Мақолалар

Мутаассиб жамоалар томонидан далил келтириш услубининг бузуқ талқинлари (26-қисм)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар”

Мутаассиблар томонидан далил келтиришнинг бузуқ талқинлари

Далил келтириш услуби борасидаги умумий қарашлар

Дарҳақиқат, саҳобаи киромлар шариати исломиянинг барча ҳукмларини расул алайҳиссаломнинг ўзларидан ўрганар  эдилр. Маълумки,  улар расул алайҳиссаломга яқин авлод бўлиб у зотнинг мақсад-муддаоларини яхши тушунар ҳамда кўрсатма ва иршодларидан рози бўлар эдилар. Шунинг учун ҳам  шариатнинг кўрсатмаларини бажаришда улар учун далил келтиришнинг ҳожати бўлмас эди. Расул алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин кўплаб саҳобалар жойларда илм-маърифат ёйиш учун турли шаҳарларга тарқалдилар.  Улар борган ерларида турли шароит ва ҳодисаларга  дуч келар, уларга ҳам ечим кўрсатиш зарурати туғилар эди.  Саҳобаларнинг ҳар бири саволларга Китоб ва Суннатдаги билими доирасида жавоб берар эдилар. Улар   масалаларни ечиш давомида Китоб ва Суннатдан жавоб тополмасаларгина ўз фикрлари билан ижтиҳод қилганлар. Улар ҳам ўз ижтиҳодларида  расул алайҳиссаломнинг шаръий ҳукмларга иллат (сабаби) сифатида жорий қилган асосларини қўллар эдилар.

Турган гапки саҳобаларнинг фикрлари ҳам ўзаро ихтилофли бўлиб бунинг бир қанча сабаблари мавжуд. Уларнинг орасида айримлари эшитмаган ҳадисни бошқалари эшитган бўлар эди. Ёки маълум бир набавий кўрсатмани  қайсидир саҳоба умумий рухсатга таъвил қилса, бошқа бир саҳоба уни мустаҳаблик (бажариш савобли амаллар) даражасига таъвил қилар эди. Ёки ҳар бир саҳоба расул алайҳиссаломдан кўрган воқеа-ҳодисаларнинг изоҳини ўз билим даражаларида шарҳлар эдилар. Шунингдек шаръий ҳукмларнинг иллати(сабаби) ва яна бошқа томонлари борасида ҳам ижтиҳодий ихтилофларга борар эдилар. 

Кейинчалик тобеинлар замонига  келиб улар Китоб ва Суннатга эргашиш билан саҳобаларга эргашиш орасини умумлаштирдилар. Тобеин алломаларимизнинг ҳар бири мустақил мазҳабга айландилар. Мазкур тобеинлар ўзларидан кейин пайдо бўлган машҳур фиқҳий мазҳабларнинг шайх ва пешволари эди. Улар саҳобаи киромлар нақл қилган, асослаб берган манҳаж (йўл)ни келтирдилар. Мужтаҳид алломаларимиз далил келтириш услубларини ҳам мазкур тобеинлардан ўрганиб натижада ҳар бири ўзлари яшаб турган вақт ва замон руҳидан келиб чиқиб уларни янада такомиллаштирдилар. Масалан имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Иброҳим ан-Нахаъий ва у кишининг атрофидаги тобеинларга эргашиб деярли уларга хилоф қилдилар. Аммо мисол тариқасида олсак оҳод хабарларни қабул қилиш шарти каби айрим масалалардагина улар (тобеинлар)нинг йўлига хилоф иш тутдилар. 

Имом Молик раҳимаҳуллоҳ эса тобеинлардан Робиъату ар-Рой, ибн Умарнинг хизматкори Нофиъ ва Зуҳрийларга эргашдилар. Шунингдек, саҳобаи киромларнинг ўзларигача етиб келган фатволарини ва тобеин ва табаъа тобеинларнинг фатволарини нақл қилдилар. Айниқса саййидимиз Умари одил, ибн Умар ва Оиша онамиз каби кибор саҳоба ва саҳобиялар ҳамда Саъид ибн Мусаййаб каби улуғ тобеинларнинг фатволарига эргашдилар. Уларни ривожлантириб бойитдилар.

Имом Шофеийга келсак у муҳтарам зот Мадинаи мунаввара уламоларидан таълим олдилар. Имом Моликнинг “Муватто” китобларини ёдлаб ундан ривоятлар қилдилар. Бир қанча вақт имом Моликни ҳузурларида қолиб у зотдан фиқҳ илмини ўргандилар. Кейинчалик ироқликлар фиқҳини ўрганиб Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китобларини (Абу Ҳанифанинг шогирди)  ўргандилар. Имоми Шофеий раҳимаҳуллоҳ янги фиқҳга асос солдилар. Чунки имом Шофеий икки буюк мазҳаб Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари пайдо бўлган замонда яшаганлар. Ушбу ҳар икки мазҳабнинг усул (бирламчи) ва фуруъ (иккиламчи) қоидаларини умумлаштириб ривожлантирдилар. Мазкур ҳар икки мазҳабни ўрганиб чиқар эканлар истинбот ва далилларга таяниш қоидаларидан келиб чиқиб айрим масалалар борасида уларнинг фикрини қабул қилмадилар. Шунингдек имоми Шофеий аҳли ҳадис (ҳадисларга таянувчилар) ва аҳли рой (фикрга таянувчилар)ларнинг ҳам мазҳабларини ўрганиб чиқдилар. Ўз услубларига таянган ҳолда Ироқ ва Мадина мадрасасини бирлаштирдилар. Имом Шофеийнинг мазкур услубий қўлланмалари ҳадисларнинг ишончлилик борасидаги илмий асосга тўлақонли мувофиқ келади. У зот мана шу қўлланмаларида саҳоба ва тобеинлар томонидан келтирилган жуда кўп маълумотларни тўпладилар. Кейинчалик имоми Шофеий ўз мазҳабларига хос бўлган “усул”(фиқҳшунослик асослари)  йўналишига асос солдилар ва кўплаб фақиҳларнинг  ёқлаш ва эътирофларига сазовор бўлдилар. Шундан сўнг у зотнинг мазҳаблари дунёнинг турли ўлкаларида тарқала бошлади.  

Имом Аҳмад ибн Ҳанбалга келсак, у зот Бағдодда яшаганлар. Имом Шофеийнинг қўлларида таълим олдилар. Бошланғич таълимни имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари имом Абу Юсуфдан олдилар. Ҳадис илмини гўдаклик чоғларидаёқ Ҳашим ибн Баширдан ўргандилар. Кейинчалик яманлик Абдурраззоқ ибн Ҳамом Санъонийдан ҳам ҳадис илмини ўргандилар. У зотнинг ҳам далилларни асослаш қоидалари саҳоба ва тобеинларнинг йўлига эргашишдан айро эмас эди. Ибни Бадрон “мадҳал” китобида айни шуни такидлаб ўтган. Шариат ҳукмлари борасидаги истидлол (далиллар ёрдамида асослаб бериш) қоидалари исломнинг дастлабки давридаёқ илмий дастур сифатида юқорида айтиб ўтилган тартибда юзага келган эди. Айни мазкур қоидалар мазҳаб алломаларининг заҳматли меҳнатлари эвазига ривожланди, такомиллашди. Аллоҳ таоло уларни ўз раҳматига олсин.

(давоми бор)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳид

2029 марта ўқилди

Мақолалар

Top