Мақолалар

Пайғамбарлар исмини қўйиш "оғирлик" қиладими?..

Одамлар буюк тобеин Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳни доим маҳзун ҳолатда кўришар эди. Бу зотнинг юзида маҳзунлик зоҳир бўлиб турар, буни ҳамма кўриб, билиб юрар эди.

Бир кун у зотдан:

–  Ҳазрат, нима сабабдан доимо маҳзун ҳолатдасиз? – дея сўралди.

У зот бундай жавоб берди:

– Аллоҳ бобомни раҳматига олсин. У кишининг исми Ҳазан бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлган. Бобом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилишга келганида у зот алайҳиссалом:

– Исминг нима? – дея сўрадилар.

Бобом:

– Ҳазан, – деб жавоб берди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Йўқ, сен Саҳлсан, – дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам исмларни маъноси яхшироқ ва гўзалроғига ўзгартиришни яхши кўрар эдилар.

Бобом:

– Отам қўйган исмни ўзгартирмайман, – деди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйган исмдан юз ўгирди.

Ўша кундан бошлаб маҳзунликни лозим тутганмиз, бу бизнинг лозимий одатимизга айланган.

* * *

Бу воқеани имом Бухорий ва бошқалар ўз китобларида келтиришган.

Буюк тобеинлардан бўлмиш Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ оталари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга беодоблик қилгани, шу сабабли маҳзунлик одатига айланганини сўзлаб берди.

Баъзи манбаларда ушбу саҳобанинг:

– Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Ҳазан (қийинчилик) ни Саҳл (хурсандчилик)ка ўзгартиришни айтганларида кўнмаган эдим. Афсус у зот алайҳиссаломнинг айтганларини қилавермаган эканман, умрим  ғам-қайғу ва қийинчилик ичида ўтди, – дегани келтирилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам исмларни ёмон маънодагиларини яхши маънога ўзгартирганлар. Зотан, исм ҳам ҳаёт тарзини қай ҳолатда бўлишига сабабчи бўлиб қолиши мумкин.

Шундай экан, қўяётган исмларимизга эътибор қилайлик.

Аввало: энг яхши исм Абдуллоҳ, Абдураҳмон каби исмлар ва Муҳаммад, Иброҳим, Мусо, Ийсо, Яҳё, Закариё, Оиша, Хадича, Ҳумайро ва ҳоказо.

Қолаверса маъно жиҳатидан яхши бўлган исмлар ҳам жоиз.

Шу ўринда нозик масала борки, у ҳам бўлса пайғамбарлар исмини қўйиш. Баъзилар пайғамбарлар алайҳимуссалом исмларини қўйиш болага оғирлик қилади,  қўйиш жоиз эмас дейишади.

Аммо бу нотўғри сўз. Пайғамбарлар исмини қўйиш жоиз ва савобли амалдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Фарзандларингга)  менинг исмимни қўйинглар! Кунямни қўйманглар. Чунки мен сизнинг ўртангизда (илмни) тақсимловчи қилиндим”, деб айтганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Аммо баъзи исмлар борки, улар маъно жиҳатидан қўйишга нолойиқ бўлиб ўзгартириб олиш лозим.

Масалан: Саври (буқа), Маҳзуна,  Болта, Теша, Бўри, Қўчқор ва ҳоказолар.

Яна бир масала борки исм ўзгартирилганда қилинадиган махсус амал йўқ. Оддийгина исм ўзгартириб қўйилади, холос.

Бошқатдан азон айтилиб, ақиқа қилиниб ўтирилмайди.

Суннатуллоҳ Абдулбосит

2805 марта ўқилди

Мақолалар

Top