Агар огоҳсан сен...
Тарихда фаолияти қайд этилган хорижия, қадария, муътазилия, карромия каби адашган оқимлар негизида шаклланган замонавий бузғунчи фирқаларнинг ғояларига улуғ ватандошимиз Абу Мансур Мотуридий асарлари асосида жавоб бериш муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, биринчи бўлиб муътазилийлар томонидан илгари сурилган ва ҳозирги кунда мутаассиб оқимлар: “Солиҳ амаллар савобини оламдан ўтганларга бағишлаш жоиз эмас”, “қабрларни зиёрат қилиш, дунёдан ўтганларнинг руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилиш кечирилмас гуноҳдир”, масаласини келтириш мумкин. Қайд этиш лозимки, мўътабар манбаларда вафот этганларнинг ҳақига қилинган дуои хайрларнинг савоби уларга етиб бориши зикр қилинган. Жумладан, Абу Ҳафс Насафий “Ақоид” асарида: “Тирикларнинг вафот этганлар ҳақига қилган дуолари ва садақалари улар учун наф беради”, деган.1
Ушбу фикр мотуридийлик ва тўрт фиқҳий мазҳаб имомларининг қарашларига мос. Абдулмалик Саъдий мазкур матнни шарҳлаш ва қўллаб-қувватлаш асносида Ҳашр сурасининг: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз, Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират қилгин”» 10-оятини, шунингдек, “Маййитни дафн қилгандан кейин унинг ҳақига истиғфор айтиб, собит туришини сўранглар. Чунки у ҳозир ҳисоб-китоб қилинади” (Имом Термизий ривояти), деган ҳадисни далил сифатида келтирган.
Юқоридагилар билан бир қаторда, Абдулмалик Саъдий ушбу қарашни қувватловчи тўққизта ҳадисни ҳамда “Жаноза намозининг ўзи ҳам маййит ҳақига дуо, ҳам истиғфордир”, деган фикрни келтириб ўтади.2
Адашган оқимларнинг асосий ғояси бўлиб хизмат қилган “такфир” масаласи ҳам бугунги кунда долзарблигича қолмоқда. Ҳозирги кунда “Жамоатул муслимин”, “Сохта салафийлар”, “Шабаб Муҳаммад”, “Ал-қоида” каби оқим ва ташкилотлар “уларнинг йўлини тутмаган мусулмонларни”, “тасаввуф йўлини тутганларни”, умуман олганда, арзимас сабабларни важ қилиб, мусулмонларни кофирга чиқарадилар.
Бу каби ботил қарашларга аллома Абу Ҳафс Насафий “Ақоид” асарида: “Гуноҳи кабира мўмин бандани имондан чиқармайди ва уни куфрга ҳам киргазмайди”, деб таъкидлаганини келтиришнинг ўзи кифоя.3 Тафтазоний мазкур матнга шарҳ бериб: “Кабира гуноҳ – бу ноҳақ одам ўлдириш, покдомон инсонни зинода айблаш, зино қилиш, сеҳр, етимнинг молини ейиш, ота-онага оқ бўлиш...”, деган. Демак, ҳатто, шундай оғир гуноҳга қўл урган кишида ҳам имон сақланиб қолади.4
Шиҳобиддин Маржоний “Ақоид”да келган мазкур матн остида гуноҳи кабира билан киши мўминликдан чиқиб қолмаслиги ҳақида ҳадислар келтириб, мўътазилия ва хорижия таълимоти вакилларига раддия берган. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «“Раббим ҳузуридан бир элчи келиб, умматимдан ким Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмай вафот этса, жаннатга киришининг хабарини берди”, дедилар. Мен: “Зино қилса ҳамми? Ўғрилик қилса ҳамми?” деб сўрадим. У зот: “Зино қилса ҳам, ўғрилик қилса ҳам”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан нақл қилинган бошқа ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким: “Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ мавжуд эмас, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир. Исо Аллоҳнинг бандаси, расули ва Марямга ташлаган “калима”си ҳамда Ўзидан бўлган руҳдир. Жаннат ҳақ, дўзах ҳам ҳақ”, деб гувоҳлик берса, қилган амалига қараб, Аллоҳ уни жаннатга киритади”, деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ҳадисда бундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигини эътироф этган (тасдиқлаган) ҳолда вафот этса, жаннатга киради”, дедилар» (Имом Муслим ривояти). Бундай маънодаги ҳадислар маънавий мутавотир даражасига етган. Мазкур ҳадислардан киши гуноҳи кабира орқали имондан айрилмаслиги тушунилади.5
Ғулом Ҳусайн “Шарҳу ақоидин Насафий” китобида: “Оят, ҳадисда гуноҳи кабира қилган кишиларга нисбатан “куфр” сўзининг ишлатилишидан зоҳирий маъно тушунилмайди. Чунки бошқа оят ва ҳадисларда гуноҳи кабира қилган киши имонидан айрилмаслиги қатъий собит бўлган.
Хулоса қилиб айтганда, Абу Ҳанифанинг “Ал-фиқҳул акбар”, Абул Юср Паздавийнинг “Усулуд дин”, Абул Муин Насафийнинг “Баҳрул калом”, Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоид”, Абул Баракот Насафийнинг “Умда”, Усмон Ўшийнинг “Бадъул омолий” асарларида ҳанафий-мотуридийлик таълимоти асослари тўла-тўкис баён этилган.
Мутаассиб оқимларнинг имон ва такфир мавзусидаги нотўғри қарашларига аҳли сунна вал жамоа олимларининг асарларида тарихда ҳам, ҳозир ҳам асосли раддиялар берилган.
Жасур НАЖМИДДИНОВ