Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Икинчи муъман биҳнинг шарҳи (Ўн тўққизинчи мавзу)

 

НАЗМ

 

 

(Давоми)

 

Куфр ила маъсиятни билмаслар,

Ҳақ буюрғондин ўзга қилмаслар.

Бу малак ичра тўртдур машҳур,

Отлари сафҳалардадур мастур.

Жаброилу иккинчи Исрофил,

Бор учунчи фаришта Микоил.

Бор булардин бириси Азроил;

Ҳар бирини бир ишка таъйин бил.

Бор бурунғиси ваҳй келтурган,

Яна бири сур ичра дам сурган.

Бириси ризқ  еткурур элга,

Бири эл умрини берур елга.

Нечасини башарға бил таъйин,

Хайру шарр сабт этарлари ойин.

Ики тун, ики кун уй-у йўлда,

Бири ўнг қўлда, бири сўл қўлда.

Ҳар сувар рост айлаб ўзларига,

Кўринур аҳли қурб кўзларига.

Яна баъзи — фариштайи раҳмат,

Яна баъзи — азоб учун мусбат.

Икиси гўр ичидадур сойил,

шаклу ҳайъатлари басе ҳойил:

Бири Мункар, бири Накирдурур,

Бори ҳукм илгида асирдурур.

Ушбулар бирла сиз ямон бўлманг,

Куфру исёнға ҳамзабон бўлманг.

Бандалиқдур, буюрса, не чора?

Лутф агар қилса, сўрса, не чора?

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Иймон келтириш шарт бўлган иккинчи

нарсанинг шарҳи

(Иймоннинг иккинчи шарти)

(Давоми)

 

(Фаришталар ҳақида билиш зарур бўлган нарсалар:)

У (фаришта)лар куфр ва маъсиятни – осийлик ишларини билмайдилар (яъни, бундан узоқдирлар), Ҳақ таъоло буюрган нарсадан бошқа ишни қилмайдилар. Бу фаришталар ичида тўрттаси машҳурдир, номлари саҳифаларда битилгандир. Биринчиси Жаброил (алайҳиссалом)дир, иккинчиси Исрофил (алайҳиссалом)дир. Учинчи фаришта Микоил (алайҳиссалом)дир. Булардан бири (тўртинчиси) Азроил (алайҳиссалом)дир. Буларнинг ҳар бирини бир ишга – бир вазифага тайин қилинган деб бил.

 

(Айтилганлардан)  биринчиси  (Жаброил  алайҳиссалом  пайғамбарларга Аллоҳ тарафидан) ваҳй келтиргувчидир, яна бири (Исрофил алайҳиссалом қиёматни билдириб) сурга дам ургувчи – сур чалгувчидир.

 

Бири (Микоил алайҳиссалом) элга – барча тирик мавжудотга ризқ етказиб турувчидир, бири (Азроил алайҳиссалом) тириклар умрини елга берувчи – жонни олувчидир.

 

Яна бир нечаси инсонларга тайин қилиниб, белгилаб қўйилган, (одамлар қилган) хайру шаррни – яхши ёмон ишларни ёзиб бориш уларнинг одатидир. Икки кеча, икки кундуз уйдаю йўлда (сафардаю муқимликда – ҳамма жойда), бири инсоннинг ўнг тарафида, бири чап тарафида бўлади. Улар  ҳар  хил  суратга,  ҳар  хил  шаклга  кириб,  қурб  аҳлининг  – Аллоҳ таъолога яқинлик касб этган валоят аҳлининг кўзларига кўриниши ҳам мумкин.

Улардан баъзилари раҳмат фаришталаридир, яна баъзилари азоб бериш учун тайинлангандир.

 

Фаришталар иккитаси (Мункар ва Накир) қабр ичида савол берувчидир (“Раббинг ким? Пайғамбаринг ким? Дининг қайси дин? Китобинг қайси китоб? Қибланг қаер? (Бу зот (ҳазрати Расулуллоҳ алайҳиссалом)  ҳақларида  нима  дер  эдинг?”  –  деб  сўрайдилар).  Уларнинг шакл ва ҳайъатлари (кўринишлари) жуда ҳойил – ўта қўрқинчлидир.

 

Бири Мункар, бири Накирдир, икковлари ҳам Илоҳий ҳукм қўлида асир (яъни, Аллоҳнинг амру фармонини бажаришга маҳкумдир).

 

Сизлар бу зотлар билан ёмон бўлманг (уларни ёмон кўрманг, ҳақларида  ёмон  гапларни  гапирманг),  куфр  ва  исён  билан  –  инкор  ва осийлик билан тилдош бўлманг. (Яъни, дунёда эканингизда ҳали қабрда уларнинг яхши муомаласига эришиш бахтини қўлга киритинг.)

 

Инсоннинг иши бандалик қилишдир, буюрса, (бажаришдан бошқа) не чора бор?  Лутф қилиб, раҳм этса ёки бандаликдан савол сўраса, не чора бор?

 

ИЗОҲ.  Фаришталар  таркибни  (турли  унсурлардан  таркиб  топмоқни) қабул  қилмайдиган  руҳоний  ва  нуроний  бир  жавҳардир.  Улар  шаҳвоний зулматга жалб этилмоқдан пок-муназзаҳдир. Емаклари – тасбиҳ, ичимликлари – тақдисдир (Аллоҳни муқаддас деб ёд этмоқдир). Севинч туймоқлари ва унсият (дўстлик) қилмоқлари Аллоҳ биландир. Жойлари Аллоҳнинг мушоҳадаси остидадир. Унга яқин ва Унинг амрларига тайёрдирлар. Улар  итоат  этувчан  қилиб  яратилганлар.  Итоатдан  ташқарига  чиқа олмайдилар («Жомиъ ул-мутун»).

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

2298 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top