Мақолалар

Бир савол сўрасам: Бошқа дин вакилларини диний байрамлари билан табриклаш мумкин-ми?

— Болалигимиздан турли миллат вакиллари билан қўшни бўлиб яшаб келамиз. Қўшничилик муносабатларимиз яхши, иноқмиз, байрамларда ўзаро табриклаймиз. Улар бизнинг Ҳайит байрамларимизда, биз уларни Пасха каби байрамларида табриклаймиз, ширинликлар улашамиз. Яқинда эшитиб қолдим, мусулмонлар бошқа дин вакилларини байрамлари билан табриклаши мумкин эмас экан. Шу рост-ми?

     — Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

﴿لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ إِنَّمَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ قَاتَلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَأَخْرَجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ وَظَاهَرُوا عَلَى إِخْرَاجِكُمْ أَنْ تَوَلَّوْهُمْ وَمَنْ يَتَوَلَّهُمْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

 “Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир. Албатта, Аллоҳ сизларни диний уруш қилганлар, диёрингиздан чиқарганлар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарур. Уларни дўст тутганлар, ана ўшалар, золимлардир” (Мумтаҳана сураси, 8-9 – оятлар).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада мўмин-мусулмонларни бошқа миллат ва диёнат вакиллари билан агар улар мусулмонларга диний адоват ила уруш қилмаса ва уларни сиқувга олиб ўз диёрларидан чиқариб юборишга уринмаса, яхши алоқада бўлишга буюрмоқда ва уларга нисбатан адолатли бўлишни таъкидламоқда. Аммо кимки мусулмонларга диний адоват туфайли уруш очса, уларни диёрларидан чиқарса ёки душманларига уларни диёрларидан чиқаришда ёрдам берса, албатта, ундай кишиларни дўст тутиб бўлмайди. Бу ҳам айни адолатдир.

Бугунги кунда бошқа диндагилар билан тинч яшаш босқичидан ҳам ўтиб мулоқот ва ҳамкорлик қилишга ҳам ўтилди. Инсоний алоқа юзасидан ва улар бизни диний байрамларимиз ила табриклашаётгани учун уларни ҳам табрикласа бўлади.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

2856 марта ўқилди

Мақолалар

Top