Мақолалар

Соғлиққа зарар етказувчи ва атрофни ифлос қилувчи нарсалардан қайтариш

Ислом маданиятида мусулмонларга покиза бўлиш билан бирга, юксак дидли бўлиш ва атроф-муҳитни ифлос қилмаслик ҳамда кишилар соғ­лиғига зарар етказувчи тасарруфлар қилмаслик уқтирилади. Чунки бундай ишлар турли хасталиклар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Бирортангиз зинҳор оқмай турадиган сувга бавл қилмасин. Сўнгра унда ғусл қилади», дедилар. 

Бошқа бир ривоятда:
 «Сўнгра ундан таҳорат қилади» ва яна бошқа бир ривоятда «Оқмас сувга бавл қилишдан қайтарди» дейилган экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қи­линган бу ҳадисда муҳим масала кўтарилмоқда. 

Ўша замонда ҳеч кимнинг эсига келмаган тиббий эҳтиёткорлик чоралари кўрилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор киши ҳам оқмай турган сувга бавл қилиши мумкин эмаслигини қаттиқ таъкидлаб айтмоқдалар. 

Замон ўтиши билан илм-фан, хусусан, тиббиёт ривожланиб, одамлар бу таъкиднинг маъносини энди тушундилар. Инсон пешобида турли зарарли моддалар бўлар экан. Пешоб орқали сувга аралашиб қолган ушбу зарарли моддалар мазкур сувни истеъмол қилган, ундан таҳорат ёки ғусл қилган кишиларга зарар етказиши мумкин экан.

Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа муҳаддисларимиз Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Идишларнинг устини ёпинг. Мешларни боғланг. Эшикларни беркитинг. Чироқларни ўчиринг. Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини оча олмас. Агар бирортангиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин. Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур», дедилар».

Абу Довуднинг лафзида:

«Эшигингни беркит ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Чироғингни ўчир ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Идишингнинг устини ёп ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Мешингни боғла ва Аллоҳнинг исмини зикр қил»дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифнинг турли лафздаги икки ривояти бир-бирини тўлдириб келмоқда. Улардан кундалик ҳаётимизда доимо учраб турадиган ва амал қилишимиз лозим бўлган тўрт иш ҳақида сўз кетмоқда. Икки ривоятни бир-бирига қўшиб ўргансак, анчагина ҳукмлар келиб чиқади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан бизга бошқаларнинг кўзида арзимас бўлиб кўринса ҳам, аслида муҳим бўлган ишлардан хабар бермоқдалар.

  1. «Эшигингни беркит ва Аллоҳнинг исмини зикр қил».

Аввал айтиб ўтганимиздек, мусулмон одам ҳар бир нарсада Аллоҳнинг зикрини унутмаслиги лозим. Мана, кечқурун ётишдан олдин эшикни беркитиб қўйишда ҳам Аллоҳнинг исмини зикр қилиш керак экан. 

Албатта, эшикни беркитиб қўйишда уй эгаси учун кўплаб фойдалар бор. Зотан, эшикни ўзи беркитиш учун қурилади. Эшик беркитилмаса, уйга турли зарарли ҳашаротлар, ҳайвонлар кириб, зарар етказиши мумкин. Жумладан, оила аъзоларининг соғлиқларига зарар етиши мумкин. 

  1. «Чироғингни ўчир ва Аллоҳнинг исмини зикр қил».

Ушбу амри набавийга амал қилган ҳолда ҳар бир мусулмон кечқурун чироғини ўчириб ётмоғи лозим бўлади. Чироқни ўчирмай ётишда зарар борлиги сир эмас. Бу ишнинг зарарларидан бири ҳадиси шарифнинг ўзида айтиб ўтилмоқда:

«Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур».

Бу жумладаги «фосиқча» сичқондир. Сичқон қандай қилиб уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юбориши мумкин? Кечаси чироқни ўчирмай ётганда ўша замондаги пиликли чироқнинг липиллаб ёнаётганини кўрган «фосиқча» унинг олдига пилдираб келиши ва уни туртиб, йиқитиб юбориши мумкин. Шу билан қарабсизки, уйга ўт қўйилиб турибди-да. Тунда заруратсиз чироқни ўчирмай ётганда бундан бошқа кўнгилсизликлар ҳам бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, кечаси билан беҳуда ёниб турган чироқдан оила иқтисодига зарар етиши турган гап.

  1. «Идишингнинг устини ёп ва Аллоҳнинг исмини зикр қил».

Демак, озиқ-овқат ва ичимликлар турадиган идишларнинг устини ёпиб юриш лозим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни алоҳида таъкидлаб айтмоқдалар:

«Агар бирортангиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин», демоқдалар. 

Уламоларимиз ушбу жумлани тушунтириш учун ёзган шарҳларида «Чўп сабаб бўлади, холос. Қўришни Аллоҳнинг исми юзага чиқаради», деганлар. Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, идишининг устини ёпиб юрганлар суюқ ва қуюқ таомларига, ичимликларига турли ҳаром-хариш, соғлиқ учун зарарли ва шубҳали нарсалар тушиб қолишидан четда бўладилар. 

  1. «Мешингни боғла ва Аллоҳнинг исмини зикр қил».

Бу ерда таом сақланадиган идиш меш, қоп, саноч сингари оғзи ип билан боғланадиган бўлганда уларнинг оғзини боғлаб юриш кераклиги ҳақида сўз кетмоқда. Агар эътибор берадиган бўлсак, ушбу ишларнинг барчасини Аллоҳнинг исмини зикр қилган ҳолда амалга ошириш кераклиги қайта-қайта таъкидланмоқда. Ҳа, доимо Аллоҳнинг исмини айтиб иш қилиш керак, ана шундагина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:

«Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини оча олмас».

Агар Аллоҳнинг исми зикр қилинмаса, қанчалик ўраб, беркитилса ҳам барибир шайтон таом ва ичимликлардан ўз насибасини олар экан. 

Ҳаётимизда ушбу ҳадиси шарифга амал қилишга эҳтиёжимиз кўп. Амал қилишга ўтганимизда ҳам «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига амал қилмоқдаман», деган ният билан ўтайлик. Ана ўшанда икки дунё яхшилигига эришамиз. Агар дунёвий манфаатнигина ўйлаб амал қиладиган бўлсак, фақат ўша нарсага эришамиз, холос. Чунки ҳар бир кишига ниятига яраша берилади.

Имом Муслим яна ўша кишидан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Идишларнинг устини ёпинг, мешкобларнинг оғзини боғланг. Чунки йилда бир кеча бор, унда вабо тушадир. Ёпқичи йўқ идиш, боғичи йўқ мешкоб олдидан ўтганида ўша вабодан албатта уларга тушадир», дедилар».

Бу ҳадиси шарифда ҳам доимо, йил – ўн икки ой давомида озиқ-овқат ва ичимликлар сақланадиган идишлар яхшилаб беркитилган ҳолда бўлиши лозимлиги таъкидланмоқда. 

Бу ҳадиси шарифда ҳозирги замон тиб илмлари тасдиқлаган ва қатъият-ла амал қилаётган озиқ-овқат орқали, уларга тушган микроблар орқали турли хасталиклар, вабо – эпидемиялар тар­қалиши мумкин эканлиги таъкидланмоқда.

Демак, Исломда тиббий эҳтиёт чоралари бундан бир минг тўрт юз йил илгари ўзига хос услуб билан йўлга қўйилган. Бу иш маълум бир гуруҳнинг ишига айлантирилмай, диний таълимотлар орасига қўшилган. Давлат аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб борган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

2372 марта ўқилди

Мақолалар

Top