Мақолалар

Энг ёмон хулқ

Шариатимиз ҳар бир мўмин-мўмина учун ёлғон гапиришни, иккиюзламачилик қилишни, алдов ва фирибгарликни ҳаром қилган. Гуноҳ амалга қиёмат куни жазо муқаррар. Бу шаръий қонун жамиятдан хеч кимни истисно қилмаган ҳолда барча учун жорийдир.

Ёлғон мунофиқларнинг энг асосий сифатларидан бири бўлиб, у жуда пасткашликдир. Ёлғон ёмонлик келтиради, яхшиликларнинг йўлини тўсади. Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда бу ҳақда қуйидагича баён қилинган.

عن ابن مسعود رضي الله عنه قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: عَلَيْكُمْ بِالصِّدْقِ فَإِنَّ الصِّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الْجَنَّةِ ، وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَصْدُقُ وَيَتَحَرَّى الصِّدْقَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ صِدِّيقًا ، وَإِيَّاكُمْ وَالْكَذِبَ فَإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الْفُجُورِ وَإِنَّ الْفُجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ، وَمَا يَزَالُ الرَّجُلُ يَكْذِبُ وَيَتَحَرَّى الْكَذِبَ حَتَّى يُكْتَبَ عِنْدَ اللَّهِ كَذَّابًا.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ростгўй бўлинг! Ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга киритгай. Киши доим рост сўзлайди ва ростгўй бўлишга интилади ҳатто Аллоҳнинг хузурида уни ростгўйлардан деб ёзиб қўйилади.Ёлғондан сақланинг! Ёлғон бузуқликка олиб боради. Бузуқлик эса дўзахга улоқтиргай. Киши доим ёлғон гапиради, ёлғон гапириш пайида бўлади ҳатто Аллоҳнинг хузурида каззоб-ўта ёлғончи дея ёзиб қўйилади", дедилар.

Ёлғоннинг ҳар қандай тури ҳоҳ қавлий, ҳоҳ феълий бўлсин барчаси бирдек гуноҳдир. Айниқса у динимиз билан боғлиқ бўлса энг оғир гуноҳдир. Динга боғлиқ ёлғон деганда Аллоҳ ва Пайғамбар номидан ёлғон тўқиш тушунилади. Мавзу ва тўқима ҳадисларни ёлғон эканини билиб туриб уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар дейиш ўзини дўзахга ҳукм қилиш билан баробардир.

Турли хил дунёвий мақсадларда ёлғон ишлатиш, шахсий-моддий манфаат, бировнинг обрўсига, молига тажовуз учун ёки жамият орасида фитна тарқатишда ишлатиладиган ёлғон ҳам айнан мунофиқнинг сифатидир.

Замони саодатда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга энг кўп озор берган, у зотни қаттиқ ранжитган нарса мунофиқларнинг ёлғонлари эди.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: "Ёмон хулқлар ичида ёлғондан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ғазаблантирадигани йўқ эди."

Яни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни энг нафратлантирган, ғазабларини чиқарадиган нарса кишиларнинг ёлғончилиги бўлган экан.

Шариатимиз ёлғоннинг каттасини ҳам, кичигини ҳам бирдек тақиқлайди, ундан ҳазар қилишга амр қилади, чунки ёлғон тараққиёт кушандасидир, жамиятдаги ҳар қандай соҳада эришиладиган ютуқларни бўйнидан бўғиб турадиган сиртмоқдир. Ёлғон ҳисоботлар, ёлғон-алдов хабарлар қанчадан-қанча қудратларни оёғини осмондан қилган ва қилмоқда.

Аллоҳ таоло барчамизни ёлғон сўз ва амалдан Ўз паноҳида сақласин, Ўзининг сиддиқ бандаларидан қилсин!

 

Абдулатиф АТАХАНОВ,

Наманган шаҳар "Хўжа Амин" масжиди имом-хатиби

2769 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top