Мақолалар

Фикр ва шукр

Тафаккур ақлга сайқал берадиган муҳим восита. Аслида “тафаккур” сўзининг ўзаги “фикр” бўлиб, бу сўз  астойдил фикр юритиш маъносини англатади.

Қуръони каримнинг кўплаб оятларида тафаккур қилишга тарғиб қилинар экан, инсон ақлининг баркамоллигига зикрга фикрни қўшиш билан эришилиши баён этилган.

Аллоҳ таоло “Юнус” сурасида: Албатта, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сувга ўхшайди. Бас, одамлар ва чорвалар ейдиган ер набототи у билан аралашиб, ер безагини олганда ва зийнатлаганда ҳамда унинг аҳли, энди бунга эришдик, деб ўйлаганда, кечаси ёки кундузи унга Бизнинг амримиз келадир. Биз уни худди куни кеча яшнаб турмагандек қуритиб қўямиз. Тафаккур қиладиган қавмлар учун оятларимизни ана шундай батафсил баён қилурмиз”, деган (24 -оят).

Фикрли, фаросатли одамлар учун бу дунё ҳаёти ҳам худди шундай. Инсон туғилади, улғайиб вояга етади. Тиним билмай ҳаракат қилади. Қандайдир натижаларга эришади ҳам. Аммо Аллоҳ таоло хоҳлаган лаҳзада у эришдим деб юрган нарсани олиб қўяди.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам тафаккур алоҳида эътибор ила тилга  олинган.

Абд ибн Ҳумайд, Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Ҳиббонлар Ато раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қиладилар: 

“Мен, Абдуллоҳ ибн Умар ва Убайд ибн Умайрлар Оишанинг олдиларига кирдик. Ибн Умар: “Бизга Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кўрган энг ажойиб нарсани айтиб беринг”, деди. У киши йиғладилар, сўнгра дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кеча ўринларидан туриб таҳорат олдилар ва намоз ўқидилар. Намозларида кўп йиғладилар. Соқоллари ва саждага бош қўйган ерлари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетди. Бомдодга азон чақириш учун келган Билол: “Эй Аллоҳнинг элчиси, ўтмиш ва келажак гуноҳларингиз кечирилгани ҳолда сизни нималар бунчалик йиғлатди?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу кеча Аллоҳ таоло бир оят туширди”, дедилар ва уни (Оли Имрон сурасининг 190-191-оятларини) ўқидилар: “Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй, Роббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу оятни ўқиб, тафаккур қилмаган кимсаларга вой бўлсин!” дедилар. (Ибн Ҳиббон ривояти, “Саҳиҳ”).

Уламоларимиз ҳам тафаккур ҳақида ажойиб фикрлар айтганлар.
Жумладан, Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ “Иҳёу улумиддин” асарида: “Ҳазрати Луқмон узоқ вақт ёлғиз ўтирар эди. Хизматкори унинг олдидан ўтаётиб: “Эй Луқмон! Ёлғиз ўзинг узундан узоқ ўтирасан. Бундан кўра, одамлар билан ўтирсанг яхшимасми?” дер эди. “Узоқ вақт ёлғиз қолиш фикрлашга қулай, узоқ фикрлаш эса, жаннат йўлининг кўрсаткичидир”, дея унга жавоб қиларди ҳазрати Луқмон”, деб ёзган.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ислом ақидасига кўра, қалбда тасаввур қилиш мумкин бўлган нарсалар ҳақидагина тафаккур қилиш мумкин. Шунинг учун Аллоҳнинг яратганлари ҳақида тафаккур қилинади – Аллоҳнинг зоти ҳақида тафаккур қилинмайди. Чунки Аллоҳнинг сурати васф қилинмайди ва шакли хаёл қилинмайди.

Тафаккур ҳақида Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу (ваф. 720 й) “Буюк Аллоҳнинг неъматини тафаккур қилиш энг фазилатли ибодатлардандир”, деган. 

Аллоҳ таоло барчамизни атрофимиздаги ҳар бир нарса ҳақида фикр юритиб, ибратланишга, биз учун яратиб қўйилган беҳисоб неъматлар учун шукрона айтишга буюрган.

Шоир Рудакийнинг қуйидаги байти бизни “Бирни кўриб фикр қил, юзни кўриб шукр қил”  деган ҳикматнинг мағзини чақишга чақиради:

Борига қаноат қил, озод яша,

Эй Рудакий, одил ва обод яша.

Ўзингдан ортиқни кўриб ғам ема,

 Сендан ожизлар бор, кўриб шод яша.

Аллоҳ таоло бизга берган неъматларни эслайлик. Ўша неъматлар устимиздан ҳам, оёғимизнинг остидан ҳам бизни ўраб олган-ку. Роббимиз Иброҳим сурасининг 34-оятида ўз неъматларини эслатиб бундай дейди: “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз”.

Тана соғлом, юрт тинч, озиқ-овқат ва кийим-кечаклар муҳайё, ҳаво ва сув... Демак, дунё бизнинг қўлимизда-ю, биз уни ҳис қилмаяпмиз.

Тўрт мучамиз соппа-соғ – шундай тугал ҳаётга эгамиз-да, унинг қанчалик бебаҳо неъмат эканини ҳис қилмаётгандекмиз. Тасаввур қилинг: мажруҳ оёқ билан юриш осонми? Оғриқ забтига олиб турса кўз юмиб ухлай олармидик ёки иштаҳа тусаган овқатни  еб ёки совуқ сувни ича  олармидик? Шундай одамлар борки, овқат уларнинг кўнглини хира қилади, ичган суви заҳар бўлиб, касалга мубтало этади. Биз ўзи аслида энг афзал неъматлар ичидамиз, лекин ўзимиз билмаймиз. Доим арзимаган нарсалар дардида куйиб-пишиб юрамиз, ўзимизни тушкунлик ва маҳзунлик домига ташлаймиз.

Олдимизда иссиқ нон, совуқ сув, тинч уйқу – бениҳоя офият турса-да, йўқотган арзимас нарсаларимизни ўйлаб уларга ачинамиз, борига шукр қилмаймиз. Аслида ихтиёримизда саодат калити, ҳисобсиз яхшилик, иқтидор, неъмат ва бошқа эзгу нарсалар бор.

Демак, илоҳий қудрат тимсоли бўлган еру осмонлар, жамики мавжудотлар, хусусан,  мукаррам зот бўлган инсон ва унга ато этилган неъматлар ҳақидаги тафаккур ва тасаввуримиз натижаси сифатида Аллоҳ таоло берган барча неъматларнинг қадрига етиб, шукр қилишимиз керак бўлар экан.

            Муҳаммади ҚОРАЕВ,

“Хожа   Бухорий”   ўрта    махсус   ислом   билим юрти маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари

 

6070 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Мазҳабсизлик – очиқ залолат Ўзганинг ҳаққи »

Мақолалар

Top