Мақолалар

Мўмин-мусулмонларни кофир дейиш мумкинми?

Кейинги пайтларда дунё миқёсида айниқса араб дунёсида айрим мўмин-мусулмонларни кофирга чиқариш, уларга муртадлик тамғасини босиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Табиийки, бу каби ҳодисалар ҳар бир иймонли одамни безовта қилади. Бундай маломатларга нишон бўлаётган одамлар эса ўзларига қўйилаётган бундай таъналар қаршисида ҳайрон бўлиб қолмоқдалар. Мазкур ҳолат одамлар орасида тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Бир танишимга “биродар, пешиндан кейин жаноза бор экан. Жанозада ҳам қатнашамиз”, десам, у одам “йўқ мен жанозада қатнашмайман. Чунки унинг мусулмонлигини қаёқдан биламан”, деди. Мен “ахир у ҳам аҳли қибла-ку” (Каъбани қибла деб тан одамларни аҳли қибла дейилади) десам, у одам менга зарда билан “унинг намоз ўқиганини қаёқдан биласан” деб жавоб берди.

Аслида ҳам шундайми! Шаръий далиллар тақозосига кўра иймон асосларини инкор қилмаган, ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол деб эътиқод қилмаган бирорта мўмин-мусулмонга куфр нисбатини бериш асло мумкин эмас. Шариатни кўрсатмасига амал қилмаса у одам фосиқ, гуноҳкор ҳисобланади. Аммо кофир дейилмайди. Келинг, яхшиси бу масалани уламоларимиз томонидан асослаб берилган далиллар асосида муҳокама қиламиз.

Куфр сузини луғавий ва истилоҳий таърифи: 

Куфр сўзи луғатда бир неча маъноларга далолат қилади. Бу хақида Ибни Форс  “бу сўз луғатан бир нарсани ёпиб, беркитиб туришга далолат қилади. Масалан совутини кийим билан ўраб қўйган одамга ҳам “кафара диръаҳу” дейилади. Мана шу гапда “кафара” сузи “ўраб, ёпиб қўйди” маъносида ишлатилмоқда. Шунга биноан “мукаффир” дейилганида бирор нарсани ёпиб турган одамни тушинамиз. 

Суви билан барча нарсаларни ёпиб турган улкан дарёни ҳам, ҳосили тупроқ тагида бўладиган экинларни ҳам кофир дейилади. Чунки уларнинг ҳосилини тупроқ ёпиб турибди”.

Ибну Асир эса “куфр сўзи луғатда бир нарсани ҳалок бўладиган даражада ёпиб туришни тушунамиз”, дейди.    

Шариатдаги каффорат (қасамини бузган ёки беихтиёр, билмасдан бировни ўлдириб қўйган пайтдаги молиявий тўлов) ҳам шундан олинган. Чунки у ҳам қилинган гуноҳларни ёпиб, яшириб туради.

“Куфр” сўзининг истилоҳий таърифига келсак луғат, усул ва бошқа барча уламоларининг тадқиқ қилишларича шаръий далилларнинг далолатидан келиб чиқиб бир неча маъноларда келади. Жумладан: “бу сўз умумий маънода Аллоҳ таолонинг ваҳдониятини, пайғамбарликни, шариатни ёки мазкурларнинг барчасини бир йўла инкор қилишдир”.

Роғибул Исфаҳоний

“Аллоҳ таоло куфр атамасини, ўз ваҳдониятини инкор қилганлар, Қуръонда пайғамбарлиги баён қилинган пайғамбарларни инкор қилган одамлар ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган саҳиҳ хабарларни инкор қилган ёки ўзлари амал қилганлари ҳақида далили бўлган суннатларини инкор қилган одамларга нисбатан ишлатади”.

Ибнул Ҳазм.

“Куфр чегарасини белгилаб олиш мутакаллим уламоларнинг назарида анча оғир ишдир. Шариатнинг собит қоидаси шуки, бу каби ишлар (бировга куфр ҳукмини бериш) лафзнинг маънолари устигагина бино қилинмайди. Балки бунинг учун шаръий ҳукмларга замин бўладиган очиқ-равшан аломат ва асослар талаб қилинади. Белига зуннор (мажусийлар белига боғлайдиган белбоғ) боғлаш каби амаллар бировнинг куфрига далолат қилмайди”.

Имом Фахриддин ар-Розий

Кўриниб турибдики бировга кофирлик нисбатини бериш учун асосли далиллар бўлиши керак.  Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларда ворид бўлган куфр лафзи ва уларнинг тафсирлари алоҳида илмдир. Омма орасида муҳокама қилинадиган масала эмас. Балки ўта ҳассос ва нозик жабҳа бўлиб уни мутахассисларгина муҳокама қилишлари керак.

Бугун айрим мусулмонларни куфрда айблаётган билағонлар юқоридаги таъриф ва лексик маъноларни фарқига борармикан?! Ишониш қийин. Чунки ҳақиқий илм соҳиби бундай чаламуллалик қилмас эди.   

Айни масала борасида имом ибни Обидийн шундай дейди:

“Бирорта мусулмон устида, модомики унинг сўзини имкон қадар мусулмонликка ҳукм қилишнинг иложи бўлар экан унга куфр ҳукмини бермаймиз. Гарчи бу ишда куфрнинг хилофи бўлган заиф ривоят бўлса-да қабул қилинади”

Бугунги мутаассиб жамоаларга бу каби асосли жавоблар етарлича мавжуд. Аммо биз сўзимизни мухтасар қилиш назаридан шу айтганларимиз билан кифояланамиз.

 

Тоҳир Воҳид, “Умар ибн Хаттоб” масжиди имом ноиби

2391 марта ўқилди

Мақолалар

Top