тавфиқ ато этсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

2627 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top