Мақолалар

Кичик ширкдан сақланинг!

Ислом дини ҳар бир амални ихлос билан бажаришга буюради. Ихлоснинг зидди бўлган  “хўжа кўрсин”га қилинадиган ишдан сақланишга чақиради. Чунки “хўжа кўрсин”га қилинадиган ишлар риё бўлиб, бундай амал қиёмат куни ўз соҳибига манфаат бермайди.

Риё – банданинг зоҳиран Аллоҳ таолонинг ризосини топишни,ботинан эса бошқа бир мақсадни кўзлаб қилган амалидир.

Қуръони карим оятларида ва Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  ҳадисларида  “хўжа кўрсин”га иш қилишдан инсон қайтарилган.   

Жумладан, Қуръони каримда “хўжа кўрсин” учун қилинган амалига инсон ҳеч қачон савоб олмагани ҳолда,  бу амали учун азобланиши муқаррарлиги тўғрисида бундай дейилади: "Мол-мулкларини одамлар кўрсинга (риёкорлик билан) эҳсон қиладиган, (аслида эса) Аллоҳга ҳам, охират кунига ҳам имон келтирмайдиганларни (Аллоҳ севмайди). Кимгаки шайтон дўст бўлса, нақадар ёмон дўст у!" (Нисо сураси, 38-оят).

Аллоҳ таоло бандаларидан баъзиларига кўпроқ, бошқасига озроқ мол-дунё ато этиб, ҳар икки гуруҳни ҳам имтиҳон қилади. Аллоҳ берган неъматларни ҳақ йўлда, Аллоҳ буюрган ўринларга сарфлаганлар, молларидан эҳсон қилганлар, муҳтожлар ҳолидан хабардор бўлганлар ана шу имтиҳондан яхши ўтишади. Аммо бу борада бахиллик қиладиган, Аллоҳ берган неъматларни тўплаб-кўпайтиришга интиладиганлар эса Парвардигор синовидан ўта олишмайди, Аллоҳ бундайларни яхши кўрмайди. Айниқса, мазкур амалларни хўжакўрсинга қилишдан заррача фойда йўқ.

“Хўжа кўрсин” га иш қилиш,ўзини катта олиш, берганини миннат қилиш, бирор нарса берса, бошқаларга овоза қилиш каби иллатлар мусулмонларга хос бўлмаган ишлардандир. Ушбу ояти каримада Аллоҳ риёкор, “хўжа кўрсин”га иш қилувчиларни шайтоннинг дўсти демоқда. Мўмин-мусулмон киши учун шайтон билан дўст деган номни олишдан оғирроқ нарса бўлмайди.

Қатода розияллоҳу анҳу айтади: «Банда қачон риё билан (хўжакўрсинга) амал қилса, Аллоҳ таоло айтади: «Бандам Мени масхара қилаётганини кўринглар!» дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам риё, кибр, манманлик каби иллатларни кичик ширкка ўхшатганлар. Шайтон айнан кибри ва манманлиги туфайли лаънатга учраб, қувғин қилинган. Эҳсонини, амалини бошқалар кўриши учун учун, риёкорлик билан қилувчилар ҳам шайтон йўлидан юрган ҳисобланишади. Чунки улар Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонишмагани учун шайтоний васвасага учишади. Шайтон эса мўминларнинг очиқ-ойдин душманидир, у фақат ёмонликка чорлайди.Унинг сўзига кирганлар эса жаннат лаззатларидан маҳрум бўлишади.

Агар ҳақиқий саодатга эришмоқчи бўлсак, ҳар бир амалда динимиз кўрсатмасига биноан иш тутишимиз, жумладан ҳар қандай “хўжа кўрсин”га иш қилишни ташлаб, одамлар ундай десин, одамлар бундай десин, деган ният билан эмас, ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб амал қилишни ўрганишимиз лозим. Ана шунда амалларимизда риё қилмаган бўламиз. Қиёмат куни шарманда бўлмайлик десак, ихлос билан, риёсиз, фақат Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзининг розилигини кўзлаб иш қилишга одатланайлик. Аллоҳ таоло амалларимизга риё аралашишидан Ўзи сақласин!

 

Хўжақул НИЁЗОВ,

Миришкор тумани "Помуқ" жоме масжиди имом-хатиби

2195 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top