Мақолалар

Қандай “канал” ёки “гуруҳ”ларни кузатяпсиз?

Бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бири бу – ижтимоий тармоқларда гуруҳ (профил, группа, канал, бот, саҳифа ва ҳоказо) очиш масаласи. Бу масалада ўта нозик ва ҳушёр бўлинмаса, инсон вафот қилгандан кейин ҳам савоб ёки гуноҳи бу гуруҳни тузиб, ташкил қилганларга ёзилиб тураверади. Чунки гоҳида текширилмаган хабар ёки гумонга асосланган мавзу фитна ва гуноҳга сабаб бўлади. Айниқса, ҳозирда турли хил номлар билан ташкил қилинган гуруҳларда мусулмонларнинг шаънига муносиб бўлмаган, масалан бировни устидан кулиш, фаҳш ва унга тарғиб қилувчи материаллар (мақола, аудио, видео ёки суратлар)ни тарқалиши, тарқатилиши одат тусига айланиб бормоқда. Масаланинг нозик жиҳатидан бири, буни қанча одам кўрса, эшитса, ўқиса гуноҳкор бўлишларидан ташқари шундан камайтирилмаган ҳолда шу ишни амалга ошираётган ташкилотчиларининг ҳам номаларига шунча гуноҳ ҳатто вафот этганидан кейин ҳам ёзилиб бораверади. Ҳадиси шарифда шундай огоҳлантирилади: “Ким бир ёмон одатни жорий қилса, унга у (ўша иш)нинг ва амал қилганларнинг ҳам гуноҳи ёзилур”.

Афсуски, бугун биз шунчалар ғафлатга ботиб, дин ва маърифатдан йироқлашдикки, буни диний-маърифий сайтлар ёки шу мазмундаги ижтимоий тармоқлар, телеграм каналлардаги кузатувчилар сонининг камлигидан ҳам кўриш мумкин. Аммо турли “приколлар”, кўнгилочар гуруҳ ёки каналлар “одам билан тўлган”. Энг ёмони, кераксиз, беҳуда нарсалар билан овора бўлиш кишини умрини заволи, асосийси эса, бу ҳолат инсонни охир-оқибат иймонидан ажралиб қолишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Энди ер юзида ноҳақдан мутакаббирлик қилаётганларни, барча оятларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмаётганларни, тўғрилик йўлини кўрсалар ҳам, уни ўзларига йўл тутмаётганларни, агар адашув йўлини кўрсалар, уни ўзларига йўл тутаётганларни Ўз оятларимдан бураман. Бундай бўлиши уларнинг оятларимизни ёлғонга чиқаришлари ва улардан ғофил бўлишлари сабабидандир” (Аъроф сураси, 146 оят).

Бугун ёшларимиз ўз динларини ишончли манбалар (сайт, профил, группа, канал, бот, саҳифа, телеграм канал-гуруҳлар ва ҳоказо)дан фойдаланиб, кишини дунё ва охират яхшилиги, илм-маърифатга етакловчи гуруҳ ёки каналларни кўриб туриб кирмасалар, бунинг ўрнига лағв, фаҳш, асоссиз хабар тарқатувчи ёки “прикол” ва масхарабозликни тарғиб қилувчи гуруҳларни кўриб, дарҳол унга аъзо бўлиш –гуноҳ саналади. Юқорида келтирилган “Ўз оятларимдан буриб қўяман” ояти ҳамда буни тафсир қилган Аллома Қуртубийнинг тафсирларидан шуни англаш мумкин. Шундай экан, қанақа канал, гуруҳ, саҳифаларни кузатяпсиз, ўзингиз билан ҳисоблашиб қўйинг!

Юнусхон МАМАРАСУЛОВ,
Марғилон шаҳар “Саид Жалолхонтўра” масжиди имом-хатиби

2243 марта ўқилди

Мақолалар

Top