Мақолалар

Яқин орада тавба қилдингизми?!

Аллоҳ ҳақ таоло айтадики:

Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир[1].

Яна бошқа бир ояти каримада шундай дейди:

Агар ҳузурингга оятларимизга иймон келтирганлар келсалар: «Сизларга салом бўлсин, Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди. Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилиб, амали солиҳ қилса, бас, албатта, У зот мағфиратли ва раҳмли зотдир», деб айт[2].

Барча айбу нуқсонлардан пок бўлган Аллоҳ таоло, ўйламай иш қилиш ёки аҳмоқлик қилиш орқали гуноҳ орттириб, шу захоти тавбага шошилган инсонларни тавбаларини қабул қилади.

 Аммо ёмон ишларига надомат қилмайдиганлар ҳақида Аллоҳ ҳақ таоло шундай дейди: Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз[3].

Баъзи инсонлар гуноҳ қилишлари билан тавбага шошилмай то ғарғара келгунча тавба қилиб оламан деб ўйлайдилар, ана ўшаларнинг тавбалари ўша вақтда қабул қилинмайди натижада гуноҳлари билан бирга вафот этадилар – Аллоҳ сақласин – Аллоҳ ундай инсонларга аламли азоб тайёрлаб қўйгандир.

Шундай экан, жонимиз ҳалқумимизга келмай туриб тавбага шошилайлик! Ва ҳоланки ҳеч бир инсон, қачон жон топширишини билмас.

 

Муҳаммадий Абдураҳимов

“Эшон Бобохон” жомеъ масжиди имом ноиби

 

 

 

[1] Нисо сураси 17-Оят.

[2] Аном сураси 54-оят.

[3] Нисо сураси 18-Оят.

2606 марта ўқилди

Мақолалар

Top