Мақолалар

Фиқҳий мазҳабларга тақлид қилиш зарурати

“Тақлид” сўзи араб тилида, бирор нарсани бўйнига осиб олиш, мансабга таъйин қилиш, мажбурият юклаш, ўхшатиш, маъноларини билдиради. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида эса, фаолиятда ўзгаларга эргашиш, ўзгалар намунаси асосида иш олиб бориш маъноларини билдириши келтирилган.

Истилоҳий маънода эса, тақлид – сўзи ҳужжат бўлмаган шахснинг гапини ҳужжатини билмасдан қабул қилиб, амал қилишдир (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Усулул фиқҳ. Б. 521).

Тақлид вожибдир. Чунки, динга амал қилишда тақлид қилмай нажот топиш мушкулдир. Баъзи шарий далилларни бир неча маънолари бўлиб, амал қилишда уларни бирини таъйин қилиш ёки устун бўлганини топишга ҳар ким қодир эмас. Бундан ташқари айрим масалалар бўладики, Қуръон ва ҳадисда унинг ёрқин далили бўлмайди. Натижада унинг ҳукмини ечиш учун бутун шаръий далилларни ўрганиб ҳукм чиқаришга эҳтиёж туғилади. Табиийки, бунга ҳар ким қодир бўлмайди. Мана шу сабаблар туфайли юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун соғлом ақл эгаларида мужтаҳид имомларга эргашиш зарур, деган фикр туғилиши табиий бир ҳолдир. Аммо, ҳозирда муайян бир мазҳабга эргашган кишиларни кўр-кўрона тақлид қилишда айблаб, уларни гумроҳликда айбловчи тоифалар пайдо бўлганки, уларнинг даъво қилишича мужтаҳид имомларга эргашиш, уларга тақлид қилишнинг ҳожати йўқ эмиш. Бу тоифа тақлидни ҳаром, ширк, тақлид қилувчиларни эса адашган  гумроҳлар деб номлашгача борадилар. Уларнинг даъвосича ҳар бир инсон ўзи тўғридан-тўғри Қуръони Карим ва ҳадислардан далил олиб амал қилиши керак. Шуни ҳам эслатиш зарурки, пайдо бўлганига 200 йилга яқин бўлган, фақат оят ва ҳадисга амал қилишни даъво қилувчи салафийлар ўзлари айтгандек битта тоифага айлана олмади. Улар ўзаро фиқҳда ихтилоф қилганларини қўйиб турайлик, ҳатто ақидавий масалаларда ҳам ўзаро ихтилоф қилганлар. 2008 йили замондош саудиялик доктор Саъд ибн Абдуллоҳ ал-Барик салафийларнинг катталари ўртасидаги ихтилофларни китоб ҳолига келтириб, унга “Ал-ийжоз фи ихтилафи Албоний ва Ибн Усаймин ва Ибн Боз” (“ал-Ийжоз” – “қисқача” ) деб номлаб, икки жилдда нашр қилган. Эътиборга молик томони у китобда салафийларнинг нафақат фиқҳда, балки диннинг асли бўлган ақидадаги ўзаро ихтилофларини ҳам келтирган. Умматни бирлаштиришни даъво қилган салафийлар 200 йил ичида тўртта катта фирқага бўлинди: ас-Салафия-ал-илмия (1920 й.), ас-Салафия ал-жиҳодия (1979 й.), ас-Салафия ас-сурурия (1984 й.), ас-Салафия ал-жомия (1990 й.). Ҳали улар Аҳли сунна вал жамоа сингари 14 асрни кўрсалар, неча тоифага бўлинаркин?!

Бунинг устига салафийлар уммат эътироф этган мужтаҳидлар, уламою фузалоларга, фақиҳ ва мутасаввиф зотларга нисбатан ҳам беодоблик қиладилар. Бунинг натижасида иттифоқ ва бирликка буюрилган уммат орасида турли шубҳалар, тафриқалар келиб чиқишига сабабчи бўладилар.

Қуйида тақлиднинг жоизлигига Қуръони карим ва суннати набавийяда келган баъзи далилларга тўхталиб ўтамиз.

Тақлиднинг вожиблигига ишора қилувчи оятлардан намуналар.

Маълумки, ҳар бир мўмин-мусулмон банданинг ўз динига амал қилишидан асосий мақсади Аллоҳ таолога бўйсуниш ва итоат этишдир. Бўйсуниш эса унинг буйруқларига итоат этиш ва у қайтарган нарсалардан қайтиш ила бўлади. Аллоҳ таоло ўз буйруқ ва қайтариқларини Қуръони карим ва пайғамбаримиз тилларидан ҳадис шарифларда баён қилган. Шунинг учун ҳам мусулмон киши амал қиладиган барча ҳукмларнинг асоси, яъни далили мана шу икки нарса ҳисобланади. Лекин ҳар қайси инсон Қуръони карим ва ҳадиси шариф ҳукмларини тўлиқ ва тўғри тушуниб амал қила олмайди. Шу сабабдан ҳукмларга тўғри ва тўлиқ амал қилиши учун, бу далилларни мукаммал тушуниб, ундан ҳукм олишга қодир инсондан сўрашга мажбур бўлади, эҳтиёжи тушади. Бунга Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам буюрган. Қуръони каримнинг ушбу оятида шундай марҳамат қилинади:

فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ

яъни: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз” (Наҳл сураси 43-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр аҳли ҳисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери амал қилиб келишмоқда. Асри саодат даврида саҳобалар бир масаланинг жавобини билмасалар, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан сўраганлар. У зотдан сўнг эса инсонлар ўзлари муҳтож бўлган масалаларида уламолардан фатво сўраб, унга амал қилиб келганлар. Модомики, инсонлар фатво сўрайдиган муфтийнинг илми ва тақвоси қаттиқ бўлса, унинг айтган гапига ҳужжат талаб қилмасдан амал этилса, мана шу истилоҳда тақлиднинг айни ўзи ҳисобланади. Зероки, тақлидга «бошқа бировнинг гапига далилини билмасдан ёки талаб қилмасдан эргашиш» деб таъриф беришган.

Дастлабки ҳижрий асрларда кўплаб авом халқлар ўзлари ишонган, унинг фатвосини бошқанинг фатвосидан устун қўйган кишиларига мурожаат қилган. Бир пайтнинг ўзида бир кишининг берган фатвоси билан чекланмасдан, хоҳлаган кишидан масала сўрайдиганлар ҳам бўлган. Бунга ўша пайтда мазҳаблар ўзига хос, ҳозиргидек услубда тартибланмагани сабаб бўлган. Лекин улар бу ишларидан фақат динни тушуниб, унга амал қилишни исташган, холос.

Кейинчалик тўрт мазҳаб ўзига хос кўринишда тузилиб, ҳар бир мазҳабнинг китоблари ёзилиб, мадрасалар уларни ўрганиш билан чекланган пайтда бу мазҳабларнинг сўзлари инсонлар ўртасида машҳур ва маъруф бўлди. Барча мазҳаббошилар ўз мазҳабларини Қуръон ва ҳадисдаги далиллар асосида барпо қилдилар. Улар ҳукмларни чиқариб олиш йўлларини араб тили нуқтаи назаридан, ҳукмларни баён қилиш услуби нуқтаи назаридан маълум қоида шаклида тартибладилар. Яъни улар ўз мазҳабларини Қуръони карим ва ҳадиси шариф асосига кўра тартибладилар. Энди бу пайтга келиб, ўзи шу ишга қодир бўлмаган, яъни шариат асосларидан ҳукм олишга қудрати етмайдиган, бунга етарлича илми бўлмаган ҳар бир мусулмон шу тўрт мазҳабдан бирига эргашиши вожиб бўлади.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга хитоб қилиб, шундай марҳамат қилган:

قُلْ صَدَقَ اللَّهُ ۗ فَاتَّبِعُوا مِلَّةَ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا وَمَا كَانَ مِنَ الْمُشْرِكِينَ

яъни: “Аллоҳ рост айтди. Иброҳимнинг йўлдан тоймаган миллатига эргашинг. У мушриклардан бўлмаган эди” (Оли Имрон сураси 95-оят).

Бошқа бир ояти каримада эса шундай дейилган: 

ثُمَّ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ أَنِ اتَّبِعْ مِلَّةَ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا ۖ وَمَا كَانَ مِنَ الْمُشْرِكِينَ

 яъни: “Иброҳимнинг ҳаққа мойил миллатига эргаш...” (Наҳл - 123)

Ушбу ояти каримдан шу маъно тушуниладики, инсон тўғри йўлда собитқадам бўлишлиги ва охират ишида хато қилмаслиги учун Китобу суннатни яхши билган, унинг дақиқ жиҳатларини кўра оладиган пешволарга эргашишлиги лозим экан. (Ат-тақлиду-ш-шаръия ва аҳамиятуҳу фил-Ислам 86-бет).

 

Тақлиднинг вожиблигига далил бўлувчи ҳадислардан намуналар.

Кўплаб саҳиҳ ҳадиси шарифларда ҳам киши дунё ва охират ишларида адашмаслиги учун ўзидан илмда ва тақвода пешқадам бўлган кишига эргашиши лозимлиги эслатиб ўтилган.

عن خذيفة قال كنا جلوسا عند النبي صلي الله عليه و سلم فقال: اني لا ادري ما قدر بقائي فيكم فاقتدوا بالذين من بعدي واشار الي ابي بكر وعمر رواه الترمذي و قال هذا حديث حسن

яъни: “Хузайфа разияллоҳу анҳу айтадилар: Биз Набий саллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида эдик. У зот: “Мен сизларнинг орангизда яна қанча яшашимни билмайман. Шунинг учун мендан кейин Абу Бакр ва Умарга эргашинглар” – дея ишора қилдилар (Имом Термизий ривояти).

Кўриб турибмизки, ушбу ҳадисда Набиййимиз алайҳиссалом ўзларидан кейин умматни тўғри йўлдан оғишмаслиги, парокандаликка юз тутмасликлари учун набавий таълимотни чуқур эгаллаган, ҳар бир ҳаракоту саканотда шу таълимот асосида иш юритувчи,  умматнинг энг сара вакилларига мурожаат қилишни уқтиряптилар.

عليكم بسنتي و سنة الخلفاء الراشدين المهديين و عضوا عليها بالنواجز رواه الترمذي و احمد

яъни: “Сизлар менинг суннатим ва тўғри йўлдан борувчи халифалар суннатини лозим тутиб, уни жағ тишларингиз билан тишланглар” (Имом  Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Аллоҳнинг бандага муҳаббати деганда Унинг инъоми, ҳимояси ва тавфиқи тушунилади. Банданинг Аллоҳга муҳаббати улуғлаш ва итоатда билинади. Демак, банда Аллоҳга, Унинг Расулига ва Расулининг йўлини тутган зотларга эргашса, уларга итоат этса ва шу йўлда мустаҳкам турсагина нажот топар экан. 

عن معاذ بن جبل ان رسول الله صلي الله عليه و سلم لما اراد ان يبعث معاذا الي اليمن قال كيف تقضي اذا عرض لك قضاء قال اقضي بكتاب الله قال فان لم تجد في كتاب الله قال فبسنة رسول الله صلي الله عليه و سلم قال فان لم تجد في سنة رسول الله صلي الله عليه و سلم و لا في كتاب الله قال اجتهد راي و لا الو فضرب رسول الله صلي الله عليه و سلم صدره و قال الحمد لله الذي وفق رسول رسول الله لما يرضي رسول الله رواه ابو داؤد

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яманга ўзларининг вакиллари қилиб юбораётиб, у кишига:

яъни: “Агар сенга бир ҳукм чиқариш керак бўлиб қолса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?” дедилар.

“Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм чиқараман”, деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳнинг Китобидан топмасанг-чи?” дедилар.

“Расулуллоҳнинг Суннати ила”, деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Расулуллоҳнинг Суннатидан ҳам топмасанг-чи?» дедилар.

«Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан. Бўш келмайман”, деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кўксига уриб:

“Расулуллоҳнинг элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин», деб ниҳоятда мамнун бўлдилар”.

Бу ҳадисдан учта нарса тушунилади:

  1. Қуръон ва суннатда шаръий далили келмаган масалаларнинг кўплиги.
  2. Қуръон ва суннатда шаръий далили келмаган масалаларда ижтиҳод қилиш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тарафидан мақбул деб билинганлиги.
  3. Ижтиҳод Аллоҳ ва Расули тарафидан солиҳ бандаларга берилган неъмат эканлиги.

"إذا حَكَمَ الحاكِمُ فاجْتَهَدَ ثُمَّ أصابَ فَلَهُ أجْرانِ، وإذا حَكَمَ فاجْتَهَدَ ثُمَّ أخْطَأَ فَلَهُ أجْرٌ" (رَوَاهُ الإِمَامُ البخاري عن عمرٍو بن العاصِ رضي الله عنه)

яъни: “Қачон ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга икки ажр берилади. Қачон ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, хато қилса, унга битта ажр берилади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Мазкур ҳадисда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ижтиҳод қилишга тарғиб қилганликларини яққол кўришимиз мумкин. У зотнинг таъкидлашларича мужтаҳид тўғри ижтиҳод қилса, иккита ажр, агар хато қилса, бир ажр берилар экан.

Тақлиднинг моҳияти

Ислом динининг асл ҳақиқати Аллоҳга итоат этишга чақиришини ҳеч бир мусулмон инкор этмайди. Шунингдек нима ҳалол, нима ҳаром ва нима жоиз, нима ножоиз эканидаги илоҳий аҳкомларнинг таржимони бўлмиш Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам итоат этиш вожиб бўлади. Чунки Аллоҳ тало Нисо сурасида: “Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади” – деган (80-оят).

Шунга аниқлик киритиб кетиш керакки, тақлид ва эргашишнинг фарқи бор. Тақлид деганда илмига амал қилувчи олимнинг айтганларига ҳужжат талаб қилмай амал қилиш тушунилади. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари ва амаллари тўғридан тўғри ҳужжат бўлганлиги учун у Зотга тақлид қилмаймиз, балки эргашамиз. Тоат ибодат масалалари, муомала масалалари барча барчасида Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қилинади. Қайси бир киши ушбу масалаларнинг ечимида Аллоҳ ва Унинг Расулининг сўзини ташлаб, бошқа кишига итоат қилиш мумкин деса, ёки мужтаҳид бу масалаларнинг ечимида Аллоҳ ва Унинг Расулига эҳтиёжи йўқ деб тушунса, бундай одам Ислом доирасидан чиқади.

Қуръони каримдаги баъзи оятлар ва баъзи ҳадислар шу даражада аниқ ва равшан келганки уни англашда ҳеч бир қийинчилик бўлмайди. Араб тилидан хабари бор кишилар мазкур оят ва ҳадисларни тушунаверадилар.  Масалан, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж ибодатларини бажариш кераклиги ёки зино, ўғирлик, қотиллик каби ишлардан тийилиш кераклиги ҳақидаги кўрсатмаларда ҳеч қандай чигаллик, махфийлик ва иккиланиш йўқ. Шу сабаб, бу масалаларда ижтиҳодга ўрин ҳам йўқ. Лекин Қуръон ва суннатда баъзи аҳкомлар борки, уни тушуниб олиш, мақсадни англаб етиш оддий инсонга мушкуллик туғдиради. Масалан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: Ким намозда Фотиҳани ўқимаса, намози дуруст эмас” – дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса: Ким имомнинг ортида намоз ўқиса, имомнинг қироати у учун ҳам қироатдир” – дейилган (Имом Аҳмад ривоятлари).

Бу ҳадисларни кўрган оддий инсон худди ёруғда равон кетаётган киши қоронғу тушгач чироғи йўқлиги сабаб юриши секинлашиб, балки умуман юролмай қолганидек, қайси ҳадисга амал қилиш керак, деган савол олдида ҳайратда қолади. Бундай пайтда ўз фикримизча иш тутмай, Қуръон ва суннатни тушунишда юксак илм соҳиблари бўлган уламоларнинг фикрига тақлид қилишимиз энг тўғри йўл бўлади.

Қуръон ва суннатдан ҳукм олишнинг икки кўриниши бор бўлиб, биринчиси: ҳар ким ўзича, ўз ақли, ўз тушунчаси қадар оят ва ҳадисларни тушуниш ва унга амал қилиш. Бу жуда хатарли ва ҳалокатга яқин йўлдир. Иккинчиси: асри саодатга яқин яшаган, саҳобалар, тобеъинлар каби нубувват чашмасидан баҳраманд бўлган салафу солиҳларнинг тушуниши.

Улар Қуръон нозил бўлган муҳит ва вақтга яқин бўлганлари, ўша давр тили ва шароитини яхши билганлари учун шариатнинг асосий манбаларини ҳозирги давр одамларидан бир неча чандон яхшироқ тушунганлар. Шу сабаб агар биринчи йўлни хатарли эканлигини англаб, ўз ақлимизга суянмай оят ва ҳадисларни англашда мужтаҳид имомлардан бирига тақлид қилсак, унинг йўлига юрсак, шунда бизни оят ва ҳадисларни тушунишда фалон олимга тақлид қилди дейилади. Бу билан биз Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини қўйиб, бир олимга эргашган бўлмаймиз. Тақлиднинг қисқача ҳақиқати шу. Агар ушбу жараёнга инсоф назари билан қаралса бундай тақлидни ширк, гумроҳлик ёки Қуръон ва ҳадисни қўйиб бошқага итоат қилиш демоқ мутлоқ ноўрин ҳисобланади. (“Тақлиднинг шаръий ҳукми китоби” 7-9 саҳифалар).

 

Тақлид икки хил бўлади

Биринчиси: киши тақлид қилиш учун муайян бир имомнинг фикрида тўхтаб қолмайди. Бир масалада бир имомни йўлини тутса, бошқа масалада бошқа имомни йўлини тутади. Тақлиднинг бу турини “тақлиди мутлақ” – “умумий тақлид” ёки “тақлиди ғойри шахсий” дейилади.

Иккинчиси: Тақлид учун муйян бир имомни ихтиёр қилади. Ҳар бир масалада унинг сўзини қабул қилади. Буни “тақлиди шахсий” дейилади.

 

Саҳобалар даври ва мутлақ тақлид

Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, тақлид саҳобалар даврида ҳам бўлган. Улардан илм билан шуғулланмаганлари ва маълум масалаларда ўзларининг ижтиҳодлари бўлмаган саҳобалар, таниқли фақиҳ саҳобаларга мурожаат қилиб уларнинг маслаҳатлари бўйича иш қилганлари тарихдан маълум. Саҳобалар даврида мутлақ тақлид ва шахсий тақлидга оид далиллар жуда кўп, бунга оид кўп китоблар ёзилган.  Шундай бўлсада, мутлақ тақлидга оид баъзи мисоллар келтирилади:

  1. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Жобияда хутба қилди, унда: “Эй одамлар! Агар сиз Қуръондан нимадир билмоқчи бўлсангиз, Убай ибн Каъбга боринг, агар меросни ўрганмоқчи бўлсангиз, Зайд ибн Собитга боринг, агар фиқҳни, ҳалол ва ҳаром ҳақида билмоқчи бўлсангиз, Муоз ибн Жабалга боринг, агар мол-дунё сўрамоқчи бўлсангиз, менга келингиз, зеро Аллоҳ мени васий ва тақсимловчи қилиб қўйди” – дедилар” (Имом Табароний ривояти).

Умар разияллоҳу анҳу ўзининг хутбасида одамларга тафсир, мерос ва фиқҳ масалаларида ҳар бир йўналишдаги мутахассис олимларини билиб олиши ва улардан ўрганишлари кераклигини айтди. Маълумки, матнларни ва барча далилларни тушунишга ҳамманинг ҳам қобилияти етмайди. Айтилганлар икки томонга ишора қилади: кимнинг қобилияти бўлса, олимларга уларнинг ҳужжатлари ва далилларини тушуниш учун мурожаат қилиши керак, қобилияти йўқлар эса, масалани ҳал қилишда олимларга мурожаат қилишлари ва уларнинг маслаҳатларига асосан иш қилишлари лозим.

Истинбот (оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш) қобилияти бўлмаган саҳобалар, илм эгаларига эргашишлари ва далилларнинг тафсилотларига берилмай, фақат уларнинг маслаҳатига амал қилиши керак.

  1. Салим ибн Абдуллоҳ ривоят қилади, “Абдуллоҳ ибн Умардан, қарз олган ва уни вақтида қайтаришга келишилган одам эслатилди. Кейин қарздор қарзни маълум қисмини муддатидан олдин берса, қолганини кечиб юборишига рози бўлди. Ибн Умар бундай келишувни маъқулламади ва ман қилди” (Имом Молик ривояти).

Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳужжат сифатида келтирилган бирорта муайян ҳадис зикр қилинмаган. Бу Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг шахсий қарори бўлгани аниқ. У ҳеч қандай далил келтирмади ва бошқалар ҳам ундан сўрамади.

  1. Абдураҳмон: “Муҳаммад ибн Сириндан умумий ҳаммомларга бориш ҳақида сўрадим, у: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу буни маъқулламаган”, деган жавобини берди”, деган (Асқалоний “Ал-Матолиб ал-олия” китобида келтирган).

Саҳобаларни жуда яхши билган тобеинлардан бири Ибн Сирин, умумий ҳаммомларга бориш ҳақидаги бир неча ҳадислар бўлишига қарамай Умарнинг маъқулламаганидан бошқа ҳеч қандай далил келтирмаган.

 

Саҳоба ва тобеинлар даврида шахсий тақлид

Шахсий тақлид (маълум бир олимга эргашиш)га ҳам ҳадис китобларидан жуда кўп мисол келтириш мумкин. Улардан баъзилари қуйида келтирилади:

حَدَّثَنَا أَبُو النُّعْمَانِ حَدَّثَنَا حَمَّادٌ عَنْ أَيُّوبَ عَنْ عِكْرِمَةَ أَنَّ أَهْلَ الْمَدِينَةِ سَأَلُوا ابْنَ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا عَنْ امْرَأَةٍ طَافَتْ ثُمَّ حَاضَتْ قَالَ لَهُمْ تَنْفِرُ قَالُوا لَا نَأْخُذُ بقولك و ندع قول زيد  صحيح البخاري

яъни: Имом Бухорий Икримадан ривоят қилади, Мадина аҳли (Маккада) Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: “Агар аёл тавоф қилаётганда ҳайз кўриб қолса, нима бўлади? деб сўрашди. Ибн Аббос: “У ҳолда аёл тавоф қилмасдан қайтиб” кетаверади”, дедилар. Мадиналиклар: “Биз Зайдни сўзини қўйиб, сизни сўзингизни олмаймиз”, дейишган.

Бу ривоятдан равшан кўриниб турибдики, Мадиналиклар саҳоба Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга шахсий тақлид қилар эдилар. Ривоятда келтирилган мадиналикларнинг “Биз Зайдни сўзини қўйиб, сизни сўзингизни олмаймиз” деган гапи бунга равшан далил бўлади.

حدثنا آدم حدثنا شعبة حدثنا أبو قيس سمعت هزيل بن شرحبيل قال سئل أبو موسى عن بنت وابنة ابن وأخت فقال للبنت النصف وللأخت النصف وأت ابن مسعود فسيتابعني فسئل ابن مسعود وأخبر بقول أبي موسى فقال لقد ضللت إذا وما أنا من المهتدين أقضي فيها بما قضى النبي صلى الله عليه وسلم للابنة النصف ولابنة ابن السدس تكملة الثلثين وما بقي فللأخت فأتينا أبا موسى فأخبرناه بقول ابن مسعود فقال لا تسألوني ما دام هذا الحبر فيكم

яъни: Ҳузайл ибн Шураҳбилдан ривоят қилинади, бир қанча одамлар Абу Мусо ал-Ашъарийга мерос масаласида савол беришди. Абу Мусо уларга жавоб бериб, фикрини тасдиқлатиш учун Абдуллоҳ ибн Масъудга мурожаат қилишни таклифини берди. Улар маслаҳатга биноан, Абдуллоҳ ибн Масъудга олдига бориб бошқача фатвони эшитдилар, қайтиб Абу Мусога Абдуллоҳ берган фатвосини айтидилар. Шунда Абу Мусо: «Сизларнинг орангизда бундай олим бор экан, мендан ҳеч нарса сўраманг», деди (Имом Бухорий, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Масъуднинг илмини юқори эканини тан олиб бошқаларни дин масалалари бўйича ундан сўрашларини буюргани, муайян кишига эргашишга амалий кўрсатма бўлди.

Баъзилар, Абдуллоҳ бор экан Абу Мусо ўзига эргашишни тақиқлаши, ўша даврда тирик бўлган бошқа саҳобалардан ҳам сўрашни ман қилмайди, дейдилар. Абдуллоҳ кўпроқ билимга эга экан, одамлар барча масалалар бўйича унга мурожаат қилишларини Абу Мусо алоҳида таъкидлаб қўйди. Бу ҳолат Усмон розияллоҳу анҳу даврида Куфада, Абдуллоҳ ибн Масъуд олим, деб тан олинган жойда бўлган. Бу вақтда ҳали ҳазрати Али Куфага келмаган эдилар. Бундан келиб чиқиб, Абу Мусонинг фикрини қуйидагича тушуниш мумкин: “Олимроқ одам бўлган вақтда, нима учун камроқ билувчи одамни олдига бориш керак? Куфада Абдуллоҳдан бошқа билимлироқ киши бўлмагани учун унга эргашиш шарт”.

Имом Абу Довуднинг “Сунан” китобида келтирилган ривоятда Амр ибн Маймун Авдий: “Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу бизнинг олдимизга, Яманга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбосарлари сифатида келган. Мен унинг бомдод намозида овозини такбир айтганда эшитдим ва кучли овозга эга эди. Менинг унга муҳаббатим пайдо бўлди ва Шомда вафот этиб кўмилмагунча унинг жамоасини тарк қилмадим. Сўнг ундан кейин энг фақиҳ одамни қидиришни бошладим ва Абдуллоҳ ибн Масъудни разияллоҳу анҳуни топдим. У ҳам вафот этмагунча у билан бирга бўлдим”, деган.

Амр ибн Маймун Муоз разияллоҳу анҳу вафотидан кейин олим одамни қидирган. У Муоз ва Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу билан юриб, улардан илм ўрганган. Муоз разияллоҳу анҳу тирик бўлганда ундан сўради, вафот этганда Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан сўради (“Ат-тақлиди шаръий фил-умурил фиқҳийя ва аҳамиятуҳу фил-ислам” китоби 90-91 саҳифа)

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Қуръон ва ҳадисдан тўғридан-тўғри ҳукм олишга ҳамма ҳам қодир эмас. Шунинг учун Аллоҳ таоло бизларга: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз” – дея марҳамат қилган. Бу ояти каримадан тақлиднинг вожиблиги тушунилади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида барча мусулмонлар ўзлари билмаган масалаларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганлар. Саҳобаи киромлар даврида олим саҳобалардан ёш саҳобалар таълим олишди. Шу зайлда, шаръий илмларда маълум даражага етмаган кишилар муайян уламоларнинг йўлларини тутишлари анъанага айланиб қолди. Бу анъана саҳобалар давридан тобеинлар даврига, тобеинлардан табаъ тобеинларга шу зайлда давом этиб, натижада фиқҳий мазҳаблар кўпайиб борди.

Аммо вақт ўтиши билан улар орасидан тўрт йирик мазҳаб: ҳанафийлик, моликийлик, шофеийлик ва ҳанбалийлик ажралиб чиқди ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар оммаси томонидан “фиқҳий мазҳаблар” деб эътироф этилди.

Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.

Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор”. Имом Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилиш бор:

"فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ"

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Юқоридаги етук уламоларнинг бу мавзудаги фатво ва хулосаларини кўплаб келтириш мумкин. Бундан бизнинг юртимизда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда.

Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Баъзида ўзлари адашгани етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан урмоқдалар. Бу ихтилофлар ва муаммоларнинг ечими бемазҳабликни қўйиб, Аҳли сунна вал жамоанинг муайян бир фиқҳий мазҳабига амал қилиш, мазҳаблар ўртасидаги ўзаро ҳурматни сақлаш, Қуръон ва суннатни улуғ мужтаҳид уламоларимиз каби тушунишдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими мутахассиси

Абдуғофур Ниёзқулов

 

 

3106 марта ўқилди

Мақолалар

Top