Мақолалар

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит I 17-ўгит:  Росулуллоҳга кўп-кўп саловот айтинг!

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит!  

17-ўгит:  Росулуллоҳга кўп-кўп саловот айтинг!

 

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом айтинг»  (Аҳзоб сураси )

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга битта салавот айтса Аллоҳ таоло унга ўнта салавот айтади ва ундан ўнта гуноҳ ўчирилади ва у учун ўнта даража кўтарилади”, дедилар (Насаий ривоят қилган).

Хулоса:

1. Муҳаммад алайҳиссаломга энг аввало Аллоҳ таоло саловот айтмоқда. Аллоҳ томонидан у зотга  юборилган салавотнинг маъноси: “Аллоҳ таолонинг Муҳаммад алайҳиссаломга ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини”, англатади.

2. Аллоҳ таолонинг муқарраб фаришталари ҳам тўхтовсиз ҳолда Пайғамбаримизга салавот юбориб туради. Фаришталар томонидан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган салавотнинг маъноси: “У зотнинг ҳақларига дуо қилишлари ва истиғфор айтишларини”, англатади.

3. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган кишилар ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишга буюрилгандирлар. Мўминлар томонидан у зотга салавот айтишнинг маъноси: “Набий алайҳиссаломга дуо қилишлари ва у зотни улуғлашларини”, англатади.

4. Қуръон ва суннатда буюрилган бирорта амал ҳақида “Аллоҳ ва Унинг фаришталари шу амални бажаради”, деган хабар келмаган. Фақатгина, Росулуллоҳга саловот айтиш ҳақидагина ушбу амални Аллоҳ ва Унинг фаришталари ҳам бажариши айтилмоқда. Бу эса, саловот айтишнинг фазилатини янада юксалтиради.

5. Қолаверса, саловот айтган киши Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат қилиш билан биргаликда жудаям кўп ажр ва савобларга эга бўлади.

6. Аввало, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир марта саловот айтган кишига Аллоҳ таоло саловот айтади.

7. Атиги бир марта саловот айтган кишининг ўнта гуноҳи, хатоси ўчирилади.

8. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир марта саловот айтган кишининг даражаси ўн баробар кўтарилади.

9. Агар бу саловотлар қанча кўп бўлса, берилган ваъдалар ва хушхабарлар ҳам шунчалик зиёда бўлиб бораверади.

10. Саловотнинг турлари жудаям кўпдир. энг қисқаларидан бири: “Соллаллоҳу алайка я Росулаллоҳ”, “Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳи”, каби  жумлалардир.

Аллоҳумма  солли аъла саййидина Муҳаммад, Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳи.

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: 

Ёрбек Ислом

2871 марта ўқилди

Мақолалар

Top