Мақолалар

Вабога қарши курашда қозилар иштироки

Бугун бутун ­дунё коронавирус “COVID-19” инфекциясига қарши кураш олиб боряпти. Тарихда турли касалликлар эпидемиясига қарши курашишда ҳар бир жамият вакили, айниқса, фаоллар иштироки, шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этган.

Жумладан, XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё ҳудуд (Тошкент – 1892 й., Самарқанд – 1898 ва 1916 йй., Бухоро амирлиги – 1892 й.)ларида вабо (холера), ўлат (чума) ва безгак (лихорадка) каби касал­ликлар эпидемиясига қарши курашда тиббиёт ходимлари билан бир қаторда қозилар, оқсоқоллар ва бошқа маҳаллий ҳокимият вакиллари қатнашган.

1892 йили Тошкентда ва 1898 йили Самарқандда оммавий ўлимга сабаб бўлган вабо касаллигининг тарқалиши маҳаллий аҳолини саросимага солиб қўйган эди. Шу мудҳиш воқеаларнинг олдини олиш учун Бухоро амирлиги билан Россия империяси бу ҳудудларда карантин эълон қилиб, тегишли чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратгани ҳақида архив ҳужжатлари сақланиб қолган.

Ўзбекистон Миллий архиви ҳужжатларига кўра, Бухоро амири Абдулаҳадхон 1892 йил 5 июлда рус фельдшерларидан бири Станислав Сталевскийни Бухоро шаҳрида тарқалган вабога қарши курашиш учун так­лиф қилган. Ўтган давр мобайнида фельд­шер ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажарган. Бухоро амири фельдшернинг хизматини юксак баҳолаб, 1893 йил 18 августда уни катта олтин медаль билан тақдирлаган.

Кўп ўтмай, 1898 йили Самарқанд вилоятининг Анзоб қишлоғида ўлат (чума) касаллиги эпидемияга айланган. Бу хабар бутун Россия империясини ваҳимага солган. Россия империясидан бу касалликни ўрганиш учун шифокорлар жўнатилади. Улар маҳаллий аҳоли орасида касалликка қарши кураш бўйича тушунтириш ишлари олиб боришади. Жумладан, 1899 йили Петербургдан тиббиёт фанлари доктори Ягодинский Самарқандга таклиф қилинади, у самарқандлик мударрис ва талабаларга юқумли касалликлар, хусусан, чума ҳақида маъруза ўқиб, унга қарши замонавий усулларда курашиш йўллари ҳақида маълумотлар беради. Унинг маърузаси ўзбек тилига таржима қилиб турилади. Бу Самарқанд мадрасаларида ўқилган биринчи маъруза эди.

Шундан сўнг тиббиёт доктори Яго­динский Бухоро мадрасаларига маъруза ўқишга келади. Дастлаб у қозикалонга бу маърузасини ўқиб беради, шундан сўнг унга мадрасада маъруза қилишга рухсат берилади.

1898 йили Самарқанднинг Анзоб қишлоғида тарқалган ўлат касаллигининг келиб чиқиш ўчоғини ўрганган шифокор Ягодинский маҳаллий уламолар билан учрашув ўтказган. У таржимон орқали ула­молар билан суҳбатлашган. Баъзилар унинг гап­ларига ишонмаганлари боис Ягодинский уларга юқумли касалликларнинг тарқалишига сабабчи бўлган микробларнинг ҳужайраларини микроскоп ёрдамида кўрсатган.

Кўп ўтмай, Самарқанднинг Шердор мадраса­сида қози ва муфтийлар билан 300 нафар мусулмон йиғилиб, юқорида зикр этилган масалани муҳокама қилишган. Уларга ҳар хил юқумли касалликлар одамларга пичоқ кесганда, игна кирганда ёки турли-туман таом истеъмол қилганда ёхуд ифлос сувларни ичгандагина эмас, балки кўзга кў­ринмайдиган ниҳоятда кичкина микроб­лар инсон баданига кириб қолиши сабабли тана ҳароратини ошиши (иситма) касали, ўлат ва вабо каби хасталанишларга олиб келиши тушунтириб берилган. Шундан сўнг маҳаллий аҳоли шифокор Ягодинскийнинг тавсияларига қулоқ сола бошлаган.

Аммо Бухоро амирлиги аҳолиси улар учун ёт бўлган рус тиббиётини ишончсизлик ва эҳтиёткорлик билан қабул қилган. Хусусан, Миллий архив жамғармаларида сақланаётган фондда қозига келиб тушган юзга яқин маҳаллий аҳоли томонидан имзоланган мурожаатнома сақланади. Унда мурожаат этувчилар рус шифокорларининг вабо касаллигига қарши курашиш талабларини рўкач қилиб, туб аҳоли уйларига кириб келаётганидан норозиликларини билдирганлар. Қозилар эса, янги тиббий ва санитария талабларининг фойдасини аҳолига тушунтиришга уринганлари ёзилган.

Хулоса қилиб айтганда, шу кунларда бутун дунёда кузатилаётган оммавий касаллик “CO­VID-19” коронавирусининг юртимиздаги салбий оқибатларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси бўйича” фатвоси эълон қилингани айни муддао бўлди. Зеро, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, инсоният учун зарарли бўлган ҳар қандай хавф-хатарнинг олдини олиш Ислом динимизнинг асл мақсадларидан биридир.

Насриддин МИРЗАЕВ,

ЎзХИА докторанти,ЎМИ Фатво бўлими ходими

 

2001 марта ўқилди

Мақолалар

Top