Мақолалар

Озодлик – энг тотли неъмат

Эркин ва озод яшаш шукуҳини бу неъматдан маҳрум бўлганлар кўпроқ ҳис қила олади.

Инсоннинг озодликдан маҳрум этилиши билан ҳаёти тубдан ўзгариб кетиши сир эмас. Панжара ортида, тўрт девор ичида, энг ёмони, яқинлари дийдоридан маҳрум кишининг қандай руҳий азоб чекишини тасаввур қилишнинг ўзи қийин.

Айнан шундай вазиятга тушганлар яқинлари бағрига бир йил, бир ой, ҳатто бир кун бўлса-да эртароқ қайтишининг ўзи катта бахт.

Мамлакатимизда байрамлар муносабати билан эълон қилинаётган афв акти кўплаб кишиларга ана шундай туйғуни тақдим этмоқда. 

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан эълон қилинган фармон байрам арафасида юзлаб кишиларга озодлик неъматини туҳфа қилди. Бу ҳужжат, ўз навбатида, юзлаб хонадонда умид чироқларини ёқди. 

Албатта, жазони ўтаётган шахслар қилмишларига яраша жазо олган. Бироқ, инсон зоти борки, хатодан ҳоли эмас. Муҳими, хатодан хулоса чиқариш, қилмишдан пушаймон бўлиш, эгри йўлни тарк этиб, тўғри яшашга аҳд қилишдир. 

  Фармонга мувофиқ афв этилган 104 нафар шахс ҳам қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтганлардир. 

Афв этилганларнинг 13 нафарини чет эл фуқаролари, 9 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 1 нафарини аёл ҳамда 21 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этди.

Афв этилганлар орасида ангренлик Сардор Жўраев ҳам бор. Унинг айтишича, Ангрендаги конлардан бирида меҳнат қилаётганида жамоасидагилар билан бирга олтин конидаги тақиқланган ҳудудга киришган. Шунинг учун у 2 йилдан ортиқроқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. 

- Озод этилишимга ҳали тўрт ой бор эди, - дейди Сардор. -  80 га кирган онам, оилам, айниқса уч фарзандим йўлимга интизор эди. Муддатидан олдин афв этилганимдан жуда мамнунман. Мана шундай имкниятлар борлигидан, берилганидан миннатдорман. Имкон қадар тезроқ ишга тушиш, иложи бўлса эски ишимга тикланиш умидидаман. Ахир хатоимдан тўғри хулоса чиқардим, энди фақат ҳалол меҳнат қилмоқчиман. Президентимиз кечириб турганида, кон бошлиқлари ҳам мени кечирса керак. 

Наманганлик Муҳиддин Хуррамовнинг беш йилга озодликдан маҳрум этилгани оиласини қийин аҳолга туширган. Тўрт фарзанд ота қамалгач боқувчисиз қолишди. Бунинг устига яшаш хонадони кредитга олинган эди... 

- Акам фермер эди. Менга қизимнинг операциясига катта пул керак бўлиб қолди, - деб хотирлайди Муҳиддин. – Шунга фермерлик қилаётган еримиздан бир қисмини сотмоқчи бўлдим. Аммо пул олаётганимда мени ушлашди. Шу тариқа беш йилга озодликдан маҳрум этилдим. Тўғри, катта хато қилганман. Аммо кейин бундан пушаймон бўлиб, хатоимдан хулоса чиқардим. Ҳали жазо муддатимнинг ярмини ҳам ўтамаган бўлсам ҳам Президентимизга аҳволимни тушунтириб, афв этишларини сўраб ёзган мурожаатим қаноатлантирилди. Буни эшитган пайтим қувончимнинг чеки бўлмади. Бунга энди ҳалол меҳнат қилиб жавоб қайтармоқчиман. 

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси ахборот хизматидан маълум қилишларича, айни пайтда фармон тўлиқ ижро этилган. Жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган, фармон билан афв этилган шахсларнинг барчаси озодликка чиқарилган. Уларнинг барчаси ўз уйларига етиб борган. 

 

                                                                  Норгул Абдураимова, ЎзА

2072 марта ўқилди

Мақолалар

Top