Мақолалар

Мутаассиб ва бидъат аҳлларининг далил келтириш услуби (28-қисм)

“Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар”

Уларнинг  шаръий далилларни қўллаш борасидаги усул қоидалари яна қуйидаги қўшимча бандлардан иборат:

1.  Саҳобаи киромларнинг йўлларига эргашиш.

Улар шундай дейдилар: “Шубҳасиз саҳобаи киромлар динимизда улуғ мақом эгаларидир. Чунки Аллоҳ таолонинг ўзи уларни шарафлади, даража ва мартабасини кўтариб қўйди. Бу ҳақда ояти каримада шундай дейилади: “Муҳожирлар ва ансорларнинг дастлабки пешқадамлари ҳамда улар ортидан эзгулик билан борганлардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна улар учун остида анҳорлар оқувчи, (улар) унда абадий мангу қоладиган (жаннат) боғларини тайёрлаб қўйди. Ана ўша улкан ютуқдир” (Тавба, 100).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай деган: “Сизлардан кимки қаноат қилишни истаса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан қаноат қилсин. Чунки улар бу умматнинг  қалбан энг беғубор одамлари, илмда энг етуклари, юзаки такаллуфдан йироқ бўлган, ҳолат(фаолият)да ҳам энг яхши инсонлар эдилар. Аллоҳ таоло уларни пайғамбарининг суҳбати учун муносиб кўрди. Уларнинг фазлу баракотини унутманглар ва уларнинг изидан эргашинглар. Ҳеч шубҳа йўқки, улар тўғри ва ҳидоят йўлидаги зотлардир”.  

Мазкур жамоаларнинг фикрида ҳам Китоб ва Суннатни тўғри англаб етиш фақат саҳобалар орқалигина бўлади. Зеро, улар Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бевосита гаплашган, ояти карималар нозил бўлишига айнан гувоҳ бўлган инсонлардир. Аллоҳ ва расулининг ҳукмларидан назарда тутилган мақсад-муддаони яхши англаган зотлар эдилар. Хоссатан, бидъатлар кўпайиб илм камайган, тушунчалар бузилиб суннатдан узоқлашилган кейинги асрларда бу масала жуда муҳимдир. 

Улар айни мавзу юзасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзларини далил қиладилар: "Сизлардан ким мендан кейин яшаса, кўп ихтилофларни кўради. Бас, сизлар менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларнинг суннатини маҳкам тутинглар. Уларни маҳкам, жағ тиш билан тишлагандек тутинглар. Янги пайдо бўлган ишлардан сақланинглар. Чунки барча янги пайдо бўлган ишлар бидъатдир" (имом Абу Довуд ривоят қилган).

Улар Шотибийнинг қуйидаги гапини ҳам келтиради:

“Саҳобалар, тобеинлар ва уларга эргашганлардан иборат салафи солиҳларимиз Қуръон ва унга боғлиқ бўлган илмларни энг кўп билган инсонлар эдилар”.  

2.  Араб тилини яхши билиш. Мазкур масала ҳам Китоб ва Суннатнинг маъноларини яхши тушуниш учун зарурий омилдир. Айниқса, Қуръони карим нозил бўлган ва расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга гапирган шева ва услубдаги араб тилини чуқур билиш талаб этилади. Ислом  умматининг мужтаҳид ва алломалари Аллоҳ таъолонинг буйруқ ва  ҳукмларини ўзининг муносиб ўрнида етказиш учун Қуръони карим луғатига алоҳида эътибор қаратадилар. 

Ибни Абдулбарр бу ҳақида шундай деган эди:

“Аллоҳ  таъолонинг китобига изоҳ бўлмиш ҳадиси шарифларни тушуниш учун араб тили ва унинг калом хусусиятларини билишимиз талаб этилади. Араб тилининг беқиёс сўз бойлиги, шеърлари,  мажоз қоидалари, лафзий хитобидаги умумий ва хос томонлари ва яна ҳар кимнинг ўзлаштириш қобилиятидан келиб чиқадиган бошқа кўплаб имкониятлари борки, улардан кўз юмиб бўлмайди. Умари одил розияллоҳу анҳу бошқа ислом ўлкаларига, мусулмонларга  Қуръон ўргатганингиз каби суннат ва фариза (мерос илми)ни ҳамда наҳв (араб тили морфологияси) фанларини ўргатинглар, деган ёзма буйруқларни жўнатар эдилар.

3.  Бир бобда ворид бўлган далилларни ўзаро жамлаш (бир-бири билан мувофиқлаштириш).

Айтиб ўтилганидек, шаръий далиллар маълум бир қисм-қисм ҳолатда ворид бўлиб, уларнинг айримлари айримларини тўлдириб келади. Аммо уларнинг барчаси бир асосдан чиқиб келгандир. Аллоҳ таоло буни ўз оятида шундай ифодалайди:

“Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил (ноҳақлик) келмас. (У) ҳикмат ва ҳамд эгаси (томони)дан нозил қилингандир” (Фуссилат, 42).

Шунинг учун ҳам маълум бир бобда келган бир далилни олиб  айни шу бобдаги иккинчи далилни тарк қилинмайди. Зеро, бу иш далилнинг кесилиб қолишига олиб келади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деди:

“Сўнгра сизлар яна ўша, бир-бирларингизни ўлдираяпсиз, бир қисмингизни юртларидан чиқариб юбораяпсиз, уларга қарши гуноҳ ва зулм ила ҳамкорлик қилмоқдасиз. Сизга (уларнинг душманларига қарашли) асирлар келса, товон билан қутқариб юбормоқдасиз, ваҳоланки, уларни чиқариб юбориш сизларга тақиқланган эди. Ёки китоб (Таврот)нинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор этасизми? Сизлардан ким шундай қилса, унинг жазоси шу дунёда шарманда бўлиш, қиёмат кунида эса қаттиқ азобга гирифтор қилинишдир. Аллоҳ (бу) қилмишларингиздан ғофил эмасдир” (Бақара, 85).

Шунинг учун ҳам бир бобда келган барча далилларни бир ерга жамлаб улардан ҳар бир далил(насс)ини ўзининг муносиб ўрнига қўйиш керак.

Аммо шу гапларни айтаётган жамоаларнинг ўзлари ҳам айтганларидек, барча далилларни бир ерга жамлашда, улар орасини мувофиқлаштиришда жуда кўп мушкулликларга дуч келдилар. Мазкур мушкулотлардан бири (юзаки қаралганида) шаръий далиллар орасидаги ўзаро қарама-қаршилик ва турфа хиллик даражаси эди. Охир-оқибат ушбу жамоалар етук алломаларимиз асос солган далиллар орасидаги қарама-қаршиликни бартараф этишда қўлланиладиган илмий қўлланмалар ва усул қоидаларини қўллашга мажбур бўлдилар. Улар шунинг учун ҳам бу ҳақида қуйидаги  омилларни келтирадилар:

а) Усул уламолари томонидан эътироф этилган усул қоидалари асосида далиллар орасини жамлаймиз (ўзаро мувофиқлаштирамиз). Масалан, умумий масалани хосга, мутлақни (белгиланмаганни) муқайядга (белгиланганга), муташобиҳни муҳкамга, носихни мансухга қайтарамиз;

 б) усул уламолари кўрсатиб ўтган таржийҳ (қайси далил қувватлироқ эканини аниқлаш) қоидасига кўра далиллар орасини таржиҳ қиламиз. Аммо далиллар орасини мувофиқлаштириб бўлмайдиган ҳолатда таржиҳ қоидаси қўлланилмайди;

в) борди-ю далилларни мувофиқлаштиришга ҳам, уларни таржиҳ қилишга ҳам қодир бўлмасак, биз учун бу ишнинг ҳукми баён бўлганича уни тўхтатиб турамиз.    

4.  Ислом шариятидаги ҳукмлардан кўзда тутилган мақсад ва муддаони  англаб етиш. Мазкур жамоалар бу масалада Ибни Қайюмнинг қуйидаги сўзини келтиради:

“Албатта, Ислом шариатининг асоси ва биноси бандаларнинг дунё ва охиратдаги салоҳияти ва бошқа ҳикматлари устига қурилгандир. У ҳам бўлса тўлалигича адолат, тўлалигича раҳмат, тўлалигича салоҳият ва тўлалигича ҳикматдир. Демак, адолатдан айро бўлган ҳар қандай иш зулмга, раҳматдан айро бўлган ҳар қандай иш шафқатсизликка, салоҳиятдан айро бўлган ҳар қандай иш фасодга ва ҳикматдан айро бўлган ҳар қандай иш борки ўйин, эрмакка олиб борар экан, у асло шариат эмасдир. Гарчи мазкур ишга шаръий таъвиллар билан ёндашсалар ҳам”.

Улар яна – шаръий ҳукмлар ортидаги мақсадни англаб етиш мужтаҳид олимнинг фикрида мазкур ҳукмлар ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш  имкониятини беради. Ана шундагина мужтаҳид олим масолиҳни (шаръий ҳукмлар ортидан келадиган диний ва дунёвий манфаатлар) белгилай олади. Далиллар устида мустақил ижтиҳод қилиб масалаларни шаръан ва ақлан ҳам тўғри еча олади. Шундан келиб чиқиб, барча масалаларни уламоларимиз зарурий, эҳтиёжий ва таҳсиний (бажариш ихтиёрий бўлиб чиройли кўрилган амаллар) туркумлар остида тадқиқ қилдилар. Улар уммат устидан зарарни даф қилиб, харажни (шаръий аҳкомларни бажаришдаги қийинчиликларни) кетказиш қоидаларини ишлаб чиқдилар. 

Мазкур  қоидалар орқали мужтаҳид олимлар далилларни тўғри қўллаш ва ижтиҳоди борасидаги тойилишлар ва далилларни  ўзгартириб талқин қилишлардан сақланадилар, дейдилар.

Улар айни масалалар юзасидан бундан бошқа сўзларни ҳам айтиб ўтадилар. Аммо биз шу ерда мазкур жамоалар суянадиган ушбу усул ва қоидаларини зикр қилишни тўхтатамиз. Зеро, бу қоидалар уларнинг истидлол (шаръий ҳукмлар усидаги далиллар) борасидаги ўз мазҳабларига хос бўлган қоидаларидир. 

(Изоҳ: муаллиф бу сўзлари билан мутаассиб жамоалар ҳам маълум бир усул қоидаларини ишлаб чиқишга мажбур бўлишларини кўрсатиб бермоқчи. Тарж.).

 

Экстремистик ғояларни  инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан.

Таржимон: Тоҳир Воҳид

2220 марта ўқилди

Мақолалар

Top