Мақолалар

Олимлар олами: ЗИЁЛИ ЙЎЛ, МУНАВВАР ЙЎЛ

 

Форс тилидан имтиҳон куни ҳам етиб келди. Талабалар астойдил тайёргарлик кўришгани бежиз эмас. Чунки қаттиққўллик, талабчанликда Босит Мусаевга тенг келадигани йўқ. Қолаверса, негадир бугун домланинг авзои чатоқроқ — чеҳраси очилмас, билимдонлик даъвосидаги талабани “қоқилтирадиган” саволларни аямай қалаштирар, бунинг оқибатида, мана, гуруҳдошлардан бирортаси “3”дан юқорисини ололмади. Ниҳоят, гуруҳнинг сўнгги вакилига навбат келди. Унинг жавоблари шу қадар равон ва бехато эдики, Мусаев домла бирдан бош чайқаб, “тушимми-ўнгимми?!” дегандек кўзларини катта-катта очиб, рўпарасида ўтирган йигитга қаради. Қаради-ю, шаштидан тушмади.

  • ­ Тўрт! — деди пинагини бузмай.

Талаба йигит бўш келмади.

  • Нега “тўрт”? Бирорта хато қилдимми?

Домла бир зум жим қолди, дарҳақиқат, йигитнинг жавобларидан хато топмаганди. Лекин...

  • Учта сўз сўрайман, топсангиз, марра сизники.
  • Бемалол, — деди талаба йигит дадилликни қўлдан бермай.

Домла очиқдан-очиқ шафқатсизлик қилди, яъни қўшимча саволларни мураккаб мумтоз форс адабиёти намуналаридан танлади. Унинг назарида “беш” баҳога даъвогарлик қилаётган талаба йигит бу саволларга жавобан оғиз очолмаслиги тайин эди. Бироқ... талаба шу қадар бийрон жавоб қайтардики, ҳурматли домла кўзини олиб қочишга жой тополмай қолди.

  • Яна битта савол, — деди у шошиб қолганидан ўнғайсизланиб.

Бу вақтда талаба йигитнинг ҳам сабри тугаганди.

  • Домлажон, — деди у ҳурмат сақлаган ҳолда, лекин қатъият билан, — сиз аввал ваъдага биноан баҳони қўйинг, сўнг қанча саволингиз бўлса, мен тайёрман!

Тошкент давлат университетининг Шарқ тиллари факультетида бўлиб ўтган ушбу воқеага оз эмас, 50 йилдан ошди, қаттиққўл домлага бўш келмаган билимдон талабанинг исм-шарифи эса Неъматуллоҳ Иброҳимов эди!

 * * *

Орадан озмунча сувлар гоҳ сокин, гоҳ жўшқин, гоҳ айқириб оқиб ўтдими?! Инсон ҳаётининг ўзак-ўзагини ташкил этган тақдир, қисмат дарёси қандай оқади, қаёқларга бош олиб оқади, ўзининг адоқсиз мавжларида бандасига не инъомларни ҳадя қилиб, қанчаларидан уни мосуво этади — буни ҳеч кимса башорат қилолмаслиги муқаррар, аммо-лекин қодир Парвардигор бандасини “мақсад, маслак, сабот” дея аталмиш бебаҳо туйғулар ила қувватлантирган ҳамки, солиҳ ва соғлом йўлга юриш - бу ёғи энди фақат инсоннинг ўзига, унинг салоҳияти, жаҳди, матонатига ҳавола!

 Шарқ тиллари орасида ҳудуд ва нуфус жиҳатидан хитой, араб, япон тиллари етакчилик қилиши маълум. Бироқ тарихий воқелик нуқтаи назаридан Марказий Осиё халқлари ҳаётида араб тилининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Хусусан, гап араб тили бўйича мутахассисликни танлаш ҳақида борар экан, масаланинг ғоятда бошқа нозик жиҳатини ҳам унутмасликка тўғри келади.

Араб ёзуви ва тили Қуръони карим ёзуви ва тили ҳамдир! Шу сабабдан ҳам худосиз шўролар мафкураси ҳукмронлик қилган замонларда араб тили мутахассисларига кўп ҳам ишонч билдирилавермаган. Шарқшунослик мутахассислигига келажаги йўқ соҳа сифатида қаралган. Неъматуллоҳ Иброҳимов эса болаликда қалбига муҳрланган орзудан воз кечмади. Маслак йўлида қатъият, сабот кўрсатди.

Урушдан кейинги оғир йилларда оддий аҳоли орасида рўзғор —тирикчиликдан муҳимроқ ташвиш бўлмаган. Лекин Марғилоннинг машҳурдан машҳур Маориф маҳалласининг (бурунги номи Чорбоғ) оқсоқоли, таниқли тадбиркор Иброҳимжон ака Довудов мактаб ёшига етган ўғлидаги лаёқат ва иштиёқни жуда эрта пайқади. Неъматуллоҳ ғоятда зийрак, уқувли, мутолаага мойил, хотираси пухталиги билан тенг-тўшларидан ажралиб турарди. Иброҳим ака ўғлини маҳалладош илмли қорилар ҳузурига етаклади, маслаҳатлашди ва Неъматуллоҳ... бир йўла икки мактабда таҳсил ола бошлади.

Шу ўринда эътибордан соқит қилмаслик керакки, ота фарзанди учун устоз танлашда адашмади. Неъматуллоҳ ўртоқлари қаторидан қолмай болалик завқини сурар, мактабда фақат “аъло” баҳоларга ўқир, шу билан бир йўла Қуръони карим, қироат ва тажвид илмларини ташналик билан ўзлаштирар, ҳамшаҳар уламою фузало зотлар даврасида навоийхонлик, фузулийхонлик, яссавийхонликдан баҳра олиб, бадиият олами сирларидан воқиф бўлиб борарди. Ҳофиз, Бедилнинг форсийдаги ғазалларига ошно бўлиб улгурган, бир сўз билан айтганда, ёшликда олинган илм маҳзани қалбга ўзининг ўчмас муҳрини босган — ҳаётий мақсад, маслакка айланган эди.

 Неъматуллоҳ Иброҳимов болаликдан дилига жо бўлган орзу-
ниятларини рўёбга чиқаришнинг бирдан-бир йўли шарқшунослик соҳасида эканидан уни қайтарадиган куч қолмаганди. У ҳеч бир иштибоҳга бормади, заррача иккиланмади — ҳужжатларини Тошкент давлат университетининг Шарқ тиллари факультетига топширди.

* * *

ХХ асрнинг бошлари — 1918 йилда Туркистон шарқшунослик институти ташкил этилиши чинакам тарихий воқеа эди. Бироқ орадан 6 йил ўтиб, бу институт Ўрта Осий давлат университетига факультет сифатида қўшиб юборилди, орадан яна 6-7 йил ўтар-ўтмас факультет аввал педагогика факультетига айлантирилиб, кейин бутунлай тугатилди. Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги йилларига келиб, шарқ тилларига бўлган эҳтиёжга кўра, Ўрта Осиё давлат университетида факультет фаолияти тикланди. Орадан беш йил ўтиб, унинг қалдирғочлари ҳаётга йўлланма олдилар.

Бу олий илмий даргоҳнинг оёққа туриши, шаклланиши том маънода Ватанимиз мустақиллигининг илк йилларида рўёбга чиқди. Биринчи Президентимиз фармони билан Тошкент шарқшунослик институти таъсис топди! Биринчи ректори Неъматуллоҳ Иброҳимов раҳбарлигида институт илмий-педагогик жамоаси ўз фаолиятини замонавий талаблар даражасига кўтариш, чунончи, янгидан-янги кафедра ва факультетлар очиш, илмий салоҳиятни ошириш, халқаро илмий-амалий ҳамкорликларни кенгайтириш ва, албатта, юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида катта нуфузга, эътиборга сазовор бўлди. Институт нафақат республикада ёки Марказий Осиё давлатлари орасида, балки олис-яқин хорижий мамлакатларда тан олинган салоҳиятли илмий марказ мақомига эришди.

“Шарқшунослик ҳамма даврларда ҳам кенг миқёсдаги фан ҳисобланган, —  дейди филология фанлари доктори, профессор Темур Мухторов. — Лекин мана шу “кенг миқёсли” деган тушунча турли даврларда турлича талқин этилган. Мустақиллик йилларида, таъбир жоиз бўлса, мана шу талқин этиш соғломлаша бошлади. Шарқшунослик фақат олис ўтмишга “кўз тикиш” билан кифояланмайдиган, балки ўша олис ўтмиш орқали ҳозирги замонни таҳлил ва тадқиқ этувчи, қолаверса, узоқ истиқбол йўлларини белгилаб берувчи фан эканини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан асослай бошлади. Бу ўз-ўзидан бўладиган иш эмасди, зеро, гап тафаккурни ўзгартириш, соҳага бўлган турли паст-баланд қарашларни соғломлаштириш ҳақида бормоқда эди.

Институт раҳбарияти ўзбек шарқшунослик фанига тамал тошини қўйган ўнлаб улкан олимларнинг номи ва меҳнатларини шарафлади, бу борада ғоятда ўзбекона, керак бўлса, шарқона бағрикенглик намунасини кўрсатди. Илмли, малакали мутахассислар эъзозланди, меҳнатлари қадр топди. Йил ўтгани сайин институт жамоатчилигининг “илмий нигоҳи” дунё жуғрофик харитасининг янада бепоён ҳудудларини қамраб ола бошлади.

* * *

1970 йилда Тошкент давлат университети Шарқ тиллари факультетининг араб тили бўлимини муваффақиятли тугатган Неъматуллоҳ Иброҳимов меҳнат фаолиятини ушбу олийгоҳда ўқитувчиликдан бошлар экан, бир йўла илмий тадқиқот ишларига ҳам киришди. Собиқ иттифоқ Фанлар академияси Шарқшунослик институти аспирантурасида таҳсилни давом эттирди.

...ХIV асрда яшаган марокашлик араб Ибн Баттута “Барча мусулмон мамлакатларини кезиб чиққан сўнгги энг буюк сайёҳ” (И.Ю.Крачковский), “Магеллангача бўлган барча даврнинг энг буюк сайёҳи” (Р.Хенниг) мартабаларига эришган, унинг қаламига мансуб “Саёҳатнома” асари эса ҳали-ҳануз ўз даврининг бемисл қомусий манбаси сифатида қадрланади. Неъматуллоҳ Иброҳимов мазкур фундаментал асарнинг Туронзамин халқлари тарихи бўйича қимматли манба сифатида тадқиқ этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Жами 18 фаслдан иборат “Саёҳатнома” асарининг 8-фасли “Султон Ўзбекхон юрти — қипчоқ”, 9-фасли эса “Ўрта Осиё” деб аталади. Мазкур фаслларда Ибн Баттута ниҳоятда қимматли тарихий маълумотлар баён этганки, улар минтақамизнинг бундан етти аср бурунги қиёфасини ўрганишда битмас-туганмас манба экани Неъматуллоҳ Иброҳимовнинг “Ибн Баттута саёҳати — Ўрта Осиё тарихига доир манба” мавзуидаги диссертациясида биринчи марта атрофлича тадқиқ этилди.

30 ёшида дастлабки илмий маррани Москвада забт этган олим Тошкентга — қадрдон факультетининг араб филологияси кафедрасига қайтди.

Илм-фан уммонида дадил ва ишонч билан сузишда илмий муҳитнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Марказий Осиёда ягона шарқшунослик илми марказига айлана бораётган факультетда Убайдулла Каримов, Павел Булгаков, Исматулла Абдуллаев, Шоислом Шомуҳамедов, Алибек Рустамов, Азиз Қаюмов сингари фан дарғалари фаолият юритишар, бундай илмий-ижодий муҳит истеъдодли ва интилувчан ёшлар учун айни муддао эди.

Неъматуллоҳ Иброҳимов араб тилидан сабоқлар бериш билан бир пайтда навбатдаги илмий довонни забт этишга шайланди. Кафедра доценти мақомига эришган ёш олим араб тили, ўрта аср адабиёти, ислом тарихидан дарслар берди, имкони топилди дегунча турли мавзуларда илмий мақолалар ёзди, уларни нуфузли илмий мажмуаларда чоп эттирди. Ана шундай изланишлар ёш мутахассисни ҳали қўл урилмаган, тадқиқотчилар назари тушмаган “қўриқ” манзиллар сари етаклади. Шарқ адабий тафаккурининг, аниқроғи, араб бадиий тафаккурининг илк сарчашмаларини яхлит илмий мавзу сифатида ўрганишга киришди.

* * *

Неъматуллоҳ Иброҳимовнинг илмий изланишлар салоҳиятига хос услуб олимнинг масала-мавзунинг туб илдизини, ўқ томирини ўрганишдан бошлашида намоён бўлади. Номзодлик диссертациясида ХIV асрга мансуб ёдгорликни тадқиқ этган бўлса, докторлик тадқиқоти учун мавзуни араб халқлари бадиий тафаккурининг илк сарчашмалари — оғзаки бадиий тафаккур манбаларини танлади. Яъни илмий изланиш объекти даври янаям қадимийлашди.

Холис ўйлаб кўрайлик, Марғилонда туғилиб вояга етган, падари бузруквори ва илк устозлари тарбиясида улкан ва соғлом илм йўлини танлаган ўзбек олими араб халқлари бадиий тафаккури шаклланишининг илк босқичларини таҳлил қилмоқда, тадқиқ қилмоқда, умумлашма хулосалар чиқармоқда, араб дунёсининг манаман деган олимлари олдига ўз қарашлари, концепциялари ва таклиф-мулоҳазаларини кўндаланг қўймоқда. Шу ўринда илми, зиёси мустаҳкам муҳтарам газетхонларимиз ХI-ХII асрда яшаб ўтган буюк бобокалонимиз, илм-фаннинг турли соҳалари, жумладан, араб тили ва адабиётининг билимдони, араб тили грамматикаси ва луғатини, араб қабилалари лаҳжалари, мақоллари ва урф-одатларини мукаммал ўрганган, Жоруллоҳ, яъни “Аллоҳнинг қўшниси” деган шарафли мартабага муяссар бўлган ватандошимиз-фахримиз Маҳмуд Замахшарий сиймосини кўз олдиларига келтирган бўлсалар не тонг! Қолаверса, араб халқ оғзаки манбаларини ўрганиш, уларнинг турфа ёзма манбаларда бардавомлашувини илмий асослаш Шарқ ва Ғарб ўртасидаги тан олинган ва олинмаган ўзаро таъсир ришталарини мустаҳкамлаш борасида ҳам ғоятда муҳим қадамдир. 1984 йили Москвада Неъматуллоҳ Иброҳимов ёқлаган “Араб халқ романи” мавзуидаги докторлик диссертацияси шу маънода чинакам илмий-маърифий жасорат эди! Таърифни мухтасар қилиш учун “роман” сўзига изоҳ берайлик.

“Сийра илк ислом даври адабий жанри бўлиб, — деб ёзадилар устоз Неъматуллоҳ Иброҳимов, – “ҳаёт йўли”, “турмуш тарзи”, “юриш услуби” маъноларини билдиради. Ушбу маънода сийра “сунна” (одат) сўзи билан маънодошдир. ...Шунингдек, сийранинг яна бир кўриниши халқ оғзаки ижоди сифатида шаклланиб, халқ қаҳрамонлари ҳаёти, уларнинг урушлардаги баҳодирликлари таърифида сажъ услубида намоён бўлган. Халқ қаҳрамонлари ҳаётига оид бу каби сийралар “халқ сийралари” (халқ романлари)” деб аталиб, араб халқ адабиётининг энг кенг тарқалган жанрларидан бири ҳисобланади”.

Кўринадики, устознинг улкан илмий саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, ўзбек шарқшунослик фанида сийрашунослик мактабига асос солинди.

* * *

Тез орада араб филологияси кафедраси мудири, профессор Неъматуллоҳ Иброҳимовга факультет раҳбарлиги ишониб топширилди. Икки йил ўтиб-ўтмай институтга ректор сифатида тайинланган домлага кенг имкониятлар очилди. Неъматуллоҳ Иброҳимов бор салоҳиятини бу олий ўқув юрти нуфузини, кафедра ва факультетлар мавқеини оширишга, халқаро алоқаларни кенгайтиришга, тадқиқотлар миқёси ва салмоғини юксалтиришга қаратди. “Шарқ тиллари факультетининг ҳозирги кунда институтга айланиб, довруғ қозонишида халқаро илмий мукофотлар соҳиби, академик, ўзбекнинг жонкуяр олими, саховатли инсон Неъматуллоҳ Иброҳимовнинг хизмати каттадир, — деб ёзди атоқли олим, академик Алибек Рустамов. — У ўзининг илми, таълим соҳасида жаҳондаги обрў-эътиборидан оқилона фойдаланиб, институтни илғор илму таълим даргоҳига айлантирди”.

* * *

Илмда танаффус йўқ. Илм-фан — узлуксиз илмий-амалий жараён. Хусусан, Ватанимиз истиқлоли тақдим этган имконият, мафкуравий ҳурлик нафақат халқимиз тийнатидаги диний эътиқод ҳурлигига, балки ушбу соҳа билимдонлари, заҳматкашларига ҳам катта йўл очди. Миллионлаб кишилар эътиқод қўйган мақсад-маслак эса ҳам сиёсий, ҳам мафкуравий, ҳам маънавий-ахлоқий нуқтаи назардан ғоятда нозик масала. Бу борада энг оқилона, энг одилона ва энг мустаҳкам ва ишонарли йўл илм-билим йўлидир.

1991 йили Қомуслар бош таҳририяти томонидан “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” — “Ҳадис” китобининг дастлабки жилди чоп этилиши фавқулодда воқеа бўлди. Мазкур ҳамда навбатдаги уч жилд ишонарли ҳадис мажмуаси халқимиз орасида диний саводхонликни йўлга қўйишда, Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан мерос қолган ўлмас ҳикматларни оммалаштиришда бебаҳо аҳамият касб этди. Тўртала китобнинг Неъматуллоҳ Иброҳимов томонидан (шоир Мирза Кенжабек билан ҳамкорликда) таҳрир қилиниши ҳар жиҳатдан мантиқий ва адолатли воқеа эди.

* * *

Ўтмишда подшоҳлар, халқ қаҳрамонларига атаб асарлар яратилган, улар шаклан ва мазмунан сийра сифатида эътироф этилган ҳам, бироқ том маънодаги сийра ва сийрашунослик сўзлари Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳаёт йўлларини ёритиб берувчи соҳани англатувчи хос атама мақомини олганини ёдда сақлашга тўғри келади. Зеро, тарихда Пайғамбаримиз сийраларини баён этишга бағишланган манбалар ҳисобсиз. Мустақиллик йилларида ўзимизда ушбу йўналишда кўплаб хайрли ишлар қилинди — бир қатор таржима асарлар нашр этилди ҳам. Асл бирламчи манба эса “Ҳозирги даврга қадар етиб келган сийра асарларининг энг машҳури Ибн Ҳишомнинг “Ас Сийра ан-набавиййа” (Н.Иброҳимов)си ҳисобланади.

2011 йилга келибгина ўзбек китобхонлари мазкур асарнинг тўлиқ таржимасини ўқиш бахтига мушарраф бўлдилар. Устоз Неъматуллоҳ Иброҳимов раҳбарлигидаги таржимонлар гуруҳи томонидан ўзбекчалаштирилган икки жилддан иборат мазкур 4 китоб амалдаги алифбода чоп этилган энг бирламчи ва энг ишончли манба бўлиб турибди. Ўзбек тилидаги “Ас Сийра ан-набавиййа” Саудия Арабистони подшоҳлиги томонидан юксак эътирофга сазовор бўлди.

* * *

Араб тили дунёдаги энг қадимий ва энг кенг тарқалган тиллар сирасига мансуб. Маъноларнинг хилма-хиллиги, тобланиши, оҳангдорлиги, гўзаллиги борасида қиёси йўқ саналади. Қуръони карим ва ҳадиси шариф тили экани билан эса эътиқодимиз, дилимиз, имонимизни нурлантириб туради. Араб тили билан боғлиқ ҳайратланарли бир неча рақамга мурожаат қиламиз: “Араб тилида ёруғлик 21, йил 24, қуёш 29, булут 50, қоронғулик 52, ёмғир 64, сув 170, илон 100, туя 255 ва шер 350 сўз билан ифодаланган”.

“Ал-Қомус” — арабча-ўзбекча қомусий луғатнинг 1-жилдидан олинган ушбу иқтибос сўз юритилаётган тилнинг нақадар бойлигидан ва бениҳоя мураккаблигидан далолат беради. Устоз Неъматуллоҳ Иброҳимов раҳбарлигида амалга оширилган ва айни вақтда 4-жилди устида қизғин иш кетаётган мазкур луғат адабий-маданий ҳаётимизда улкан воқеа сифатида ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Зеро, луғат ҳамиша халқлар, маданиятлар, тафаккурлар орасида кўприк — боғловчилик вазифасини ўтайди. “Ноёб ва ниҳоятда зарур маънавий мулк бўлиб қолажак “Ал-Қомус”га киритилган сўз ва ибора бирликлари сони бўйича илмий жамоатчиликка яхши маълум бўлган рус арабшуноси Х.К.Барановнинг машҳур “Арабско-русский словарь” луғатидан икки ярим ҳисса ортиқ бўлган, ҳар бири 900-1000 саҳифали тўрт жилддан иборат”. У “мустақиллик йилларида Ўзбекистонда араб тили билан боғлиқ луғатшунослик йўналишида амалга оширилган илмий изланишларнинг мантиқий чўққиси сифатида дунё юзини кўрди”. Таниқли шарқшунос олим, профессор З.Мунавваровнинг бу эътирофида заррача муболаға йўқ.

* * *

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Имом ал-Бухорий номидаги халқаро мукофот соҳиби, кўплаб давлатлар илмий жамоатчилиги томонидан эътироф этилган, чунончи, Япониядаги Фукусима префектурасининг Ўзбекистондаги фахрий элчиси, Сен Кюн Кван (Сеул шаҳри) университети ва Қоҳира университети (Миср Араб Республикаси) фахрий доктори, Калифорния (АҚШ) фан, таълим, индустрия ва санъат халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси, Қоҳирадаги Араб тили академияси — “Мажмаъ ал-луғат ал-арабийя”нинг ҳақиқий аъзоси Неъматуллоҳ Иброҳимжон ўғли ҳаёти ва фаолиятига доир айрим манзараларни мухтасар тилга олдик, холос. Бир инсон умри қанчалар маъно-мазмунга бой бўлиши, бу ёруғ очунда нечоғли савоб амалларга улгуриши — илмий, маънавий, маърифий жасоратларга тўлиб-тошажагини ибрат, намуна ва эҳтиром сифатида баён этиш билан кифояландик.

Президентимиз халқимизни учинчи Уйғониш — Ренессанс сари улғайиш, юксалиш сари бошлаётган бир пайтда азалий ва исбот талаб қилмас ҳақиқат кун тартибига чиқади: бундай юксалиш поғоналари халқнинг буюк фарзандлари, илми донишлари, фидойи ва зиёли дарғалари иштирокида, етакчилигида забт этилади!

... Марғилонлик, фарғоналик — водийлик ёши улуғ мўйсафидлар ҳали-ҳануз “Ётган манзиллари мунаввар бўлсин”, дея дуолар билан ёдга оладиган Иброҳимжон ота ўтган асрнинг олис 50-йиллари аввалида ўғли Немаътуллоҳни Марғилоннинг тош кўчалари бўйлаб мактабга, қолаверса, мураттаб қорилар ҳузурига етаклаб бораётиб босган қадамларида бошланган эди бу фидойи ва зиёли ҳаёт, бу юксалиш, бу мутараққий орзу-ниятлар йўли. Мазмунларга тўла бу мунаввар йўл бардавом бўлишини истайди кўнгил, бардавом.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,

ёзувчи

2438 марта ўқилди

Мақолалар

Top