Мақолалар

Комил инсонни тарбиялаш – нақадар муҳим!..

Ҳаёт йўллари доим бир хил бўлмайди. Гоҳида паст, гоҳида баланд. Баъзан эса шундай «чуқурлик»ка тушасанки, у ердан чиқишинг имконсиздек, бунга кучинг етмайдигандек туюлади сенга. Йўл қидирасан, чора излайсан… Инсонлик, шахсият ана шу нуқтада ўртага чиқади. Қабул қилинадиган қарор сенинг ким эканингдан далолат беради: – шахсмисан ёки кимнингдир кўзгудаги акси?

Бугун жамиятда юзага келаётган муаммоларнинг сабаблари, илдизлари турлича бўлиши мумкин. Бироқ, уларнинг асл сабабларидан бири – мукаммал шахсиятларнинг йўқлиги.

 

– Истиқлолнинг илк йилларидан буён жамият олдида турган вазифалардан бири комил инсон тарбияси, деган олий мақсадни олдимизга қўйдик. Бу йўлда вазифалар белгиланди, чоралар ишлаб чиқилди. Бироқ мавжуд ижтимоий-иқтисодий вазият сабаб бу кўзланган мақсадга ета олмаганимизни орадан ўтган вақт кўрсатиб қўйди.

Бугун атрофга боқсак, муаммолар, саволлар, чигал вазиятлар… Барчасида энг жабр чеккан ҳам, жабр чектирган ҳам инсон омили, аслида шахсиятлари мукаммаллашмаган башар фарзандлари.

– Икки киши жанжаллашиб қолди дейлик. Бири-иккинчисини кечириш, жаҳли чиққанини англашга ҳаракат қилмайди. Ундан паст эмаслиги, қўрқмаслигини исботлашга киришади. Натижада ҳолат бирининг ўлими, иккинчисининг эса умрини қамоқда кечиришга маҳкум этилиши билан якунланади. Ачинарлиси, бу кўнгилсизлик сабабчилари ёш болалар эмас. Бир оилага бош бўлиб, фарзанд тарбиясини қўлга олиши лозим бўлган кишилар. Аянчли жиҳати уларнинг ўзлари ҳали тарбияга муҳтож.

– Бугун жамиятни тубдан емириб, унинг асосий бўғини бўлган оилалар таназзулига сабаб бўлаётган қайнона-келин муносабатларини ҳар қандай чора-тадбир билан ҳал эта олмаётганимиз ҳақиқат. Аслида ёш, янги бир ҳаётга бегона хонадонда қадам қўйган келинни босиқлик билан тарбиялаб, ўз измига солиши лозим бўлган қайнона шусиз ҳам бир-бирининг феъл атворига кўникиши қийин бўлаётган ёш эр-хотиннинг ўртасини очиш билан банд. Доимий танбеҳ, зуғум ва шахсиятини камситиш, аксар ҳолларда куч ишлатишгача бориб етган вазиятлар охир-оқибат аянчли воқеликларни келтириб чиқармоқда. Келинлар ё ўз жонларига қасд қилмоқдалар ёки қотилга айланмоқдалар…

Бу каби кўнгилсиз ҳолатлардан бир оз чекиниб, одатий ҳаётни кузатайлик. Салом бермаган қўшниси билан қанча юртдошларимиз юз кўрмас. Бир бор қаттиқ гапирган қариндоши билан силаи раҳмни узганлар қанча? Барчанинг наздида ҳисоб-китобли бу дунё… Атрофдагилар билан «ҳисоб-китоб»- ни тўғрилаб юриш керак… Барча ана шу фалсафани ўз ҳаётининг мазмунига айлантирган, шунга кўра иш кўради…

– Тўй қилаётган танишининг ўзига қанча тўёна бераганини эслашга уринади. Бу нарса оила даврасида муҳокамага қўйилади: «Бизга гилам қилган экан, қайтариш керак. Эртага бориб, олиб келамиз…” “... сўм пул берган экан, бермасак уят...”

Ўз навбатида қарши томон ҳам қилганига яраша жавоб кутади: «ҳаммага тўёнани дадил қилганман, бемалол қарзсиз тўйни ўтказиб оламиз…» бунга болалар гувоҳ бўлаётгани ачинарли: «Қуш уясида кўрганини қилади!».  

Ҳеч қайси томон ҳиммат ҳақида ўйламайди. Аллоҳ берибди, бераман, дея холис тўёна бериш йўқ. Ёки имконим йўқ, дея қайтармай қўя қолКомил инсонни тарбиялаш – нақадар муҳим!.. майди. Чунки ўзи ҳам ўша танишидек, берганининг қайтишидан умидвор… Қарз кўтариб бўлса-да, гилам олиб боради…

Хуллас, атроф-оламга боқиб, инсонларни эмас, бир-бирларининг кўзгудаги акси бўлган жисмларнигина кўраётгандекман. Барчанинг яшаш тарзи – “Саломга яраша алик...”

“Бироқ асли муслимлик шундайми?” Шундай яшаш тарзи уммати Муҳаммадга лойиқми? Асли динимизни мукаммал билган зотлар қандай йўл тутганлар?!

“Илм шаҳрининг дарвозаси” деган шарафли номга лойиқ кўрилган Али розияллоҳу анҳудан ибратлансак... Бир куни саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Али розияллоҳу анҳуни нега бунчалар яхши кўрасиз?” деб сўрашди. Шунда Расули акрам алайҳиссалом ушбу мажлисда ҳозир бўлмаган Али розияллоҳу анҳуни чақириб келиш учун одам юбордилар ва у ердагилардан сўрадилар: – Сиз бировга яхшилик қилсангиз, у эса сизга ёмонлик қилса, нима қиласиз? Жавоб беришди: – Яна яхшилик қиламиз! – Яна ёмонлик қилса-чи?! – Биз яна яхшилик қиламиз! – Яна ёмонлик қилса-чи? Асҳоб киром сукут сақладилар. Бунинг маъноси, ёмонликка ёмонлик қилмасак-да, яхшилик қилишда давом этмаймиз, дегани эди. Шу аснода ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу етиб келди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотдан бу саволни етти бор сўрадилар. Али розияллоҳу анҳу ҳар гал: “Яна яхшилик қиламан”, деб жавоб берди. Шунда саҳобалар: – Эй Аллоҳнинг расули, ҳазрат Алини нега бу қадар яхши кўришингизнинг сабабини энди тушундик, – дейишди.

Ҳа, бу шахсият! Исломнинг ҳаётбахш таълимотини ўрганибгина қолмай, яшаш тарзига айлантириш лозим. Инсон агар Расулуллоҳ алайҳиссалом айтган куёвларидек йўл тутса, қанчадан-қанча урушларнинг олди олинади, оқибат ришталари мустаҳкам бўлади, низолар бартараф бўлгани сабаб ер юзига Аллоҳнинг раҳмати ёғилади...

Биз бугун болаларимизни ана шундай ўз шахсиятига эга инсон қилиб тарбиялай олсак, не аъло, на қадар улкан ютуқ эди биз учун. Ўсмир ёшда бўлишига қарамай, бир тенгдошини эрмак қилиб, калтакламоқчи бўлган дўстига (аслида буни “дўстлик” деб бўлса...) бир бегуноҳни калтаклаш, молига жонига, обрўсига путур етказиш динимизга зид, менинг принципларимга тўғри келмайди. Бу ишни сен ҳам қилмайсан, чунки ёмон ишни кўрганда қайтариш мўминликдан, дея оладиган ўғилларни ўстирсак...

Коллеж ҳовлисида пичоқланиб, калтакланиб ўлдирилган жабрдийдалар, уларнинг ортидан қон йиғлаб қолган ота-оналар бўлмасди... Бегона бир йигит хат ёзиб, севги изҳор қилганида, “Сен билан гаплашиш, муносабатга киришиш эътиқодимга зид, Аллоҳ сени ҳам, мени ҳам гуноҳдан сақласин”, дея оладиган қизларни тарбияласак... ...Номусидан айрилиб, ўзини осган қизлар, номусдан етти букилиб, элга аралашолмай қолган оталар, ношаръий туғилгани сабаб ўлдирилган ёхуд чиқинди идишларига отилган норасида гўдаклар бўлмасди.

Асосийси... Одамларнинг гап-сўзларига эмас, Аллоҳнинг амри, Расулуллоҳнинг буйруқларига қулоқ тутадиган авлодни тарбиялашимиз лозим.

Манзура МАМИРОВА,

Андижон вилояти, Марҳамат тумани

 

“Ислом нури” газетасининг 12-сонидан олинди

2616 марта ўқилди

Мақолалар

Top