Мақолалар

Мўмин бўлсангиз, рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас (Бақара сураси, 279-оят).

Яъни, «Агар иқтисодий муомалаларингизда ўртадан рибони кўтариб, унинг сарқитларини тарк этмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сизга қарши қаттиқ уруш очади. Агар тавба қилиб, рибохўрликдан қайтсангиз, сармоянгизни оласиз. Шунда сиз судхўрлик билан бировга зулм қилмаган бўласиз ва сизга ҳам зулм қилинмаган бўлади.

Ибн Ҳиббон ва бошқа ҳадис олимлари Зайд ибн Асламдан ривоят қилишларича, жоҳилият даврида Бану Сақиф ва Бану Муғийра қабилалари ўртасида рибо асосида муомала бўлган экан. Исломга кирганларидан сўнг Бану Сақиф қабиласи Бану Муғийрадан рибо олмасликларини илтимос қилибди. Бану Муғийра ўзаро маслаҳатлашиб, «Исломда бўлганимиздаги муомалалардан рибо олмаймиз, ундан аввалгисидан оламиз», – дейишибди. Ўша пайтда Маккаи Мукаррамада бошлиқ бўлиб турган Итбон ибн Усайд розияллоҳу анҳу бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломга хат ёзганларида:

«Эй иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг. Агар ундай қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Расули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг...» оятлари нозил бўлди.

Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бу ҳақида Итоб ибн Усайд розияллоҳу анҳуга хабар бердилар ва у кишини агар Бану Муғийра рибохўрликни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилишга буюрдилар. Хабар етганда, Бану Муғийра: «Тавба қиламиз, рибонинг сарқитини тарк этамиз», – дедилар.

Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Маккаи Мукаррамани фатҳ қилган кунларидаги хутбаларида жоҳилиятдаги барча риболарни бекор қилганликларини, биринчи бўлиб амакилари Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг риболарини қарздорлар бўйнидан туширганликларини эълон қилдилар.

Демак, Исломда рибо асосида молиявий алоқа олиб бориш мутлақо ҳаром қилинган. Ночор ҳолга тушиб, турмуш ўтказиш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган шахс билан хайри-эҳсон ёки яхши қарз бериш ила молиявий алоқа олиб бориш лозим.

«Тафсири Ҳилол» китобидан

2550 марта ўқилди

Мақолалар

Top