Мақолалар

Пайғамбарлик даврида ижтиҳод масаласи

Ижтиҳод луғатда бирор иш-ҳаракатни бажаришда бор куч-ғайратни сарф қилишга айтилади. У фақат куч талаб қилинадиган ишлардагина ишлатилади. Масалан, тошни кўтаришга ижтиҳод қилдим (урундим), дейиш мумкин. Аммо, қум заррасини кўтаришга ижтиҳод қилдим (урундим), дейиш тўғри бўлмайди.

Шариат уламолари ижтиҳод сўзини асосан ҳужжат саналмиш Қуръон ва суннатдан шаръий ҳукмлар истинбот қилиб олишда бор илмини сафарбар қилиш маъносида ишлатадилар. Бу сафарбарлик қуйидагича кўринишларда бўлади:

  • Ҳужжатнинг зоҳирий далолатига қараб ҳукм чиқариш. Бундай тартибда ҳукм чиқаришда ўша ҳужжат чиқарилаётган ҳукмга бевосита алоқадор бўлиши шарт қилинади. Бунга эса (яъни, ҳукм чиқаришга) ҳужжатнинг ом, хос, мутлақ, муқайяд, носих, мансух ва шунга ўхшаш жиҳатлари ўрганиб чиқилгандан кейингина киришилади.
  • Ҳужжатнинг ақлий далолатига қараб ҳукм чиқариш. Бундай тартибда ҳукм чиқаришда чиқарилаётган ҳукмга тегишли аниқ сабаб (иллат) бўлиши лозим. Яъни, ҳукми баён қилинмоқчи бўлган воқеа-ҳодиса ҳужжатга ҳам, иллатга ҳам мантиқан тегишли бўлсин. Бу эса, қиёс демакдир.
  • Воқеликни Қуръон ва суннатдан олинган умумий қоидаларга солиштириш орқали ҳукм чиқариш. Бу қоидалар жумласига истиҳсон, масолиҳул мурсала, саддуззароиъ ва бошқалар киради.

Ислом шариатининг асоси Қуръон ва ҳадис бўлишига қарамай, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга зарур ўринларда ижтиҳод қилишга ҳам рухсат берилганлиги ҳақида ҳеч қандай шак йўқ. У киши ўзлари ҳам ижтиҳод қилганлар, саҳобаларга ижтиҳод қилишликка изн берганлар ва уларнинг кўплаб ижтиҳодларини тасдиқлаганлар. Мисол учун ишончли ҳадисларда айтган қуйидаги сўзларини келтириш мумкин: “Агар мен умматимга машаққат қилиб қўймасам эдим, уларга ҳар бир намоздан олдин мисвок тутишликка буюрган бўлар эдим”. Аёлларидан бирига шундай деганлар: “Агар сенинг қавминг куфр ботқоғидан яқингинада чиққан бўлмаганда эди, мен Каъбани Иброҳим алайҳиссаломнинг пойдевори устига янгидан бино қилган бўлар эдим”.

Буларнинг барчаси, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммат манфаати учун бир ишни бошқа ишдан яхшироқ деб ихтиёр қилганликларига далилдир. Агар у кишининг ижтиҳод қилишлари жоиз бўлмаганда эди, у зотдан бундай кўпгина ўринларда ижтиҳод қилиш содир бўлмас эди.

Масалан, У зот алайҳиссалом ўз раъларига биноан ўзлари учун баъзи нарсани ҳаром қилганлар. Шундан сўнг Аллоҳ таоло у кишини бундан қайтариб:

يَا أَيُّهَا النَّبِيُّ لِمَ تُحَرِّمُ مَا أَحَلَّ اللَّهُ لَكَ تَبْتَغِي مَرْضَاةَ أَزْوَاجِكَ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ

яъни: Эй, Пайғамбар! Нега хотинларингизнинг розилигини истаб, Аллоҳ Сиз учун ҳалол қилган нарсани (асални) ҳаром қилиб олурсиз! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир. Дарвоқе, Аллоҳ сизлар учун (маълум миқдорда каффорат – жарима тўлаб) қасамларингизни ҳалоллаб олишни фарз қилган. Аллоҳ хожаларингиздир. У (барча нарсани) Билувчи ва (етук) Ҳикматли (зот)дир, деган (Таҳрим сураси, 1-2-оят).    Бу ҳақда тафсир китобларида кенг ёритилган.

Қуръннинг гувоҳлик беришича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Бадр жангида асир тушганлар устида қандай ҳукм чиқариш ҳақида маслаҳат сўрайдилар. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу асирларни озод қилиб юбориб, эвазига товон олиш маслаҳатини берадилар. Умар разияллоҳу анҳу эса, асирларни ўлдиришни маслаҳат берадилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр разияллоҳунинг фикрини қабул қиладилар. Аммо, Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилиб, Умар разияллоҳу анҳунинг фикри тўғри эканлигига ишора қилади:

مَا كَانَ لِنَبِيٍّ أَنْ يَكُونَ لَهُ أَسْرَى حَتَّى يُثْخِنَ فِي الْأَرْضِ تُرِيدُونَ عَرَضَ الدُّنْيَا وَاللَّهُ يُرِيدُ الْآَخِرَةَ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

яъни: “Бирор Пайғамбар учун, то ерда (душманларга) зарба бермагунича, асирларга эга бўлиш мумкин эмас. (Сиз – мўминлар) дунё матоҳини истайсиз. Аллоҳ эса, (сизлар учун) охиратни раво кўради. Аллоҳ қудратли ва ҳикматли зотдир” (Анфол сураси, 67-оят).

         Шунингдек, Бадр жанги кунида, жанг бошланишидан олдинроқ ҳам бир ижтиҳод қилдилар. У зот саҳобалари билан жанг қилиш учун бир жойни белгилаб, ўша ерга тушдилар. Саҳобалардан Ҳаббоб ибн Мунзир Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга: Бу жойни сизга Аллоҳ тайин қилиб бердими, ундан бошқа жойга кўчиш мумкин эмасми. Ёки бу ерни ўзингиз душманга ҳийла ишлатиш учун танладингизми? – деб сўрайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, Аллоҳ эмас, ўзим душманга ҳийла ишлатиш учун бу ерни танладим”, дедилар. Шунда Ҳаббоб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга бошқа ерни кўрсатиб, ўша ерда туриш ғалаба қозонишга яна ҳам қулайроқ бўлишини маслаҳат берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унинг маслаҳатига қулоқ солдилар ва у кўрсатга ерга кўчиб ўтишди, натижада ғалаба қозонишди.

         Бундан ташқари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам турли баҳоналар қилиб Табук жангида қатнашмасликка рухсат сўрашган мунофиқлик кишиларга рухсат беришда ҳам ижтиҳод қилганлар. Бу ҳақда ушбу оят нозил қилинган:

عَفَا اللَّهُ عَنْكَ لِمَ أَذِنْتَ لَهُمْ حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكَ الَّذِينَ صَدَقُوا وَتَعْلَمَ الْكَاذِبِينَ

яъни: “Аллоҳ Сизни афв этди. (Лекин) Сизга ростгўйлар аниқланиб, ёлғончиларни билмагунингизгача, нега уларга (жангдан қолишга) рухсат бердингиз?” (Тавба сураси, 43-оят).

         Шунингдек, Хайбар жанги кунида ҳам ижтиҳод қилдилар. Саҳобалар қозонлар осиб, тагига олов ёқиб туришганини кўрган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам улардан: “Нима учун олов ёқдинглар?” – деб сўрадилар. Улар: Хонаки эшак гўштини пиширмоқ учун, деб жавоб беришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаммасини тўкиб, қозонларни синдириб ташланглар”, дедилар. Шунда бир саҳобий туриб, ичидагини тўкиб, қозонларни яхшилаб ювсак бўлмайдими? – деб сўради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўшандай қилақолинглар”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бошида уларга қаттиқлик қилиб, ҳаромдан ман қилиш мақсадида ҳатто идишни ҳам синдириб ташлашга буюрдилар. Сўнгра, саҳобалар томонидан У кишининг буйруқларига итоат этилганини кўрганларидан кейин ҳамда идишларни синдириб ташлаш уларга моддий зарар етказиши мумкинлигини ҳис қилганларидан сўнг,  уларни ювиб, яна фойдаланаверишга рухсат бердилар.

         Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳақиқат, ўз ижтиҳодларида қиёсга ҳам мурожаат қилганликларига қуйидаги мисоллар далилдир;

         1 – Бир аёл келиб у зотга: Эй Расулуллоҳ, менинг онам вафот этганлар, лекин ҳаётлик вақтларида рўза тутишга назр қилиб, уни адо эта олмаганлар. Уларнинг ўрнига мен рўза тутиб берсам бўладими? – деб сўради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар онангнинг зиммасида бировдан қарзи бўлганда ва сен уни адо этганингда, онагнинг зиммасидан соқит бўлармиди?” – деб сўрадилар. Аёл: Ҳа, деб жавоб берди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг ҳаққи адо этилишликка яна ҳам ҳақлироқдир”, дедилар.

2 - Бир киши ўзининг хотини туққан қора рангли болани ўзиники эканлигини тан олмади. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Сенинг қизил туянг ҳечам қора рангли бўталоқ туққанми?” – деб сўрадилар. У: Ҳа, деди. “У қаёқдан қора бола туғади, деб ўйлайсан”, дедилар. У: Эҳтимол, унинг аждодларида қора рангли туя бўлгандир, деди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эҳтимол, бунинг ҳам наслида қора рангли кишилар бўлгандир, шунинг учун у қонига тортган”,  дедилар. Булардан ташқари бошқа кўплаб мисоллар ҳам мавжуд.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

https://t.me/tuhur

 

2319 марта ўқилди

Мақолалар

Top