Мақолалар

Хулафои рошидин даврида шариат

Пайғамбарлик даврида шариат асослари Қуръон ва суннатдан иборат бўлганлиги ҳамда фатво ва ҳукм чиқаришда асосан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиниши ҳақида билимга эга бўлдингиз. У зот Роббилари ҳузурига риҳлат қилиб, ваҳий келиши тўхтагандан сўнг, ўзларидан кейин умматлари учун иккита бебаҳо хазинани – Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг суннати – қолдирдилар. Шундан сўнг катта саҳобалар ушбу вазифаларни ўз зиммаларига олдилар, натижада улар оғир қийинчилик ва муаммоларга дуч келдилар. Бунинг сабаби, исломий фатҳлар кўпайди, арабларнинг нуфузи араб ярим ороли ортига ҳам етиб бориб, Миср, Шом, Форс диёрлари ҳамда Ироқда ҳукмронлик қўлларига ўтди. Натижада, мусулмонлар ҳаётлари давомида учрамаган янги-янги воқеа ҳодисаларнинг шоҳиди бўлдилар.

Бундай ҳолатлар уларни Аллоҳнинг каломи ва Расулининг суннатидан ўшандай фавқулотда учраган нотаниш масалалар ҳақида ҳукм излашга мажбур қилди. Маълумки, Қуръон ва суннат мусулмонлар кўз ўнгида содир бўлаётган воқеаларнинг ҳар бири ҳақида аниқ далил келтирмаган. Шунинг учун уламолар ушбу жузъий воқеаларга китоб ва суннатдаги умумий қоидаларни татбиқ қилиш устида ижтиҳод қилишлари лозим эди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ижтиҳод йўлларини кўрсатиб, уларни ҳам ижтиҳод қилишга ўргатиб, қилган ижтиҳодларидан рози бўлиб, тўғри топганга ҳам, хато қилганга ҳам савоб ваъда қилиб кетганлар. Шунинг учун ҳам  улар ожизона ҳаракатларини ишга солиб, қийин масалаларга ҳукм топиш учун куч-ғайратларини сарф қилганлар.

Саҳобаларнинг ижтиҳодлари кенг маъноли ижтиҳод бўлган. Дарҳақиқат, улар оят ва ҳадисларнинг далолатига эътибор беришган, қиёсни кенг қўллашган ва истеҳсонга мурожаат қилишган.

Бу даврда фақат воқеъликда содир бўлиб турган ҳодисаларгагина ҳукм чиқариш билан чекланилган, воқеъ бўлмаган масалаларга фатво чиқаришдан сақланилган. Мутааххир уламоларга ўхшаб ҳали воқеъ бўлиб улгурмаган масалаларни ўйлаб топиб, воқеъ бўлиш вақтларини тахминан белгилаб, уларга олдиндан ҳукм ва фатволар ҳам чиқариб қўйиш саҳобалар даврида бўлмаган. Саҳобаларнинг бундай қилмасликларига асосан учта сабаб бор эди:

  • Улар ҳаёлий масалалар устида бош қотиришни вақтни бефойда сарф қилиш, қилиниши мумкин бўлган муҳим ишларни амалга оширишга халал бериш, деб билар эдилар.
  • Улар фатво беришдан қўрқишар эди. Хато қилиб қўйишдан қўрқиб, масалани бир-бирларига оширишар эди. Бундай қилган киши табиийки, содир бўлмаган масалаларга фатво бераверишдан анча узоқ бўлади. Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, агар у кишидан бирор масаланинг фатвоси сўраб қолинса, аввал ўша масала воқеъликда содир бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақида сўрар эдилар. Агар содир бўлган дейилса, унга фатво берар эдилар. Бордию, ҳали содир бўлгани йўқ, дейилса, аввал содир бўлсин, кейин фатвосини айтамиз, дер эдилар.
  • Ушбу даврда асосан кўзга кўринган уламо саҳобийлар халифалик, волийлик мансабларини бошқариб, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатлари, мусулмонларнинг диний ва дунёвий ишлари билан машғул бўлиб, фаразий масалалар устида бош қотиришга вақтлари йўқ эди.

Хулафои рошидиннинг истинбот йўлларини Имом Бағовий Маймун ибн Меҳрондан келтирган қуйидаги ривоят яққол ифодалаб беради: Абу Бакр разияллоҳу анҳу бирор масала устида ҳукм чиқармоқчи бўлсалар Аллоҳнинг китобига қарар эдилар. Агар китобдан топсалар ўша бўйича ҳукм қилар эдилар, агар ундан топа олмасалар, Расулуллоҳнинг суннатларидан ахтарар ва ўша бўйича ҳукм чиқарар эдилар. Агар суннатдан ҳам топа олмасалар, мусулмонларни чақириб, улардан: мен фалон, фалон масалага дуч келиб қолдим. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шу масала бўйича бирорта ҳукм чиқарганларини эшитганмисизлар? – деб сўрар эдилар. Гоҳида баъзи бир кишилар Расулуллоҳнинг бундай масала устида ҳукм чиқарганларини эслаб, Абу Бакрга айтишар эди. Агар ҳеч қим Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай масала устида ҳукм чиқарганларини эслай олишмаса, у ҳолда Абу Бакр илмли катта саҳобаларни жамлаб, улардан шу масала устида фикр билдиришларини сўрар эдилар. Агар фикрлари бирор ҳукм устида тўхтаса ўша бўйича ҳукм чиқарар эдилар. Умар разияллоҳу анҳу ҳам шундай қилар эдилар. Агар масаланинг ҳукмини Қуръондан ҳам, суннатдан ҳам топа олмасалар, Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг бу масала устида ҳукм қилган ёки қилмаганлигига қарар эдилар. Агар Абу Бакр бирор ҳукм чиқарган бўлсалар, шу ҳукмни олар, агар ҳеч қандай ҳукм бўлмаса, у ҳолда олимларни тўплаб, улардан маслаҳат сўрар эдилар ва кўпчилик нима ҳукм чиқарса шу ҳукмни ижро қилар эдилар.

Ушбу ривоятдан кўринадики, хулафолар ўз фатволарида асосан тўрт нарсага суянар эдилар: Қуръон, суннат, ижмоъ, раъй. Демак, мана шу тўрт асос ўша асрда шариат манбаи ҳисобланган. Қуйида биз хулафоларнинг ушбу тўртала манба бўйича тутган йўллари ҳақида алоҳида-алоҳида сўз юритамиз.

 

1 – Қуръон

Қуръоннинг жамланиши ва унинг мусҳафларга кўчирилиши

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида Қуръон мусҳаф шаклида жамланган эмас. Бунинг ҳикмати, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам модомики ҳаёт эканлар, у киши ўзларига ваҳий келиб қолишидан умидлари бор эди. Ваҳий келишининг тўхташи эса, фақатгина У зотнинг вафотларидан кейингина аниқ бўлди.

Аммо шуни билмоқ лозимки, Расулуллоҳ саллаллоҳу лайҳи васаллам бу дунёни тарк қилиб кетганларида Қуръон оятларининг ҳаммаси тери, суяк ва бошқа нарсаларга ёзиб қолинган эди.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифаликка сайланганларидан сўнг, Ямома жанги бўлиб ўтди ва унда кўпгина қорилар ҳалок бўлишди. Шундан сўнг Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу жангларда қорилар ҳалок бўлавериб, Қуръонни ёд билган кишилар қолмаслигидан ташвишга тушиб Абу Бакр разияллоҳу анҳуга Қуръонни мусҳаф шаклида жамлашга маслаҳат бердилар. Аввалига, Абу Бакр разияллоҳу анҳу тараддуддланиб турдилар. Чунки, бу иш Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида ҳам қилинган эмас эди. Сўнгра, қилинаётган иш хайрли мақсад учун амалга оширилаётганлиги сабабли Умар разияллоҳу анҳунинг фикридан қаноат ҳосил қилдилар. Шунданг сўнг, Зайд ибн Собитни ҳузурларига чақирдилар. Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларида доим иштирок этган, Қуръонни мукаммал ёд олган саҳобалардан эдилар. Шунинг учун Абу Бакр разияллоҳу анҳу Зайд ибн Собитга ушбу вазифани топширдилар ва ўз навбатида Зайд разияллоҳу анҳу бу ишни аъло даражада адо этдилар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг Саҳиҳул Бухорий асарларида Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳудан шундай ривоят келтирадилар: Зайд дедилар: Абу Бакр разияллоҳу анҳу менга Ямома жангида вафот этганлар ҳақида хабар юбордилар. Мен келсам, у кишининг ҳузурларида Умар ибн Хаттоб ҳам бор эканлар. Абу Бакр менга: Умар менинг олдимга келиб уруш кўпгина қориларнинг бошига етди. Мен энди бундан кейинги жангларда ҳам қорилар қирилиб кетса, Қуръонга путур етиб қолмасмикан деган қўрқинчдаман. Шунинг учун Қуръонни жамлашга буйруқ берсангиз яхши бўлар эди, деган фикрдаман – деди. Мен эса, унга: Қандай қилиб биз Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қиламиз? – дедим. У менга: Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш, деди. У шу гапни такрорлайвергач, Аллоҳ таоло қалбимни очди, Умарнинг фикри тўғри эканлигига амин бўлдим. Эй, Зайд! Сен ақлли йигитсан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган ваҳийларни ёзиб борар эдинг. Энди, сен Қуръон оятларини тўплаб, бир ерга жамлагин – дедилар. Зайд айтади: Аллоҳга қасамки, агар менга бир тоғни ўз жойидан бошқа жойга кўчиришни буюришганда Қуръонни жамлашчалик оғир бўлмасди. Мен Абу Бакрга: қандай қилиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қилмоқчисизлар? – дедим. У эса, менга: Аллоҳга қасамки, бу хайрли иш, деди. Менга қайта-қайта шу ишни буюравергач Аллоҳ таоло Абу Бакр ва Умарнинг қалбини очган нарсага менинг ҳам қалбимни очди. Шундан кейин Қуръоннинг тери, тош, суяк каби нарсаларга ёзилган, одамлар дилида ёд тутганларини тўплаб жамладим. Тавба сурасининг охиридаги иккита оятни фақат бир ансорий кишидагина топдим. Ундан бошқа ҳеч кимда йўқ экан. Шу тариқа Қуръон жамланди ва у Абу Бакрнинг уйида то у вафот этгунича сақланди. Ундан кейин Умар разияллоҳу анҳуда, сўнгра унинг қизи мўминларнинг онаси Ҳафса разияллоҳу анҳонинг уйида сақланди.

Абу Бакр даврида Қуръон махсус саҳифаларга кўчирилиб, уни тахтлаб, белидан ип ўтказиб боғлаб қўйилган эди.

 Қуръонни жамлашда фақат дилда ёд бўлгани билан кифояланмай, балки бирор нарсага ёзилганига кўпроқ суянилди. Ривоятларга қараганда Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйларидан чиққан турли нарсаларга ёзилган Қуръон оятлари ичида Тавба сурасининг 128-129-оятлари ҳамда Аҳзоб сурасининг 23-ояти топилмади. Зайд бу оятларни ўзи ёд олган бўлсада, мутавотир даражасига етадиган кўп сонли саҳобалар ёдлаган бўлсалар ҳам бундан қаноатланмай, қўлёзмасини излашда давом этаверди. Ниҳоят, Тавба сурасидаги оятларни бир ансорийдан, Аҳзоб сурасидаги оятни эса, Абу Ҳузаймадан топди.

Шундай қилиб, Қуръони карим мукаммал ҳолатда жамланди, унинг тўғри ва бехато эканлигини барча муҳожир ва ансорий саҳобалар тасдиқладилар ва Аллоҳнинг: “Зикрни (Қуръонни) биз нозил қилдик ва уни Ўзимиз сақлаймиз” (Ҳижр сураси, 9-оят)ояти ҳам ўз тасдиғини топди.

Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу даврига келиб Қуръондан нусхалар кўчириб, уларни бир нечта шаҳарларга тарқатиш лозим бўлди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилишича: Ҳузайфа ибн Ямон Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб, одамлар Қуръон ўқишда ўзаро ихтилоф қилаётганликлари, ҳар ким ўз билганича ўқиётганлиги ҳақида шикоят қилди. Бундай ҳолатлар янги фатҳ қилинаётган Арманистон ва Озарбайжон каби ажам диёрларида юз бераётган эди. Шунинг учун Ҳузайфа разияллоҳу анҳу Усмон ибн Аффонга: Ислом уммати яҳудий ва насронийларга ўхшаб ихтилофга берилмасликларидан олдин сиз уларни тўхтатиб қолинг, деди. Шундан сўнг Усмон разияллоҳу анҳу Ҳафса разияллоҳу анҳонинг уйига одам юбориб, унга: Уйингиздаги Қуръон битикларини бизларга юборинг. Биз ундан нусхалар кўчириб олиб, сўнгра ўзингизга қайтарамиз, дедилар. Ҳафса разияллоҳу анҳо Қуръон битикларини Усмон разияллоҳу анҳуга бериб юборди. Усмон разияллоҳу анҳу Қуръонни олгач, уни кўчириш вазифасини Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъийд ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишом разияллоҳу анҳумга топширдилар. Улар Қуръонни мусҳафларга кўчиришди. Усмон разияллоҳу анҳу учала Қурайшдан бўлган котибларга қараб: Агар Қуръоннинг бирор жойида Зайд билан тортишиб қолсангизлар у ҳолда ўша сўзни Қурайш тилида ёзинглар, чунки Қуръон Қурайш тилида нозил бўлган, дедилар.

Ниҳоят улар Қуръонни бир нечта мусҳафларга кўчириб бўлишди. Усмон разияллоҳу анҳу Қуръон битикларини Ҳафса разияллоҳу анҳога қайтариб бердилар. Кўчирилган Қуръонлардан турли шаҳарларга юбордилар ва бундан бошқа Қуръон оятлари ёзилган саҳифалар бўлса, барчасини ёқиб юборишга фармон бердилар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков

https://t.me/tuhur

2726 марта ўқилди

Мақолалар

Top