Мақолалар

Муножот: Расулуллоҳни соғиндим!

Оламларга Раҳмат Пайғамбар қилиб, Аллоҳ таоло томонидан юборилган, залолатдан ҳидоятни фарқини бизларга билдирган, ваҳий қилинган Қуръони каримдан таълим берган, шафоатидан барча мўмину мўминалар умидвор бўлган ё Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ич-ичимдан, юрагимнинг туб-тубидан сизга бўлган муҳаббатим сабаб бу муҳаббатни қалбимга солган Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, ё Расулаллоҳ, сизни соғиндим!

Аллоҳ таоло берган синовли мусибат кунларда ўзимга сабр сўраб, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлдим. Шоядки мусибатлар сабабидан Аллоҳ таоло мени гуноҳларимни мағфират қилса, ёинки даражотларимни кўпайтирса!

Дардларимни ота-онамга айтолмайман. Дардлаша олмайман. Улар бу дунёдан рихлат қилишган. Мен уларни фақат дуо билан ёдга оламан холос. Уларнинг ҳоллари Аллоҳ таолодан ўзгага аён эмас. Агар тирик бўлишса, дардларимни эшитар, юпанч берар эдилар. Афсус, буни энди иложи йўқ.

Мусибат ва сирларингни бир сирдошга айтасан, у сенга ачинади, юпатгандай бўлади. Лекин бундан не фойда? Ўз сиринг ичингда турганида сир, минг яқин бўлган дўстингга айтганингда эса у сир бўлмай қолади, очилиб фош бўлади. Шунинг учун Қуръон тиловат қилиб, ўзимга юпанч оламан.

Сиз билан худди мени кўриб турганингиздек тасаввур қилиб, сизга салавот, салом айтиб, дардларимни сизга тўкаман. Ё Расулаллоҳ. Шунда яна сизни соғинаман. Гар кўрмасам-да, ўзингиз айтганингиздек, салому салавотларимни эшитиб, алик оляпсиз-ку, деб яна сизни соғинавераман.

Мўминлар доимо синовда, умр ўткинчи. Дунё ғилдираги айланаверади. Умримиз тобора охират сари яқинлашяпти. Аллоҳ таолодан қолган умримни имонда, Исломда, соғ-саломатликда ўтишини сўраб, дуо қиламан. Соғинган кишимни, сизни ё Расулаллоҳ, Қиёматда кўришни, шафоатингизга муяссар бўлишни Яратгандан сўраб, дуо қиламан. То Қиёматда сизнинг шафоатингизни олмагунимча сизни соғинавераман, ё Расулаллоҳ, соғинавераман.

Соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Аллоҳумма солли ва саллим ва барик алайҳ.

Ё Рабби! Сендан сўраганим:

Қалбимдан фақат Ўзингга бўлган муҳаббатимни зиёда қил!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатимни зиёда қил!

Соғинчимга иложни фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрганимдагина қонишини, Сизга бўлган соғинчим шундай ҳолатдагина босилишини Аллоҳ таолодан сўрайман.

Инсоннинг бошига мусибат, ташвишлар, ҳаёт қийинчиликлари, яқинлардан айрилиш, кўнглига ёлғизлик заҳқумлари чўкканида фақатгина унга юпанч, ёлғиз паноҳ, ёлғиз таскинлик бўлади. Мана шу таскинлик ва юпанчни Аллоҳ таоло Каломини ўқиб, тиловат қилганимда топдим. Шу Каломни бизларга сиз етказгансиз, ё Расулаллоҳ! Шунинг учун сизни соғинавераман. Қиёматда сиз билан учрашиши насиб қилсин.

Ё Расулаллоҳ, Сизни соғиндим...

Умму Муслима

 

2658 марта ўқилди

Мақолалар

Top